А Серия: Шомуродов ва рўза тутаётган юлдузлар

Футбол ўйинчилардан катта жисмоний куч талаб қилишига қарамай, кучли бешлик лигалари, хусуса, Италия чемпионатида ҳам Рамазон ойида рўза тутадиганлар бор.

Аксарият мусулмон спортчилар рўза каби ибодат арконлари жисмоний тайёргарлиги ва  профессионал фаолиятига салбий таъсир қилмаслигини таъкидлаб келади.

Италия футболини ёритиб келаётган tuttomercatoweb.com сайти А Серия жамоалари вакиллари орасида рўза тутаётган футболчилар рўйхатини эълон қилди.

Энг кўп рўзародор бор жамоалардан бири – А Сериядаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Фрозиноне” ҳисобланади. Эусебио Ди Франческо шогирдларидан уч нафари – марокашлик Валид Чеддира, нидерландиялик Абду Харруи ҳамда сенегаллик Демба Сек мунтазам рўза тутадиган ўйинчилардан ҳисобланади.

Амалдаги чемпион – “Наполи” аъзолари орасида косоволик Амир Ррахмани ва ивуарлик Хамид Траоре рўза оғиз шуғулланмоқда.

Жорий мавсум пешқадами ва чемпионлик сари тобора яқинлашиб бораётган “Интер”нинг туркиялик легионери Ҳоқон Чалханўғлу ҳам рўзасини канда қилаётгани йўқ.

Шунингдек, “Милан”дан жазоирлик Исмоил Беннасер, “Рома”дан туркиялик Зеки Челик, “Эмполи”дан марокашлик Юссеф Малех, “Лечче”дан франциялик Муҳаммад Каба, албаниялик Ульбер Латиф Рамадани, тунислик Ҳамза Рафья ҳам рўза тутмоқда.

“Кальяри”да рўза тутиб, учрашувларга тайёргарлик кўраётган футболчи Элдор Шомуродов ҳисобланади.

Италиялик журналистлар Элдор Шомуродовдан ўтган галги учрашувда “Салернитана” ҳимоячилари уни тўхтатиб қола олмагани, бироқ “Монца” билан бўладиган учрашувда Рамазон рўзаси унга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Бу саволга Элдор Шомуродов “Рўза менга тўсқинлик қилмайди, чунки мен вақти-вақти билан оч қолиш, яъни қуёш кўтарилмай туриб, соат бешда таомланиш ва кун бўйи кучимни бошқара олишга кўникиб бўлганман”, - деб жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, Италия чемпионатининг 28-турида “Кальяри” футболчилари “Салернитана” устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, жорий мавсумда илк маротаба хавфли ҳудуддан узоқлашди. Сардинияликлар ғалаба келтирган иккита гол муаллифи ўзбекистонлик легионер бўлди.

Элдор Шомуродов А Серияда ўтган турнинг энг яхши ўйинчиларидан бири сифатида эътироф этилди ва бир неча нуфузли нашрлар томонидан турнир рамзий терма жамоасига киритилди.

Энди “Кальяри” 16 март куни “Монца” жамоаси меҳмони бўлади. Бўлажак учрашувда Элдор Шомуродов ҳам майдонга тушиши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!