Ҳусанов ишончни оқлагани учун “Ланс” бу мамлакатдан яна бир легионер оладиган бўлди

Франция чемпионатида юқори ўринлар учун курашаётган “Ланс” таркибини кучайтиришни мақсад қилган. Клуб скаутлари яна бир иқтидорли футболчини топди. 

“Ланс” Лига 1 жамоалари орасида ҳимоясининг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, лансликлар гранд клублардан фарқли равишда қимматбаҳо ўйинчиларни эмас, трансфер суммаси кам, лекин салоҳияти юқори ҳали танилмаган футболчиларни олишга алоҳида эътибор қаратади.

Хусусан, бунга Абдуқодир Ҳусановни мисол қилиш мумкин. Франция вице-чемпиони ўтган йили ўзбекистонлик ҳимоячини олиш учун Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасига юз минг евро миқдорида бадал пули тўлади.

Истеъдодли ёш футболчимиз “Ланс”га кўчиб ўтганидан кейин Франция чемпионатида майдонга тушган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга ўз номини ёздириб қўйди. Жорий мавсумда 20 яшар ҳимоячи миллий чемпионатда ўнта, УЕФАнинг энг нуфузли икки турнири – Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида иккитадан учрашувда қатнашди.

Абдуқодир Ҳусанов ўзи иштирок этган ўйинларда ишончли хатти-ҳаракатлари орқали мухлису мутахассисларнинг эътибори ва эътирофига лойиқ топилди.

Қолаверса, марказий ҳимоячимизнинг трансфер суммаси ҳам бир неча баравар кўтарилган. Ҳусанов “Ланс”га ўтган пайтда унинг нархи 400 минг еврони ташкил қилган эди. Муваффақиятли ўйинлари туфайли бу сумма кескин ошди ва ҳозирги пайтда ҳамюртимиз transfermarkt.world экспертлари томонидан 2 миллион еврога баҳоланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Беларусь олий лигасидан олиб келинган Абдуқодир Ҳусанов трансфери ўзини оқлагани боис, “Ланс” раҳбарияти ушбу мамлакат юқори дивизионидан яна бир ўйинчини олиб келишга қарор қилди.

Бу гал французлар нишонига БАТЭ ҳимоячиси Сиди Бане тушди. Беларусь футболини ёритиб келаётган журналист Владислав Татурнинг маълум қилишича, 20 ёшли сенегаллик ҳимоячи “Ланс”га ўтишга жуда яқин турибди.

Бане БАТЭга 2022 йилнинг апрелида Сенегалдан олиб келинган эди. Ўтган мавсум 15 та учрашувда қатнашган ҳимоячи учта гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Кузда истеъдодли ҳимоячига Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Жазира” клуби харидор бўлганди. Бироқ футболчи жароҳат олгани туфайли бу трансфер амалга ошмай қолди.

Айрим манбаларнинг таъкидлашича, “Ланс” мутасаддилари бу трансферни амалга ошириш учун БАТЭга 300 минг евро атрофида бадал пули тўлашга тайёр.

Сиди Баненинг борисовликлар билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг 31 декабригача имзоланган. Бу футболчи ҳимоя марказида тўп суради. Демакки, сенегаллик ўйинчи “Ланс”га ўтадиган бўлса, бевосита Абдуқодир Ҳусановнинг рақобатчисига айланади.

Европадаги легионерлар рейтингига Шомуродов ҳам киритилди

Файзуллаев ЦСКАда асосий таркибдаги жойидан айрилдими?

Раньери бир гап билан Шомуродовни ўзгартириб юборди. Мураббий нима деганди?

Шомуродовнинг ноёб хислати эътироф этилди

А Серия: Шомуродов ва рўза тутаётган юлдузлар

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Адхамжон Низомов
18/03/2024 21:45
Админлар илтимос.3 турда уйингохларга ташриф буюрган томошабинлар хакида маьлумот беииглар