Гвардиола Ҳусановни “Ливерпуль”га қарши муҳим ўйин олдидан алоҳида тилга олди
“Манчестер Сити” Англия клублари орасидан биринчи бўлиб, мавсумнинг илк совринини қўлга киритган эди. Хосеп Гвардиола шогирдлари яқинда Англия лигаси кубоги финалида жорий чемпионат пешқадами “Арсенал”ни 2:0 ҳисобида енгиб, ютуқ эгаси бўлди.
Финалда жуда ишончли ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов профессионал фаолияти давомида легионер сифатида илк нуфузли совринига эга чиқди.
Энди манчестерликларни яна бир муҳим тўқнашув кутмоқда. “Шаҳарликлар” ўз мухлисари кўз ўнгида Англия кубоги чорак финалида мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Ливерпуль” билан куч синашади.
Бу учрашув олдидан Хосеп Гвардиола марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ва ярим ҳимоячи Нико Гонсалеснинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
- Абдуқодир Ҳусанов ва Нико Гонсалес — бу ўз ҳолатига ҳеч қачон кўникиб қолмайдиган ва ҳеч нарсани ўз-ўзидан бўлади, деб қабул қилмайдиган ўйинчилар.
Улар тинимсиз қаттиқ меҳнат қилади ва ҳатто беш дақиқа ёки бир дақиқага бўлса ҳам майдонга тушишга ҳар доим тайёр. Жамоада бундай ўйинчилар борлигидан мамнунман, - деди Хосеп Гвардиола City Xtra нашрига.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган cityxtra.co.uk сайти экспертлари ҳам Абдуқодир Ҳусанов “Ливерпуль” билан бўладиган кубок ўйинини асосий таркибда бошлашини кутмоқда.
- Ушбу мавсумда икки марта жамоанинг “ой футболчиси” бўлган ягона ўйинчи – Абдуқодир Ҳусанов бир неча бор дунёнинг энг кучли ҳужумчиларига қарши туришга қодир эканини исботлади ва бу ўйин унга буни яна бир бор намоён қилиш имконини бериш зарур.
“Ливерпуль” бу мавсумда қийинчиликка дуч келаётган бўлса-да, жамоада ҳали ҳам ҳар қандай ҳимояга муаммо туғдиришга етарли ҳужум салоҳияти бор ва Абдуқодир Ҳусановнинг тезлиги ҳамда куч-қуввати бу таҳдидга қарши идеал жавоб бўлиши аниқ, - деб ёзди мазкур манба эксперти Жош Уэбб.
“Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” ўртасидаги Англия кубоги чорак финал учрашуви 4 апрель куни Тошкент вақти билан соат 16:45 да бошланади.
Фикрлар