Суперлига 11-туридан ўрин олган “Металлург” – “Навбаҳор” (2:2) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “лочинлар” бош мураббийи Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Ўйин темпи яхши бўлди, натижа ҳам адолатли. Биз ҳам ғалабага яқин келдик, “Металлург” ҳам ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Умуман олганда эса, устунликка эришдик, кўплаб ҳужумлар уюштирдик.

- Жамоа 0:2га ютқазаётганди, ниманинг эвазига ҳисобни тенглаштирди?

- Менимча, биринчи навбатда, бу жамоада характер, ирода ва куч борлигидан далолатдир. Аввалги матбуот анжуманларида футболчиларнинг жисмоний томонлама тайёр эмасликлари ҳақида гап бўлганди. Агар йигитлар тайёр бўлишмаганда, 0:2 ҳисобини тенглаштира олишмасди. Шунингдек, алоҳида футболчиларнинг маҳоратини эътироф этиш лозим. Албатта, таркибимизда шунақа ҳужумларни бошлайдиган, давом эттирадиган ва самарали якунлайдиган ўйинчилар кўп бўлишини хоҳлайман. Муҳими, футболчиларимиз вазият мураккаблашганига қарамай, учрашувнинг боришини ўзгартириб, голлар уришни уддалашди.

- “Навбаҳор” бугунги кучли рақиб майдонида қайд этилган дурангдан қониқдими?

- Сўнгги 20-25 дақиқанинг боришидан келиб чиқсак, бугунги натижадан қониқмадим. Голлар урганимиздан кейин ҳам ташаббусга эришдик, яна имкониятлар вужудга келди, аммо улардан фойдалана олмадик. Албатта, ғалаба қозонишимиз мумкин эди, шу боис, дурангдан кўнглим тўлмади. Умуман олганда, сафарда дуранг ўйнаб, уйдаги барча ўйинларда ғалаба қозониш эвазига чемпион бўлиш ҳам мумкин.

- “Навбаҳор” аввалги 10 та ўйинда 9 та гол урди. Бу кам эмасми?

- Мен учун кўпроқ ҳужум уюштиришимиз муҳим. Янада кўпроқ голлар уришимиз мумкин эди, лекин ҳужум чизиғида муаммомиз бор. Буни мутахассис бўлмаганлар ҳам пайқашлари мумкин. Аммо ишлашда давом этамиз. Мана, сўнгги 3 ўйинда 6 та гол урдик. Албатта, ҳолатни яхшилашга астойдил уриняпмиз, лекин бошқа жамоалар ҳам бир жойда тўхтаб қолмаяпти.

- Кейинги турда жамоангиз водий дербисида “Андижон”га қарши ўйнайди. Мазкур баҳс борасида нима дея оласиз?

- У дерби бўладими ёки оддий ўйинми, барчаси кескин курашлар остида кечмоқда. Кечаги учрашувларда ҳам кўрдик, жамоаларнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўрни қандай бўлишига қарамай, беллашувлар муросасиз тарзда ўтди. Бизнинг бугунги ўйинимиз ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ўйинлар шундай темпда ўтадиган бўлса, бу футболимиз ривожига хизмат қилади. Истагим – майдонда сифатли ҳаракатларни амалга оширадиган футболчилар кўпайсин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар