"Укам "Ювентус" билан боғлиқ хабарларни интернет орқали эшитяпти, Италияга бориб, болалар футболи методикасини ўзлаштириб келмоқчиман" - Элдорнинг акаси яна нималар деди?

Элдор Шомуродов айни чоғда Сурхондарёда, ўзи туғилиб ўсган Жарқўрғонда ёзги таътилни ўтказяпти. Италия А сериясида тўп сураётган футболчимизнинг уйга қайтишини эса сурхондарёликлар жуда илиқ қарши оляптилар.

Боиси, Шомуродов билан ўзига хос учрашувлар ва тадбирлар уюштириляпти. Шунинг учун Элдор уйга дам олиш мақсадида келган бўлса ҳам, асло вақтини бўш ўтказишга йўл қўйишмаяпти. Унинг акаси Сурхондарё вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Санжар Шомуродов эса, укасига доимий равишда ҳамроҳлик қилиб келяпти.

БЎСМдаги учрашув

Жарқўрғондаги БЎСМ Элдор учун ўзгача аҳамиятга эга. Боиси, у катта футболга кириб келишининг илк қадамларини ўша ерда ташлаган. “Женоа” ҳужумчисининг уйга қайтишидан фойдаланган мутасаддилар уни БЎСМга таклиф қилдилар. Бу ҳақида Элдорнинг акаси Санжар шундай деди:  

- Болалар Элдорни ўз кумири, деб ҳисоблашяпти. Шу боис у билан учрашув ташкил қилдик. Мақсад Элдорга ўхшаб ҳаракат қилишсин. Укам ўша ерда улғайган, Жарқўрғондаги стадионда футбол ўйнаган. Ҳозирги болалардек ўша ерда катта бўлган. Элдор у ерда таҳсил олаётганларга ҳозирги даражага чиқиши уддалаб бўлмас иш эмаслигини кўрсатмоқчи эди. Ёшлар ҳам олдига тўғри ва аниқ мақсадни қўйса шу даражага етишишини Элдор тушунтирди. Насиб қилса, шунга ўхшаш тадбирни эртага Термизда ҳам ўтказмоқчимиз. Сурхондарёда ҳам унинг мухлислари кўп. Уларнинг илтимосларини ҳеч қачон рад этмайди.

шомуродов_5

“Ювентус”нинг Элдорга қизиқиши жиддийми?

Хабарингиз бор, айни пайтда Италия ОАВ орқали “Ювентус” клуби яна бир бор Элдор Шомуродовга кўз тикаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Sports.uz мухбири футболчининг акаси Санжардан бу ҳақида сўраганида қуйидаги жавобни айтди:

- “Ювентус” билан боғлиқ хабарларни ўзи ҳам, биз ҳам фақат интернет орқали ўқиб билдик. Бу масала бўйича “Женоа” ёки Элдорнинг агентларидан аниқ хабар эшитганимиз йўқ. Укам ҳам ҳамма қатори бу каби янгиликларни интернет орқали ўқиб боряпти. Мавсумолди тайёргарлик бошланганида Элдор ҳам жамоасига қўшилади, балки ўшанда ҳаммаси аниқ бўлар, ҳозир бир нарса дейиш қийин.

У “Кекса синьора”да ўйнашга тайёрми?

Барибир ҳамюртимизга “Ювентус”дек топ-клуб томонидан эътибор қаратилаётгани барчамизни хурсанд қилмасдан қолмайди. Бу бежиз эмас, албатта. Санжар Шомуродов укасини “Кекса синьора” жамоасида тўп суришга тайёр деб ҳисоблайдими?

- Шахсий фикримни айтсам, ҳеч бўлмаса қишгача яна “Женоа”да қолгани яхши, деб ўйлайман. Чунки у жамоасига энди мослашди ва ўзини кўрсатадиган пайт келди. “Ювентус” – бу катта жамоа. Албатта, топ-клубга ўтиб ўйнаб кетса, бундан фақат хурсанд бўламиз. Бироқ “Ювентус”га захирада ўтириш учун бормаслиги керак. Италия чемпионатида ўйнаётганига энди олти ой бўлди. Шуни ҳисобга олиб, менимча яна олти ой “Женоа”да қолгани яхши деб ўйлайман. Элдордан доим яхши натижалар кутамиз. Тўғри, “Женоа”даги ўйинлари давомида ўзига яраша янгиликлар ҳам бўлди. Тезроқ мослашиб кетди. Ҳа, бошида бироз қийин бўлди. Айниқса, тил бўйича унга осон бўлгани йўқ. Энди ҳаммаси жойида, Худога шукр. Элдор Италияга июль ойининг бошларида кетса керак. Ҳозир унга аниқ таклифлар борасида ҳеч гап йўқ. Қачонки, агентлари 100 фоиз таклиф бўлса шундагина Элдорга хабар беришади. Оддий қизиқишлар ҳақида эса ҳеч нима айтилмайди.  

