"Металлург" 12 нафар футболчи ва 2та мураббий билан хайрлашди!

Хабар берганимиздек, Бекободнинг “Металлург” жамоаси янги мавсумга тайёргарликни бошлади.

Дастлабки йиғин куниёқ жамоада бир қатор жузъий ўзгаришлар бўлганлигини кузатиш мумкин. Жамоанинг ўтган йилги асосий таркиби ўзаги сақлаб қолингани ҳолда янгиланиш сари катта қадам ташланганлигини пайқаш қийинмас. Аввал маълумот берганимиздек, клуб раҳбарияти жамоага бир қатор янги ўйинчиларни таклиф этди. Улар орасида Фозил Мусаев, Исломбек Исоқжонов, Аббос Отахонов, Ҳакимхон Аламхонов, Шоҳназар Норбеков, Эргаш Исмоилов, Забихилло Ўринбоев, Ихтиёр Тошпўлатов сингари тажрибали ўйинчилар қаторида кўрикка таклиф этилган янги номларни ҳам учратиш мумкин. Янги мавсумда “Металлург” шарафини ҳимоя этувчи якуний таркиб эса қишки ўқув-машғулот йиғини циклида аниқлаб борилади.

Ўз ўрнида бир неча мавсум “Металлург” шарафини ҳимоя этган бир қатор ўйинчилар билан клуб дўстона хайрлашганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Янги мавсум арафасида фаолиятини бошқа клубларда давом эттиришни ихтиёр этган Акбар Исматуллаев, Камолиддин Тожиев, Станислав Андреев, Акмал Турсунбоев, Муҳаммад Исаев, Иван Нагаев, Абдураҳмон Абдулҳақов, Шаҳзодбек Нурматов, Дилшод Раҳматуллаев, Маҳмуджон Қудратиллаев, Руслан Розиев ҳамда мураббийлар Анатолий Курлаев ва Петр Гизимчуклар бекободликларни тарк этди. 

"Металлург" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!