Шомуродовнинг ноёб хислати эътироф этилди
Италия А Сериясининг 28-турида “Кальяри”нинг “Салернитана”га қарши ўтказган учрашуви Элдор Шомуродов фаолиятида ижобий ўзгариш сифатида қайд этилди.
Сардиния клубидан қўним топганидан бери мухлису мутахассислар ишончини тўлиқ оқлай олмай келаётган легионеримиз муҳим учрашувда ўзининг ҳақиқий маҳоратини намойиш қилишнинг уддасидан чиқди.
Шомуродов ёзда “Кальяри” сафига келиб қўшилганида оптимал спорт формасини анча бой бериб қўйганди. 28 ёшли ҳужумчи ўзини ўнглаб олгунича асосий таркибдаги жойидан ҳам айрилиб қолганди. Энди ўйини қовушиб, жамоага фойда келтирадиган даражага чиққанида оғир жароҳат олиб, уч ойга сафдан чиқди.
Ниҳоят, саломатлигини тиклаб олган легионеримиз салерноликларга қарши беллашувда майдондаги энг муҳим фигурага айлана олди.
Шомуродов 342 кунлик танаффусдан сўнг, узоқ давом этган “қуруқ” сериясига барҳам берди. Урганда ҳам бир жуфт тўп киритди ва жамоасининг 4:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Италия футболини ёритаётган манбаларнинг статистика бўйича мутахассислар “Кальяри” ва “Салернитана” ўртасидаги учрашув таҳлилини давом эттирмоқда.
Унга кўра, Элдор Шомуродовнинг дубли “Кальяри”ни захирадан тушган ўйинчилар киритилган голлар сони бўйича иккинчи ўринга олиб чиқди. Сардинияликларнинг захирадан ўйинга қўшилган футболчилар жами ўнта тўп киритган. Бу кўрсаткич бўйича фақатгина “Милан” Клаудио Раньери жамоасидан юқори ўринда турибди. Стефано Пиоли шогирдлари захирадан майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини жами 13 маротаба ишғол қилган.
Статистика экспертлари Элдор Шомуродовнинг яна бир ноёб қобилиятига эътибор қаратганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳамюртимиз А Сериянинг 28-турида энг катта тезлик қайд этган футболчиларидан бири бўлди. Шомуродов “Салернитана” билан бўлган учрашувда соатига 34,68 километр тезликда ҳаракатланган.
Бу кўрсаткич бўйича ҳужумчимиз фақатгина “Лечче” вакили Понтус Альмквистдан ортда қолди. Швециялик ярим ҳимоячи соатига 35,46 километр тезликда югурган.
Тезкор футболчилар рейтингида учинчи ўрин “Интер” ҳужумчиси Маркус Тюрамга тегишли бўлиб, франциялик форвард соатига 34,58 километр тезлик қайд этган.
Элдор Шомуродов муваффақиятли ўйини туфайли А Серия ташкилотчилари томонидан 28-турнинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида рамзий терма жамоага киритилди.
Эслатиб ўтамиз, “Кальяри” навбатдаги учрашувини 16 март куни сафарда “Монца” футболчиларига қарши ўтказади.
Фикрлар