Рўзиқул Бердиев: "Финалда яхши ўйнаб, мақсадимизга эришишга ҳаракат қиламиз"

“ОФК Кубоги-2021” финал учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва жамоа сардори Умар Эшмуродов иштирок этишди.

Рўзиқул Бердиев: - Эртага бизни финал кутяпти. Иккала жамоа ҳам финалга осонликча етиб келмади. Шу сабабли иккала жамоа ҳам борини бериб майдонда ҳаракат қилади.

Рақиб жамоани яхши ўргандик. Рақиб – жуда шаклланган жамоа. Таркибида маҳоратли футболчилари кўп. Анча тартибли ўйнайди. Йигитларга рақиб тўғрисида тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қилдик.

Балки иссиқ об-ҳаво бироз қийинчилик туғдириши мумкин, лекин бу баҳона бўла олмайди. Қандай қийинчилик бўлса-да, биз финал учрашувида жуда яхши ўйнаган ҳолда асосий мақсадимизга етишишга ҳаракат қиламиз.

Финал – битта ўйиндан иборат. Тўғри, мусобақа тўпурари, ассистлар етакчилари, кўп гол урилганлиги каби рақамлар ва статистикалар биз тарафимиздадир. Лекин олдинги ўйинлар натижаларини унутган ҳолда бор эътиборни олдиндаги ҳал қилувчи баҳсга қаратамиз.

Умар Эшмуродов: - Эртага мухлисларимизни, халқимизни чиройли ғалаба билан хурсанд қилиш учун майдонга тушамиз ва боримизни берамиз.

ПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!