Раньери бир гап билан Шомуродовни ўзгартириб юборди. Мураббий нима деганди?

А Сериянинг 28-тури қаҳрамонларидан бири Элдор Шомуродов Италия футболининг нуфузли манбаларидан ҳисобланган corrieredellosport.it сайтига интервью берди.

Sports.uz портали ушбу интервьюни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишга қарор қилди.

- “Кальяри”даги саргузаштларингиз шу даражада оғир бошланишини кутганмидингиз?

- Мен мавсум бошида кўпроқ ўйнашимни кутган эдим. Лекин бу ўзимнинг айбим, чунки тайёр эмасдим. Айниқса, жисмоний тарафдан. Мен кам тайёргарлик билан келгандим ва вақтим ҳам кам эди. Формамни тезроқ тиклаб оламан, деб ўйлагандим, бироқ ҳаммаси мен кутгандек бўлмади.

- Нима иш бермади?

- Мен бу ҳолат ўйин вақтида ўтиб кетишини кутгандим, бунинг ўрнига майдонга бир неча маротаба тушдим холос.

- “Салернитана” билан ўйинда нимадир ўзгарди...

- Бу бошланиши, деб умид қиламан. Энди мен ҳозиргача қилолмаган ишларимни уддалашни истайман.

- Ҳаммасини ташлаб, жароҳатдан кейин январда кетиш ҳақида ўйлаб кўрмадингми?

-  Ишлар яхши кетмаётганда ҳамма нарсани ўйлаб кўрасан. Бироқ дарров ўй-хаёлларни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилиш керак. Жамоага қийин вақтларда ёрдам бера олмаётганим оғир кечди. Лекин мен директор ва мураббий билан гаплашдим, улар ҳамма мени кутаётганини айтишди.

-  Мана яна чўққига кўтарила бошладинг. Бунга Раньери сабабчими?

- У менга бошқалардан кўпроғини бера олди. Гуруҳимиз жуда аҳил, жамоадош дўстларим ҳам ҳар доим ёнимда бўлди, лекин Раньери кайфиятимни кўтара олди.

- Қандай қилиб?

- Бир марта у менга: “Генуяда сен кучли эдинг, монстр эдинг. Энди сенга нима бўлганини билмайман. Ўша ўйинчини кўрмоқчиман”, - деди. У менга таъсир ўтказишни, иштиёқимни оширишни истаган эди. У буни уддалади, бу юрагимга тегди.

- Формангни таклаб олиш ва иштиёқ учун етарлича вақт бор эди, “Салернитана” бу нақадар хавфли эканини эслашига тўғри келди...

-  Биринчи тўпни киритиш қийин бўлди, чунки қарийб бир йил гол урмагандим. Тўп дарвоза тўрига тушганида қандай нишонлашни ҳам билмай қолдим. Бироқ иккинчи гол энг муҳими бўлди, чунки уларнинг иккита голидан кейин ҳисобни тенглаштиришлари мумкинлигидан чўчиб тургандик. Бу голлар мен учун ҳам, “Кальяри” учун ҳам эркинлик берди, биз нима қилиб бўлса ҳам, ютишни истаган эдик.

- Мақсадга етганда қониқиш ҳосил бўлдими?

- Мен бахтиёрман, лекин менга ҳали кўп нарса етишмаяпти. Бизни 10 та финал кутиб турибди ва уларнинг ҳар бирида очко олиш учун бор кучимиз билан курашамиз. Бу “Монца” билан ўйиндан бошланади.

- Яна битта гол кутиляптими?

- Шунга умид қиламиз. Гол бўладими ёки йўқ, мен жамоамга мусобақа жадвалининг қуйи қисмини тарк этиш учун ёрдам беришни истайман.

- Келажак ғақида гапиришга тайёрмисан?

- Ҳозир бунинг вақти эмас. Биринчи ўринда – “Кальяри”нинг қутқарилиши турибди.

- Генуядаги Шомуродов билан “Кальяри”дагиси ўртасида нима ўзгарди?

- Мен яхши уддалай олмаётганимни билардим. Характеримни ўзгартириш борасида ҳам ишлашимга тўғри келди, чунки мен сокин одамман. Лекин футболда талашмасанг, ҳеч нарсага эга бўла олмас экансан. Энди мен курашишим лозимлигини яхши биламан.

- Сен футбол персонажи бўлишни ёқтирмайсан, сенда татиуровкалар, зираклар ёки экстравагант соч турмаклари йўқ...

-  Мен оддий боламан, оиламни яхши кўраман ва футболга иштиёқим баланд. Мен рафиқам ва икки фарзандим билан роҳат олиб яшаяпман. Бир неча маротаба денгизга бориб, балиқ ушладик, Ўзбекистонда эса асосан қўй гўшти истеъмол қиламиз.

- Ўзбекистон фуқароси уйдан олисда ўзини қандай ҳис қиляпти?

- Кальяри — ёқимли иқлими ва меҳмондўстлиги бор чиройли шаҳар. Уйимни, дўстларимни, юртимни соғинаман. Лекин бу ерда менинг мамлакатимга қараганда футболни юқори савияда ўйнашади, чемпионати кучлироқ.

- Сени юртингда миллий қаҳрамонлардан бири сифатида қадрлашади. Буни ҳис қилиш ёқимлими?

- Мен миллий терма жамоа либосида энг кўп тўп киритган футболчи сифатида тарихга кирдим. Фахрли томони шундаки, бу либосда илгари амаким тўп тепган. Мен футболчилар оиласиданман ва бу билан фахрланаман.

- Футболчи бўлмаганингдачи?

- Менда “Б” режа бўлмаган. Бу болаликдаги бор орзум эди. Ҳаётимда яна нима биландир шуғулланишим мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман.

Шомуродовнинг ноёб хислати эътироф этилди

А Серия: Шомуродов ва рўза тутаётган юлдузлар

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!