Сени Моуриньо кутяпти, тезроқ кетгин!

“Тоттенхэм” раҳбарияти клуб тарихидаги энг қиммат трансфер эгаси Танги Ндомбеледан тезроқ қутилишга ҳаракат қиляпти.

Франциялик ярим ҳимоячи учун “Тоттенхэм” 2019 йилда 63 миллион фунт миқдорида маблағ сарфлаган эди. Ҳозирги пайтда бу ўйинчи мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлай олмади. “Тоттенхэм”нинг Англия кубоги доирасида “Моркама” жамоасига қарши ўтказилган учрашувида ишқибозлар Ндомбелеге ҳуштаквозлик қилиб, ундан норозилигини билдирди.

25 ёшли футболчи имкон борида клубдаги ўрнини сақлаб қолмоқчи. Бироқ мутасаддилари уни тезроқ бошқа жамоага ўтказиб юбориш мақсадида Испания ва Италия клублари билан музокара бошлаган.

Ндомбелега Жозе Моуриньо ҳам қизиқмоқда. У авваллари ўзи чиқиша олмаган собиқ шогирдини “Рома”га олиб келмоқчи.

Тангининг лондонликлар билан шартномаси якунланишига яна уч ярим йил вақт бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!