Ўзбек профиси бир ой ичида АҚШ ва Колумбияда уч боксчини нокаут қилди!

Бокс – Ўзбекистонда энг яхши ривожланган ва оммавий спорт турларидан ҳисобланади. Кейинги йилларда юртимиздан мунтазам равишда кучли боксчилар етишиб чиқмоқда. Ўзбек бокс мактаби дунёда энг зўрлар қаторида эътироф этилади.

Айниқса, кейинги йилларда ҳаваскор боксчиларимиз ўзлари иштирок этаётган ҳар қандай мусобақа, хусусан Олимпия  ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли турнирларда ўзини кўрсатиб, юқори марраларни забт этиб келмоқда.

Ўзбекистонлик боксчилар учун нисбатан янги йўналиш – профессионал жангларда ҳам ҳамюртларимиз ўз маҳоратини намойиш эта олмоқда. Ўз даврида, Артур Григорян ва Руслан Чагаев профессионаллар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, айни пайтда Мурод Аҳамадилиев икки йўналиш камарини ўзиники қилган.

vP7eSZ15804694052089_l

Бугунги кунда Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Шоҳжаҳон Эргашев, Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев каби боксчиларимиз ҳам жаҳон чемпионлигига даъвогарлар сифатида тилга олинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, профессионал йўналишга ўтган боксчиларимизнинг аксарияти ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда чиниққан, пишган ва катта тажриба тўплаган. Уларнинг барчаси кучли техника, мустаҳкам ҳимоя ва залворли зарбани яхши ўзлаштиргани билан ажралиб туради.

Бугунги кунда бокс оламида яхшигина ном қозонган чарм қўлқоп усталари ортидан истеъдодли ёшлар ҳам етишиб чиқмоқда. Ўз ўрнида, улар орасида олдига катта мақсадларни қўйиб, масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда профессионал бокс оламига кириб бораётганлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Гарчи улар аксарият ўзбекистонлик бокс мухлисларига яхши таниш бўлмаса ҳам, тез орада ўз натижалари билан бокс ихлосмандлари меҳрини қозонишига умид қиламиз.

Номдор боксчимларимиз  ортидан етишиб чиқаётган ёш шарм қўлқоп усталаридан бири Отабек Холматов АҚШда шуғулланмоқда. Ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси АҚШнинг “Warriors Boxing Promotions LLC” компанияси билан шартнома имзолади. Бу компания билан Козимбек Мардонов ва Фазлиддин Мелибоев каби боксчиларимиз ҳам ҳамкорлик қилмоқда.

Профессионал рингга қадам қўйганига бир ой бўлганига қарамай, истеъдодли спортчимиз кетма-кет учта жангда нокаут билан зафар қучгани мутахассислар эътиборини тортмоқда.  

Отабек профессионаллар ўртасидаги биринчи баҳсини 13 август куни АҚШда мезбон боксчи Марселло Уильямсга қарши ўтказиб, рақибини соф нокаут билан мағлубиятга учратди  ва илк ғалабасини тантана қилди.

Ўзбек боксчиси иккинчи учрашувда Доминикан Республикаси вакили Карлос Овандога қарши рингга чиқди. Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган баҳсда Отабек рақибини техник нокаутга учратиб, беллашувни муддатидан олдин якунлади.

Америкадаги кетма-кет икки ғалабадан сўнг боксчимиз учинчи жангини ўтказиш учун Колумбияга йўл олди.Куни кеча ўтказилган навбатдаги рейтинг жангида ҳам катта устунлигини намойиш қилган Холматов мезбон боксчи Роберто Лопесни соф нокаутга учратди.

Screenshot_20210817_224433

Отабек Холматов 25 сентябрь куни яна бир бор рингга кўтарилади. Истеъдодли спортчимиз АҚШда ташкил қилинадиган профессионал бокс кечасида ким билан рақобатлашиши ҳозирча номаълум. Айни пайтда промоутерлар унга муносиб рақиб қидирмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар