Хушхабар! Ўзбекистонлик спортчи 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларига илк йўлланмани қўлга киритди

Тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Комилжон Тўхтаев 2022 йилда Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган XXIV қишки Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. 

Спортчимиз тоғ чанғисининг слалом ва гигант слалом йўналишларида ўтказилган саралаш баҳсларида жамғарилган очколарига кўра қишки Олимпия ўйинлари нормативини бажарди ва 2022 йили Пекин мезбонлигида ўтадиган мусобақага йўлланмани қўлга киритди.

Таъкидлаш керак, Тўхтаевнинг Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишида Ўзбекистон чанғи федерацияси томонидан спортчининг халқаро мусобақалардаги иштирокини саралаш давридан бошлаб стратегик жиҳатдан тўғри режалаштирилганлиги ҳамда “Янгиобод” туристик базаси томонидан молиявий кўмак кўрсатилаётгани муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек, спортчиларимизнинг Европада ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиши ва халқаро мусобақалардаги иштироки Туризм ва спорт вазирлиги томонидан молиялаштирилди. Терма жамоамиз аъзоларининг ўқув-машғулот йиғинлари Италия, Австрия ва Россия Федерациясида ташкил этилди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси қоидаларига кўра, Ўзбекистон ҳозирча тоғ чанғи спорти бўйича атиги 2та йўлланмага (биттадан эркак ва аёл) даъвогарлик қилиши мумкин.

Саралаш даври 2019 йил 1 июлдан бошланган бўлиб, 2022 йил 16 январгача давом этади. Демак, ҳамюртларимизда 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларига яна битта йўлланмани қўлга киритиш имконияти мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, ХХИВ қишки Олимпия ўйинлари Хитойнинг Пекин шаҳрида 2022 йилнинг 8-20 февраль кунлари бўлиб ўтади. 2018 йилда ўтказилган сўнгги қишки олимпиадада Ўзбекистон шарафини чанғичи Комилжон Тўхтаев ҳамда фигурали учиш йўналишида Миша Ге ҳимоя қилган эди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар