Файзуллаев ЦСКАда асосий таркибдаги жойидан айрилдими?
Аббосбек Файзуллаев ўтган йили август ойида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтганидан кейин фавқулодда муваффақиятли ўйнай бошлади.
Истеъдодли ёш ҳужумкор футболчи қисқа фурсатда “армиячилар”нинг асосий фигурасига айланди. Мавсумнинг биринчи ярмида Премьер-лига ва мамлакат кубогида жами 18 та учрашувда майдонга тушиб, иккита гол ва тўққизта ассист қайд этганди.
20 ёшли легионеримиз мавсумнинг биринчи қисмида энг асосий кашфиёт сифатида эътироф этилди.
Март ойи бошида Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги ўйинлари қишки танаффусдан сўнг яна қайта тикланди. Баҳорнинг илк ўйинида “Оренбург” жамоасига қарши илк дақиқадан майдонга тушиб, 73-дақиқа тўп тепган Аббосбек Файзуллаев кейинги баҳсларда захира ўриндиғидан жой олди.
Чемпионат доирасида “Крилья Советов”га қарши баҳсда 77-дақиқада майдонга тушиб, ўйин якунланишига беш дақиқа қолганида жарима майдончаси ичида қоидани бузди ва пенальтига сабабчи бўлди. Яхшики, Игорь Акинфеев рақиб зарбасини бартараф этди ва ҳисоб ЦСКА фойдасига ҳал бўлди – 2:0.
Файзуллаев Россия кубоги доирасида “Ростов” билан бўлган беллашувда ўйинга анча кеч – 87-дақиқада қўшилди.
Бу ҳолат кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Россия футболини ёритиб келаётган манбалардан бири – sport24.ru сайти вакиллари Файзуллаевдан нега бош мураббий уни бошланғич таркибда майдонга туширмаётганини сўради.
— Владимир Федотов сени нега бошланғич таркибда майдонга туширмаётганини тушунтириб бердими?
— Йўқ.
— Балки бу Осиё кубогидаги иштирокинг билан боғлиқдир?
— Буни билмайман, бу савол мураббийга.
— Жисмоний томондан ўйнашга тайёрлигингни ҳис қиляпсанми?
— Ҳа.
Таъкидлаш лозимки, журналистлар аввалроқ ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотовдан нега Аббосбек Файзуллаевни захирада қолдираётганини сўраган эди. Бу саволга жавоб берган таниқли мутахассис ўзбек футболчиси Осиё кубогидан кейин жамоага қўшилгани, унга бироз дам берилгани ва биринчи навбатда, эмоционал ҳиссиётларини тартибга солиб олиши кераклиги, ҳаммаси жойида экани ва Аббос исталган вақтда майдонга чиқишга тайёрлигини таъкидлаган.
Шу ўринда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 20 ёшли футболчини март ойида бўладиган йиғин ва ўйинларга таклиф этганини эслатиб ўтиш жоиз.
Бу йиғин доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш мусобақаси доирасида Гонконг билан куч синашади. Ўйин 21 март куни бўлиб ўтади.
Фикрлар