Отабек Нарзуллаев: "Ўзбекистон чемпионатини кимлардир енгил деб ўйлайди, чемпионатимиз кучайган пайти"

 

Чемпионат аутсайдери – “Машъал” 7-турда Тошкентда “Пахтакор”га қарши майдонга тушди ва яна яна мағлубиятга учради. Учрашувдан кейин жамоани вақтинча бошқариб турган Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида қатнашиб, бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Футболчиларимиз агрессив ўйнашмаяпти, ўзига бўлган ишончи йўқ. Шунинг учун мағлубиятларга учраяпмиз. Ўзимизга-ўзимиз хатолар эвазига фақат ютқазяпмиз. Биринчи таймни кўриб чиқишимиз керак. Иккинчи таймда озгина футбол ўйнадик. Ҳар доим ўйинчиларга айтамиз, ўргатамиз, агрессив ўйнаш керак. Агар футболчи жон-жаҳди билан ўйнамаса, билмадим, бу нима билан боғлиқ? Ҳозирги қийинчилик ҳаммада ҳам бир хил. Шу боис баҳона қила олмаймиз. Мағлубиятни тан оламиз. Яна ишлашни давом эттирамиз.

- Балки молиявий муаммолар жамоа кайфиятига таъсир қилмаяптимикин?

- Барибир ҳаммани оиласи бор. Тўрт ой бўлди, нима деймиз? Бу бизни қўлимизда эмас. Футболчиларни ҳам ўзига яраша ташвиши, оиласи бор. Бу ҳар жиҳатдан таъсир қилади. Лекин, барибир бу қачондир бўлади. Лекин очко қўлдан кетди. Ҳар учрашувда хатоимиз эвазига ютқазяпмиз. Очко оладиган жойимизда очко ололмаяпмиз. Футболчи профессионал бўлиши керак. Ҳар бир киши ўз касбини севиши лозим. Нима учун унда футболни танлади? Ҳамма вақт ҳаёт бир хилда давом этмайди-ку. Меҳнат қилиш керак, майдонга чиқдими, жон-жахди билан ўйнаш керак. Тажовузкор футбол нимадан иборат? Қаерда бўлса ҳам шунақа футбол ўйнаш даркор. Ҳар қандай вазиятда ҳам клуб учун, ўз шаъни учун жонини бериш керак, деб ўйлайман. “Пахтакор” барибир кучли жамоа, тан олиш керак. Охирги дақиқаларда имкониятимиздан фойдалансак балки дуранг бўлиши ҳам мумкин эди.

- “Машъал”га “Пахтакор” билан ўйинларда нима етишмаяпти? Рақибнинг номи, босими халақит қилмадими? Ёки тажрибами?

- Ўша кунга ким ҳар томонлама тайёр бўлса, ўша ғалаба қозонади. Қаердадир якка курашларда ютган жамоа ғалаба қозонади. Агар сиз якка курашларда ютқаздингизми, бу мағлубият дегани. Биз якка курашларда ютқазяпмиз, тажовузкор футбол ўйнамаяпмиз. Биз футбол ўйнайдиган жамоамиз. Нимагадир футбол ўйнамаяпмиз. Бу бизни ҳайрон қолдиряпти.

- Ҳар ўйинда камчиликларни кўриб чиқамиз деб айтяпсиз. Фикрингизча, тўғрилаб бўлмайдиган камчиликлар қайсилар? Фақат молиявий жиҳат бўлмаса керак?!

- Тўғри айтяпсиз. Биз ҳар ўйинда яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Футбол ўйнашни, гол уришни бошлаяпти. Хато эвазига мағлуб бўляпмиз. Биз кўп нарсаларни қўйиб юборганмиз. Ўшаларни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз, вақт керак бўлади. Бу нарсаларни раҳбарият кўриб чиқиши керак. Балки яхшироқ мураббий олиб келинса яна яхшиланиши мумкин. Буни раҳбарият ҳал қилади. Биз қўлимиздан келганича жон-жаҳдимиз билан ишлаяпмиз. Жамоа футбол ўйнаяпти, яхши жамоаларга гол уряпмиз. Барибир ҳозирги ҳолатимизга биринчи ўринда натижа керак бўлади.

- Яхши мураббий керак деяпсиз. Игорь Суров бутунлай кетдими? Чунки ўйинларда асосан сизни кўряпмиз. Суровда бетоблик бор деб эшитгандик.

- Ҳа, у касал. Қароргоҳимизда даволаняпти. “Навбаҳор”, “Бунёдкор” ва “Пахтакор” билан учрашувларга жамоани мен тайёрладим. Бош мураббийни алоқаси йўқ. Суров шамоллаган, клуб қароргоҳида. Уни раҳбарият ҳал қилади. Учта учрашувга жамоани биз тайёрладик ва уни айблай олмаймиз. Ҳамма кўриб турибди: 4 та тур қанақа ўйнади ва қолган турларда қанақа ўйнаяпти? Бу – футбол ва ҳамма ҳам хато қилади. Ўзбекистон чемпионатини кимлардир енгил деб ўйлайди. Ўзбекистон чемпионати кучайган пайти. Янги мураббий келгани билан бирдан киришиб кетиши қийинроқ деб ўйлайман. Шу жиҳатдан анча оқсадик, деб ўйлайман.

- Нигериялик ўйинчи учта учрашувдан бери қайдномада кўринмаяпти...

- Ўтган турларда қайдномада бор эди. Уни оилавий муаммоси борлиги учун кела олмади. Бизга ёрдам бера олмайман деб айтди. Шу боис уни қароргоҳимизда қолдирдик. Оиласи билан боғлиқ муаммоси борлиги учун руҳий тарафлама тайёр эмасди. Машғулотларда ҳам уни хаёли уйида эканлиги кўринди. Шу сабабли олиб келмадик. Қолган учрашувларда захирада бор эди, фақат бу сафар йўқ эди.

- Биламизки, “Машъал”ни мақсади жон сақлаб қолиш. Май ойида эса Кубок баҳслари ҳам бошланади. Жамоани иккита фронтда курашишга қуриб етадими? Ёки қурбон қилишга мажбур бўладими?

- Фикримча, бу нарсани қилиш қўлимиздан келади. Аммо фақат мураббийни айтгани билан бўлмайди. Футболчилар майдонда ўйнайди. Мураббий ҳамма вақт ғалабани хоҳлайди. Агар футболчилар хоҳламаса Гвардиолани олиб келсангиз ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Биз яхшилаб ҳар бир ҳолатни ўйлаб кўрамиз. Бизга биринчи навбатда чемпионат керак. Кубокка ҳам ҳаракат қиламиз. Ёшларни текшириб олишимиз учун ҳам бу яхши вазият. Бизга асосан чемпионат керак, деб ўйлайман.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!