Шуҳрат Мақсудов: "Фаррух Икромовнинг жароҳатини даволатиш учун сарф-харажатларни ЎФА тўлаб берди"

Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган “Бунёдкор” - АГМК (1:1) учрашувидан сўнг, мезбонлар бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов фикрлари билан ўртоқлашди.

- Қийин ўйин бўлишини билгандик. Чунки “Насаф”га қарши учрашувдан сўнг, таркибда уч нафар йўқотишга дуч келгандик. Умумий ҳисобда эса, йўқотишларимиз сони беш нафарга етганди. Шунинг учун бугун таркибга ёш ўйинчиларни киритишга мажбур бўлдик. Бу аслида яхши, шахсан ўзим ҳам ёшларга имконият беришни маъқул кўраман. Футболчиларга раҳмат! Борларини бериб ҳаракат қилишди. Ўтказиб юборилган голда дарвозамиз томон қўйилган жарима зарбасини кўриб чиқишим керак. Учрашувни ойнаи жаҳон орқали томоша қилган дўстларимни менга берган маълумотига кўра, ўша вазиятда жарима зарбаси қарама-қарши томонга кўрсатилиши керак бўлган.

Нуриллонинг ҳолатини эртага тиббий кўрикдан кейин билиб оламиз. Албатта, кўрикдан кейин жавоб яхши бўлади, деб умид қиламиз. Жароҳатлар кўпайиб кетди. Суперлигада юзага келган танаффус фойдамизга хизмат қилади, деган ниятдаман. Футболчиларим тикланиб олади.

Фаррух Икромовнинг жароҳатини даволатиш учун сарф-харажатларни ЎФА тўлаб берди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз. Фарруҳ билан ўзимиз ҳам ҳар куни алоқадамиз, гаплашиб турибмиз. Яратганга шукр, раҳбарларимиз футболни жуда яхши тушунади. Шунинг учун бизга ҳеч қандай босим бўлаётгани йўқ. “Бунёдкор”нинг номи бор. Ўша номга мос равишда ўйнашни, яхши натижаларга эришишни мақсад қилганмиз.

“Бунёдкор” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!