Ниҳоят, Суперлига дебютанти - “Турон” клуби мавсумдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди. 12-турда ўз уйида “Металлург”ни қабул қилди ва 2:0 ҳисобидаги муҳим уч очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Бош мураббийлик лавозимига Игорь Шквирин тайинланганидан кейин “Турон” иккита ўйин ўтказиб, бир дуранг ва бир ғалаба қайд этди. У ўйинларга таркибни ҳам тўғри танлай олди.

Бундай муҳим паллаларда етакчи футболчиларнинг роли катта аҳамиятга эга. Айниқса, тажрибали ярим ҳимоячи Фозил Мусаевга Шквирин катта ишонч билан қараяпти. Ушбу футболчи sports.uz учун ўзининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

“Металлург” қандай мағлуб этилди?

- “Металлург” клубига қарши ўйин қийин бўлди. Бекободликларни ҳам яхши жамоа эканлиги билиниб турганди. Уларни таркибида ҳам яхши ўйинчилари бор ва илгари улар яхши жамоаларда ўйнаган. Биласизми, “Турон”га Игорь Шквиринни келгани ҳам қўл келди, деб ўйлайман. Ўйин услубимиз бўйича ҳам ўзгариш сезиляпти. Йигитларда мотивация кучайиб боряпти.

мусаев_5

Игорь Шквирин жамоада нимани ўзгартирди?

- Аслида Игорь Анатольевични жамоамизга келганига кўп вақт бўлмади. Шунинг учун ҳали кўп нарсани ўзгартирди, деб айта олмайман. Лекин футболчиларга мотивация беряпти. Майдонда қандай ўйнаш кераклигини ва нимани хоҳлаётганини бир неча кун ичида тушунтирди. Аммо мураббийнинг барча ўйлаганларини амалга татбиқ этиш учун барибир вақт керак бўлади. Шунга қарамай, Игорь Шквириннинг биздан нимани хоҳлаётганини ўйинчилар яхши тушуниб туришибди. Шунинг эвазига “Металлург”га қарши учрашувда яхши натижа кўрсатдик. Тўғриси, шу куни омадимиз ҳам чопди. Шквирин келганидан кейин омад ҳам келди.

Ғалабасиз ўйинлар кайфиятга қанчалик таъсир ўтказди?

- Албатта, ғалабасиз ўйинларнинг кайфиятга таъсир қилиши аниқ. Чунки олдин бундай ҳолатда бўлмаганман. Шу боис ғалабасиз учрашувларимиз барчанинг кайфиятига таъсир ўтказди. Аммо Шквиринни келганидан кейинги илк ғалабамизни фақатгина омад билан ҳам боғлаш қийин. Негаки, мураббийни ўз ўйин услуби бор. Масалан, ўйиндан аввал биздан нимани хоҳлаётганини ва қандай тўп суришимиз кераклигини тушунтирди. Омадсиз эса ҳеч нима бўлмайди. Шунинг учун юқорида айтганимдек, Игорь Анатольевич билан бирга омад ҳам кела бошлади, илоҳим бу давомли бўлсин.

мусаев5

Таркиб қай даражада кучайтирилиши керак?

- Игорь Шквиринни бунгача бир қатор клубларда ишлагани, тажрибаси борлиги ва ўзининг ўйин услубига эга эканлиги билиниб турибди. Бир сўз билан айтганда, унинг яхши мураббийлиги аниқ. Ўйинлар борасида келсак, менга қолса таркибни кучайтиргани яхши, албатта. Ҳар бир позицияда рақобат янада ортса ва яхши савиядаги ўйинчилар кўпайса, бу жамоага ҳар томонлама қўл келади. Позицияларда икки-учтадан футболчининг бўлиши ўз навбатида рақобатни ҳам кучайишига олиб келади. Шу боис, иложи борича таркибдаги ҳар бир чизиқни кучайтирса яхши бўларди. Барибир кимни таклиф қилиш, қайси позицияларни кучайтиришни мураббийлар ва раҳбарият билади. Футболчи сифатида айтишим мумкинки, жамоага қанча кўп яхши ўйинчи келса, шунча фойдали бўлади.

Мусаев “Турон”да қоладими?

- Мени “Турон” билан шартномам бор. Ҳали бирор жойга кетиш режамда йўқ. Бу масалада ҳеч ким билан гаплашмадим ҳам. “Турон”да ҳаммаси яхши. Фақат ғалабалар бўлса бўлди. Бизда ҳамма шароит бор, маблағ томонлама муаммо йўқ. Шу боис, бу ердан кетиш режамдан ўрин олмаган. “Турон”да қолиб шартномам охиригача амал қилмоқчиман. Хаёлим фақат “Турон” билан боғлиқ. Албатта, мураббий ва раҳбариятнинг иккинчи давра учун режалари қандайлигини яхши билмайман. Агар бошқа клубдан таклиф тушган тақдирда ҳам буни клуб президенти ҳамда мураббийлар билан гаплашган ҳолда ҳал қиламиз ва бир тўхтамга келамиз.

мусаев4_1

Миллий терма жамоага ёрдам беришга кучи етадими?

- Миллий терма жамоа ҳақида жуда кўпчилик фикр билдирди. Тўғриси, мен бу мавзуда бирор нима демоқчи эмасман. Ўйинни ҳамма кўрди. Биз ҳам мухлислик қилдик. Фақат керакли бўлган натижага эриша олишмади. Шу боисдан терма жамоа ҳақида кўп фикр билдирмоқчи эмасман. Агар терма жамоага чақиришса, албатта бораман, кучим етади. Ўзбекистон фуқароси сифатида ҳар доим жамоамизга ёрдам беришга тайёрман.  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Эшалиев Шавкат
04/07/2021 12:03
Терма жамоа ярим ҳимоясида номзодлар етарлича