ЎФА футзал терма жамоамизни тақдирлади

Ўзбекистон футбол ассоциациясида Литвада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси футзалчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, футзал делегацияси раҳбари Жаҳонгир Усмонов ҳамда ассоциация бош котиби Аваз Максумов иштирок этишди.

футзал2

Равшан Эрматов футзалчиларни ЎФА президенти Абдусалом Азизов номидан, қолаверса, бутун футбол жамоатчилиги номидан мундиалда қайд этилган тарихий натижа билан табриклади. Ушбу натижанинг ортида катта саъй-ҳаракатлар ва жамоавий меҳнат ётганини таъкидлаб ўтди.

футзал

Футзалчиларимиз йил бошидан бери Таиланд, Испания ва Португалияда йиғинлар ўтказди. Ўз қитъасида  етакчи ҳисобланган ва жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган Аргентина, Испания, Португалия, Эрон ва Венесуэла каби жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишди. Терма жамоанинг жаҳон чемпионатига етарлича тайёргарлик кўриши учун керакли барча шароитлар тақдим этилди.

футзал4

Футзал терма жамоамизнинг анча ёш бўлганлиги сабабли кейинги мусобақаларда янада юқори натижалар қайд этишларига ишонч билдирилди. Ўз навбатида жамоа номидан терма жамоа сардори Рустам Умаров ЎФАга эътибор учун миннатдорчилик билдирган ҳолда ассоциация музейига эсдалик совғасини топширди. Тадбир якунида футзалчилар пул мукофотлари билан тақдирландилар.

ЎФА матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)