Расман: Тожикистон футбол федерацияси Усмон Тошев билан ҳамкорликни тўхтатди
Ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев шартнома муддати тугагани учун Тожикистон терма жамоасини тарк этди, - дея хабар бермоқда Тожикистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Унинг қўли остида Тожикистон жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичи доирасида “F” гуруҳида қатнашган ҳолда иккинчи ўринни банд этди.
"Уч йил давомида Тожикистон терма жамоаси бош мураббийлигидаги фаолиятим мобайнида мени қўллаб-қувватлаган ва доимо илиқ муносабатда бўлган раҳбариятга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Мураббийлик фаолиятим ва ҳаётимнинг ушбу қисми ҳамиша юрагимда қолади. Менинг иккинчи уйимга айланиб қолган Тожикистонни ҳамма вақт ёрқин хотиралар ҳамда яхшилик билан эслайман.
Қўл остимда тўп сурган барча футболчиларга, мен билан бирга ишлаган терма жамоа ходимларига ҳам раҳмат айтаман. Шунингдек, бизни фаол равишда қўллаб-қувватлаб келган мухлисларга ҳам алоҳида раҳмат айтмоқчиман.
Терма жамоани тарк этар эканман, шуни айтишим керакки, у ерда биз аҳил оилани ташкил этишга муваффақ бўлдик. Тожикистон терма жамоасининг “Осиё Кубоги-2023” йўлланмасини қўлга киритишига ишонаман. Доим Тожикистон терма жамоасига чин қалбимдан мухлислик қиламан. Барчага омад тилайман ва яна бир бор ҳаммага қўллагани учун раҳмат", - деди Тошев.
Ўз навбатида Тожикистон футбол федерацияси Усмон Тошевга ҳамкорликдаги самарали фаолияти учун миннатдорлик билдиради ва келажакдаги мураббийлик фаолиятига омад тилаб қолади.
Эндиликда Тошев бор эътиборини “Бухоро” клубидаги фаолиятига қаратади.
P.S.Тез орада Усмон Тошев билан уюштирилган суҳбатни Sports.uz сайтида ўқишингиз мумкин.
Фикрлар