шомуродов3

Катта Шомуродов ҳам Италияга бориб келмоқчи

Шунингдек, Санжар билан мулоқотимиз давомида у Италияга сафар уюштиришни режалаштираётгани ҳақида айтди. Бунга сабаб эса..

- Элдор келганидан бери ўзи билан бемалол ўтириб, гаплашишга вақт бўлгани ҳам йўқ. Кўпинча у билан телефон орқали гаплашиб турардим. Италияда болалар футболига эътибор қандай, кўпроқ нималарга аҳамият қаратишади, деган мазмунда маслаҳатлашиб турамиз. Болаларга тўғри йўналиш бериш ва профессионаликка интилиш бўйича гаплашамиз. Ўзимнинг режам бўйича Италияга бориб келишни ўйлаб турибман. Фақат қачонлиги аниқмас, бу йил ёки келаси йили. Италияда болалар футболида қўлланиладиган методика, улар билан ишлаш услубларини ўрганиб, ўзимизда болалар футболига тадбиқ этиш режамда бор, - дея жавоб қайтарди Санжар.

Вилоят футболида нима гаплар?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Элдорнинг акаси Сурхондарё вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти сифатида ишлаб келяпти. Фурсатдан фойдаланиб, ундан вилоят футболида қандай ишлар қилинаётгани юзасидан ҳам сўрадик.

- Одамни қилаётган ишига ўзи баҳо бермайди. Бунга кузатиб бораётганлар муносабат билдириши мумкин. Ўйлашимча, биз тўғри йўлга тушиб олдик. Икки-уч йил олдин Сурхондарё мусобақаларга чиққанида ҳар доим аутсайдер, очко улашувчи жамоа ҳисобланган. Энди ишни тўғри йўлга қўйяпмиз, ҳужжатлар ва мусобақаларга қатнашиш бўйича ҳам талабни жиддий айтяпмиз. Бу йил БЎСМлар ўртасида футзал бўйича Республика мусобақасида олтита ёш тоифасида иккита жамоамиз чемпионликни қўлга киритишди. Академиялар ўртасидаги мусобақада иккита босқич бўйича тўртта жамоаларимиз қатнашди ва барчаси финал босқичига йўлланма олди. Шунингдек, спорт мактаблар лигаси ўртасида катта футбол бўйича иккита ёш тоифасидаги жамоаларимиз совриндорлар қаторидан жой олди. Кўриб турганингиздек, бор эътиборимизни болалар футболини кўтаришга қаратганмиз. Пойдевор бўлмаса иморат қуриб бўлмайди-ку! Шу боис болалар футболига эътибор бермасак, катта футболни ривожлантиришимиз қийин бўлади деб ўйлайман.

шомуродов2_2

“Сурхон” клуби тўғрисида

Вилоятнинг бош жамоаси – “Сурхон”нинг ўйинлари ҳамда қайд этаётган натижалари сурхондарёликларни асло бефарқ қолдирмайди. Вилоят футболи раҳбари сифатида Санжар “Сурхон” клуби ҳақида ҳам ўз фикри билан ўртоқлашди.

- Ўзингиз ҳам биласиз, “Сурхон” жамоаси ҳозир ёшларга кўпроқ эътибор қаратяпти. Тўғри, натижа қониқарли бўлмаса-да, “Сурхон”ни ўз олдига қўйган мақсади бор. Кўпроқ истеъдодли ёшларга эътибор қаратиб, яқин йиллар ичида “Сурхон”ни яхши жамоага айлантириш кўзда тутилган. Ўринбосарлар жамоасига ҳам эътибор бериляпти. Масалан, ўтган йили ўринбосарлар таркибида ўйнаган бир қатор ёшлар бу йил “Сурхон”нинг асосий таркибида тўп суришяпти. Тўғри, ҳозир клубнинг натижалари унчалик қониқарли эмас. Аммо бир клубни шакллантириш учун камида бир-икки йил вақт талаб қилинади. Мана шу таркиб ўзаги сақлаб қолинса, келаси йили “Сурхон” рақобатбардош жамоага айланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
inson
29/06/2021 03:07
omad
&
Ашуров Бахтийор
29/06/2021 07:15
Бу ниятлар орзулигича қолиб кетмасинда.