Қарши аэропортидан репортаж: ҳамманинг кайфияти чоғ, мақсад Ўзбекистонга Кубок билан қайтиш ёхуд Рўзиқул Бердиев сафар олдидан нимани ваъда берди?

5 ноябрь куни Баҳрайн пойтахти Манамада “Ал-Муҳаррақ” ва “Насаф” иштирокидаги бўладиган ўта муҳим ўйин арафасидамиз. Ўзбекистон клублари анчадан бери халқаро майдонларда муваффақият қозонмай қўйганди. Унда ҳам “Насаф” 10 йил илгари ОФК Кубоги ютгани билан мақтанардик. Бу сафар қаршиликларда яна ушбу мусобақани ютиш учун жуда яхши имконият пайдо бўлди.

Айни пайтда “Насаф” клуби Қарши халқаро аэропортида сафарга жўнаб кетиш арафасида турибди. Sports.uz мухбирлари эса жамоанинг Баҳрайнга кетиши олдидан аэропортда репортаж тайёрладилар.

Рўзиқул Бердиев: “Сафардан ижобий натижа билан қайтамиз”

- Бу сизнинг ОФК Кубогида бош мураббийликдаги биринчи финалингиз. Айни пайтда қандай ҳис-ҳаяжондасиз?

- Албатта, биз олдиндан ушбу Кубокни қўлга киритишни мақсад қилгандик. Шунинг учун финални ютишни жуда истаймиз. Ўйлайманки, йигитлар билан ҳар тарафлама яхши тайёргарлик олиб бордик. Индинга бўладиган ҳал қилувчи ўйинда ортимизда турган ҳалқимиз, мухлисларимизни қўллаб-қувватлашини ҳис қилган ҳолда уларни хурсанд қилиш учун сафарга йўл оляпмиз. Бор куч ва маҳоратимизни берамиз.

бердиев10

- Жамоангизнинг кайфияти қандай? Футболчилар ўйинга қанчалик тайёр?

- Барчаси аъло даражада. Фақат рақибни у даражада чуқур ўрганишимизга етарлича имконият бўлмаган бўлиши мумкин. Биз кўпроқ ўз ўйинимизга жиддий эътибор қаратамиз. Ўйлайманки, сафардан ижобий натижа билан қайтамиз.

- Қизиқ савол: ўз вақтида ЦСКА УЕФАни ютган-ку. Учрашувдан аввал Валерий Газзаев агар жамоам ютадиган бўлса, мўйловимни олдириб ташлайман, дея ваъда берган. “Насаф” ОФК Кубогини ютадиган бўлса, сиз нимани ваъда берасиз?

- (Кулади) Шахсий нимани ваъда беришимни билмадим. Мабодо, сочим бўлганида олдирардим, деган бўлардим (кулади). Асосийси, мухлисларимизни хурсанд қилиб келсак бўлди. Мақсадимиз шу.

Ҳусайн Норчаев: “Биз чемпион бўлиш учун кетяпмиз”

- Финал олдидан нималарни ўйлаяпсиз?

- Ҳамманинг хаёлида ғалаба билан қайтиш. Биз чемпион бўлиш учун кетяпмиз. 10 йил олдинги ғалабани қайтармоқчимиз. Жамоамизнинг кайфияти ҳам аъло даражада. Чемпион бўлиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.

норчаев

- “Ал-Муҳаррақ” клубини қанчалик кучли, деб ўйлайсиз?

- Жамоани ўрганиб чиқяпмиз. Бу – финал! Барчаси 50х50. Меҳмон ёки мезбон жиҳатидан катта аҳамияти йўқ. Барчаси битта ўйинда ҳал бўлади.

- Мухлисларнинг сиздан умиди катта. Ҳал қилувчи учрашувда ўйин тақдирини белгилаб берадиган гол уришингизга ишоняпсизми?

- Бу биргина менга боғлиқ эмас. Футбол жамоавий ўйин. Яхши ҳаракат қиладиган бўлсак, натижа ҳам шунга яраша бўлади.

Шерзод Насруллаев: “Ҳамма рақиб билан ўйнаса бўлади”

- Финал олдидан ҳаяжон кучлими?

- Ҳаммаси яхши. Тайёргарлигимиз ҳам зўр бўлди. Мақсадимиз ғалаба қозониш ва халқимизни хурсанд қилиш. Бундай финал олдидан барча футболчиларда ҳис-ҳаяжон бўлади, деб ўйлайман, бизда ҳам шундай.

нарсуллаев

- Рақиб тўғрисида фикрингиз қандай?

- Бу рақиб билан ўйнасак бўлади. У қадар кучли жамоа, деб айтиш қийин. Шу сабабли, ҳамма билан ўйнаса бўлади.

Марко Станоевич: “Рақибга эътибор бермасдан ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак”

- Финал бу муҳим ўйин. Бор эътиборимизни ушбу ўйинга қаратганмиз. Биз ҳар бир учрашувда бўлгани каби бу сафар ҳам фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Умид қиламанки, ҳаммаси биз учун яхши якун топади. Биз “Насаф”нинг 10 йил олдинги ғалабасини такрорлаш учун боримизни берамиз.

марко_2

- Рақибнинг кучли ва кучсиз томонлари нимада?

- Албатта, рақиб кучли. Ахир финалга чиқди-ку! Агар кучсиз бўлмаганида финалга чиқмаган бўларди. Мураббий кутаётган ўйинимизни кўрсатишимиз ва уларга эътибор бермасдан, ўз ўйинимизни намойиш қилишимиз керак. Ғалаба билан мухлисларни хурсанд қилиш бизнинг асосий вазифамиз.

Умид Эргашев: “Ҳаммасига тайёр бўлиб кетяпмиз”

- Кайфиятимиз аъло даражада. Финал бўлгани билан халқаро ўйинларда биринчи марта ўйнамаяпмиз. Жамоадаги барча тажрибага эга. Мақсадимиз Ўзбекистонга Кубок билан қайтиш.

- Финалда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Пенальтилар сериясига тайёрмисиз?

- Албатта. Биз ҳамма нарсага тайёр бўлиб кетяпмиз, ҳар томонлама. Руҳан ва жисмонан тайёрмиз. Тайёргарлик яхши бўлди.

эргашев2_1

- Рўзиқул Бердиев жамоани қандай руҳлантиряпти?

- Бу биринчи финалимиз, ҳаммамиз тарихга киришимиз мумкин, Ўзбекистон халқи бундай финалларни кўрмаганига ҳам анча бўлганди. Барча мухлисларни ғалаба билан қувонтиришимиз лозим, дея бизни руҳлантиряпти.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар