“Бавария”да порлаши кутилган аммо бундай бўлмаган 5 футболчи

“Бавария” жамоаси Европада “Барселона”, “Реал” каби жамоалар билан бир қаторда туради ва мюнхенликлар сафида ўзини кўрсатиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Қуйидаги мақоламиз орқали эса “Бавария”да ўзини кўрсатиши кутилган, аммо амалда бундай бўлиб чиқмаган 5 та ҳолат билан сизларни таништирамиз.

Брено(Бразилия) – 21 ўйин, 0 гол(2008-2012)

Немислар ҳар доим ҳам катта маблағларни сарф этишмайди. Аммо “Бавария” скаутлари “Сан Паулу” жамоасининг ёш ҳимоячисини бир ярим йил кузатиб, уни 8 млн еврога сотиб олишга қарор қилишди. Афсуски, Брено Германияда омадсизлик кетидан, омадсизликка учради хамда асосий таркиб учун рақобатни Демикелис, Лусио ва ван Бюйтенга бой берди. Унинг оғир характери эса фаолиятига якун ясади дейишимиз мумкин. Айрим сабабларга кўра, панжара ортида ўтиришга мажбур бўлган Брено ҳозирда озодликка чиққанидан сўнг, мураббийлик билан шуғилланмоқда.

Хосе Эрнесто Соса(Аргентина) – 35 ўйин, 2 гол(2007-2010)

Ёш бўлишига қарамай “Эстудиантес” жамоаси сафида ўзини кўрсата билган ёш ярим ҳимоячи учун “Бавария” 2007 йил 6 млн еврони аргентиналикларга “қуртдек” санаб беришади. 3 мавсум мюнхенликлар сафида тўп сургсан аргентиналик футболчи жамоа сафида 35 ўйинда иштирок этади, холос. Ҳозирда эса бу футболчини “Милан” сафида учратишингиз мумкин.

Марсель Янсен(Германия) – 17 ўйин, 0 гол(2007-2008)

Мёнхенгладбахнинг “Боруссия” жамоаси тарбияланувчиси 9 млн евро эвазига “Алянц-Арена”га таклиф этилган эди. Ундан Зе Роберто хамда Лизаразюларнинг вориси чиқишидан умидвор бўлишган эди. Амалда эса Янсен Филипп Ламга рақобатни бой беради ва “Гамбург”га йўл олади. “Динозаврлар” сафида 7 йил тўп сурган Янсен 2015йилда жамоа унга янги шартнома таклиф этмагач, 29 ёшидаёқ фаолиятини тугатишга қарор қилди.

Лукас Подольски(Германия) – 71 ўйин, 15 гол(2006-2009)

2006 йил катта умидлар билан “Кёльн”дан 7 млн евро эвазига жамоага таклиф этилган Подольскига жароҳатлар панд бериб қўйди. Қолаверса, тикланиш жараёни жуда кўп вақт талаб этди ва ўз-ўзидан Лукас асосий таркибга жалб этилмай қўйди. Кейин эса уни эски “уйига” жўнатиб юборишди. “Эчкилар” сафида яна ўзини кўрсатган асли польшалик немис эса “Арсенал” нишонига тушади. Ҳозирда эса Лукас фаолиятини Туркияда давом эттирмоқда.

Себастьян Дайслер(Германия) – 62 ўйин, 8 гол(2002-2007)

Янги аср бошида Германиянинг бўлажак “юлдузи” сифатида қаралган Дайслер амалда “метеорит” бўлиб чиқди. Аниқроғи унинг фаолиятига тиззасидан олган жароҳати “якун ясади”. Айни шу сабаб Осиё майдонларида ўтган мундиални ҳам ўтказиб юборган Дайслер асосан вақтини “Голливуд ФК”нинг заҳира ўриндиғини “иситиб ўтириш” билан ўтказди. 2007 йил руҳий ҳолати сабаб, Дайслер бутсаларини “михга илиш”га мажбур бўлди.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!