Гол уриш мана бунақа бўлади! Ўзбек легионери биринчи хет—трикни қайд этди!

Беларусь чемпионати олий лигаси қизғин давом этмоқда. Энг аҳамиятлиси, таркибида ўзбекистонлик футболчилар бор икки жамоа – БАТЭ ва “Энергетик-БГУ” мусобақа жадвалининг дастлабки икки поғонасини эгаллаб турибди.

Бу йил чемпионлик учун асосий даъвогарга айланган БАТЭ олтинчи турга келиб, илк бор очко йўқотди. Кетма-кет бешта ўйинда зафар қучган борисовликлар учинчи ўринда бораётган “Динамо-Минск” майдонидан 2:2 ҳисобидаги дуранг билан қайтди.

Ўтган мавсумда БАТЭнинг етакчиси бўлган Шаҳбоз Умаровнинг “қора кунлари” давом этмоқда. Борисовликлар бош мураббийи Александр Михайлов мавсумолди йиғинида ўзига бош кўтарган ўзбек футболчисини майдонга яқинлаштирмаяпти.

Журналистларга Умаровнинг умумий гуруҳда шуғулланаётганини айтган Михайлов бу гал ҳам Шаҳбозни қайдномага киритгани йўқ. Бу кетишда ҳужумкор футболчимиз ёзги танаффусгача бирорта ўйин ўтказа олмаса керак. Балки Шаҳбоз Умаров захирада ўтириб, истеъдодини увол қилганидан кўра, мавсумлар оралиғида БАТЭдан кетгани маъқулдир.

24.01.2021_bate_isloch_sparing_52

Ўтган йилги чемпионатни аутсайдерлар қаторида якунлаган “Энергетик-БГУ” бу гал ўзбек футболчилари ёрдамида юқори ўринларга даъвогарлик қила бошлади.   Олтинчи турда “Нёман” клуби меҳмони бўлган пойтахтлик “талабалар” йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди.

Ўйин қаҳрамони шубҳасиз Бобур Абдухолиқов бўлди. Қашқадарё футболи тарбияланувчиси мезбонлар дарвозасига учта тўп киритди. Бу жорий мавсумда Беларусь олий лигадаги биринчи хет-трик сифатида қайд этилди.

Истеъдодли ёш ҳимоячимиз Абдулқодир Ҳусанов ҳам мудофаа чизиғидаги вазифаларини уддалаш билан бирга ўзи ҳам ҳужумга ўтиб, легионер сифатида биринчи тўпини киритди.

Қизиғи, рақиб жамоанинг ягона жавоб тўпи ҳам “Энергетик-БГУ”даги яна бир ҳамюртимиз Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ҳисобига ёзилди. Ярим ҳимоячимиз рақиб ҳужумини бартараф этишда ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Автогол.

Шу тариқа, “Нёман” мавсумдаги биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди. “Энергетик-БГУ” жамоаси эса очколари сонини 13 тага етказиб, пешқадам БАТЭни таъқиб қилишни давом эттирмоқда.

Бобур Абдухолиқов олтита учрашувда саккизта гол билан тўпурарлар пойгасида яққол пешқадам бўлиб турибди. Ҳамюртимизнинг энг яқин таъқибчилари – Дембо Дарбо (“Шахтёр-Солигорск”) ва Егор Богомольский (“Минск”) ҳисобида тўрттадан аниқ зарба бор.

Шунингдек, Бобур учта голли пас узатган ҳолда гол+пас тизимида 11 балл жамғарган ҳолда чемпионатнинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.

20220502165542

Беларусь олий лигасининг еттинчи турида “Энергетик-БГУ”ни муҳим  баҳс кутиб турибди. Минслик “талабалар” 7 май куни ўз майдонида амалдаги чемпион “Шахтёр-Солигорск” жамоасини қабул қилади.

Шаҳбоз Умаровнинг хизматларидан фойдаланмаётган БАТЭ эса, шу куни ўз майдонида “Витебск” футболчиларига қарши саф тортади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!