"Сурхон" спорт директори жамоани тарк этган футболчилар, таркибга кимлар қўшилаётгани ва бош мураббий масаласига ойдинлик киритди

Маълумки, кеча “Сурхон” клубида айрим ўзгаришлар юз бергани ҳақида хабар берилди. Унга кўра, собиқ футболчи Абдумажид Тоиров спорт директори лавозимига тайинлангани расман эълон қилди.

Ушбу мутахассис клуб матбуот хизматига жамоадаги режалар ва таркибдаги ўзгаришлар ҳақида интервью берди.

- Суперлиганинг дастлабки турларини яхши ўтказган "Сурхон" жамоаси, афсуски, биринчи давра якунида натижалари қониқарсиз кўриниш ола бошлади. Айтинг-чи, бу нима билан боғлиқ?

- Суперлига баҳслари бошланганига салкам 4 ойдан ошди. Бу вақт оралиғида "Сурхон" жамоаси Суперлига ўйинларида 12 та ва 3 бор Кубок баҳсларида майдонга тушди. Менинг ўйлашимча, 15 та ўйин 4 ой учун кўп эмас. Йигитлар бемалол ҳаракат қилишлари керак. Жамоанинг қониқарсиз натижалари жароҳатлар ва соғлом рақобат етишмаётганидан. Таркибда рақобат йўқ. Футболчилар захира ўриндиғида унинг ўрнини боса оладиган бошқа футболчи йўқлигини билишяпти ва оқибатда майдонда эркин ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳар бир чизиқда рақобат бўлиши керак. Ҳозирча жамоада рақобатни кўрмадим.

- Кеча Руфат Акрамхўжаев бош мураббийликдан озод этилди. Жамоани энди ким бошқаради?

- Тўғри, Рифат Акрамхўжаев жамоани тарк этди. Янги бош мураббийни раҳбарият билан келишган ҳолда яқин бир ҳафта ичида эълон қиламиз. Ҳозирча жамоани Рустам Арипов ва Баҳром Хайдаров тайёрлайди.

тоиров1

- "Сурхон" жамоасида иш бошлаганингизга салкам 20 кун бўлди. Клубда нималарни ўзгартириш керак?

- Менимча, клубда катта ўзгариш қилиш шарт эмас. Ишчиларни ишга бўлган муносабатини ўзгартириш керак. Ҳар бир ходим ўз ишини сидқидилдан бажариши керак деб ўйлайман. Кейин U-18 ва U-21 жамоаларига эътибор қаратишимиз лозим. Яқинда U-14 ва U-16 чемпионати старт олади. Улардаги ёшларни ҳам диққат билан кузатишимиз керак. Ахир улар "Сурхон" жамоасининг келажаги ҳисобланади. Ёшлар жамоасидан футболчи етишиб чиқмас экан, бизнинг қилаётган ҳаракатларимиз бекор. Шундай экан, уларга кўпроқ эътибор қиламиз.

- Бугундан Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси очилди. Жамоа янги футболчиларни таклиф қиладими ёки шу футболчилар билан мавсумни давом эттирадими? Жамоадаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берсангиз.

- Ўзингиз кўриб турганингиздек, жамоага янги тажрибали футболчиларни таклиф қилмасак бўлмайди. Мураббийлар ва раҳбарият билан келишган ҳолда бир қатор футболчиларимиз жумладан, Элдор Бойматов, Жавоҳир Эсонқулов, Иброҳим Йўлдошев ва Акром Ходжаев билан ўзаро келишган ҳолда уларни бошқа клубга ўтишига рухсат берамиз. Уларнинг ўрнини эса бошқа футболчилар билан тўлдирмоқчимиз.

- Агар сир бўлмаса, айнан кимлар билан музокоралар олиб борилмоқда?

- Бир қатор футболчилар билан деярли келишишга эришдик. Мисол учун, Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасидан ҳужумчи Абдул Азиз Юсуповни таклиф қилдик. Бу футболчи клуб учун бегона эмас. У 2019 йилги мавсумда ҳам жамоамиз шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, Бекободнинг "Металлург" жамоасидаги Никита Павленко ва Маҳмуд Қудратуллаевларни жамоамизга таклиф қилганмиз. Бундан ташқари, про-лига иштирокчиси "Олимпик" жамоасидан Диёр Рамазоновни ҳам таклиф қилганмиз. Россия ёшлар терма жамоаси аъзоси Хабибуллаев билан ҳам музокоралар давом этмоқда. У ҳам жамоамизга келиб қўшилишга яқин. "Локомотив" ва "Навбаҳор" жамоасидаги бир қатор тажрибали футболчилар билан ҳам музокоралар давом этмоқда. "Сурхон" жамоасидан "Олимпик" жамоасига ижарага берилган Шаҳзод Тоировни ҳам клубга қайтармоқчимиз.

тоиров

- Прожектор муаммоси сабаб жамоа Тошкентда уй учрашувларини ўтказишга мажбур бўлмоқда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Прожектор муаммоси сабаб ўйинларни Термизда ўтказа олмаяпмиз. Бу йили жамоа энди Термизда истиқомат қилиб, тайёргарлик кўра бошлаганда бу муаммо сабаб футболчилар яна Тошкентда машғулотлар ўтказишга мажбур бўлмоқда. Албатта, бу кўп сонли "Сурхон" жамоаси мухлисларининг дилини хира қилмоқда. Сизга айтишим мумкинки, вилоят ҳокимлиги томонидан “прожектор” бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хитойнинг илғор компанияларидан бири билан келишувга эришилган ва аллақачон “прожектор”лар буюртма қилинган. Бизга хабар қилишларича, июль ойи охирларида ёритгичлар Хитойдан етиб келади. Насиб қилса, "Андижон" билан бўлиб ўтадиган уй учрашувигача бу муаммо бартараф этилади. Албатта, бу масалада бизга катта ёрдам  кўрсатаётган ҳурматли вилоят ҳокимимиз Тўра Боболовга миннатдорлик билдирамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!