"Сурхон"да бош мураббий ўзгарди: Валманьянинг ўрнига ундан зўри келди. У Испания Ла Лигасида ишлаган!

Суперлига клубларининг янги мавсум учун тайёргарлиги айни қизиган палласига кирган. Эътибор бераётган бўлсангиз, аксарият жамоалар қишки тайёргарликни хорижда, жумладан, Туркияда давом эттирмоқда.

Зукко ўқувчиларимиз яхши биладиларки, Суперлиганинг ҳар бир иштирокчисига доир маълумотларни ҳукмингизга ҳавола қилиб боряпмиз. Чунки ҳар бир клубнинг мухлиси севимли жамоасидаги ўзгаришлардан бохабар бўлишни истайди.

Термизлик ишқибозлар ҳам “Сурхон”нинг тақдирига бефарқ эмаслар. Мазкур клубга оид янгиликлардан сайтимиз орқали сиз ўқувчиларни ҳам бохабар қилиб бормоқдамиз.  Яқинда “Сурхон”даги ўзгаришлар борасида маълумот бергандик. Унга кўра, клубда испаниялик мураббийлар иш бошлаганди. Бош мураббий вазифасида Хорди Фабрегат Валманья ишга киришгани ёдингизда бўлса керак. Шу тариқа, у ўзининг ёрдамчилари билан Тошкентда янги жамоасидаги машғулотларни бошлаб юборганди. Бироқ аксига олиб, уларнинг “Сурхон”даги "ҳаёти" узоққа чўзилмади ва жуда қисқа давом этди, холос.

Ваманья_1

Боиси шундаки, Валманья ва унинг ёрдамчиларида юртимизда мураббийлик қилиш учун тегишли лицензияси бўлмаган ва айнан шу сабаб туфайли испанияликлар ўз юртига қайтиб кетишга мажбур бўлди, деган гап-сўзлар пайдо бўлди. Очиғи, ҳайрон қолдик. Наҳотки, клуб мутасаддилари мураббийларни олиб келишдан аввал, уларни лицензиялари бор-йўқлиги билан қизиқмаган бўлса?! Ёки ўзимиздаги талабларни билишмасмиди, қабилидаги фикрлар янграй бошлади. Лекин бунга жавобан “Сурхон” клуби шундай баёнот билан чиқди:

“Аслида Испаниядан ташриф буюрган мутахассислар орасида 3 нафар мураббийнинг лицензияси йўқ экан, деган маълумот нотўғридир.

- “Сурхон” жамоасига бош мураббий сифатида ташриф буюрган Фабрегат Валманьяда УЕФА “ПРО” лицензияси мавжуд.

- Спорт директори сифатида келган Бароссо Гонсалезда ҳам керакли лицензия мавжуд ва у бемалол клубда спорт директор сифатида фаолият юритиши мумкин.

- Аналитик мураббий сифатида ташриф буюрган Жонатан Ломасда ҳам керакли лицензия мавжуд.

- Жисмоний тайёргарлик мураббийи сифатида ташриф буюрган Хорхе Руиз Испаниянинг Лас Пальмас университетини (Las Palmas de Gran Canaria) айнан жисмоний тайёргарлик бўйича факультетини тамомлаган. Минг афсуски, ОФК талабига кўра, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийдан "Level-2" лицензияси талаб қилинади.  Хорхе УЕФА таснифидаги давлатларда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлай олади.

- Дарвозабонлар мураббийи сифатида ташриф буюрган Адриан Мануэль "Level-1" дарвозабонлар мураббийи лицензиясига эга. ОФК талабига кўра, Суперлига клубида дарвозабонлар мураббийидан "Level-3" лицензияси талаб қилинади.

Бу йилдан тўғри тизимда ишлашни ўз олдига мақсад қилган ва келаси йили ОФК лицензиясини олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган "Сурхон" клуби ушбу мураббийлар ўрнини айнан лицензияси ОФК талабига жавоб берадиган мутахассислар билан тўлдиришга қарор қилди.

Шунингдек, ЎзПФЛ томонидан ишлаб чиқилган Мусобақалар регламенти 6.1 бандида "2023 йилги мавсумдан бошлаб, фақат ОФК лицензиялашидан ўта олган клубларга Суперлигада иштирок этиш учун лицензия берилиши" таъкидлаб ўтилган”.

“Сурхон” мана шундай баёнот берган ҳолда мураббийларнинг кетишини лицензия билан боғлаган. Яъни, уларнинг бугунгача қўлга киритган лицензиялари ОФКникига тўғри келмас экан. Аслини олганда, Валманьяда ҳаммаси жойида. Муаммо унинг ёрдамчиларида эди. Шу боисдан, Хорде Фабрегат ўзининг штаби билан кетишга мажбур бўлди.

Клуб мутасаддилари янги бош мураббий масаласини имкон қадар тезкорлик билан ҳал қилишлари талаб қилинарди. Чунки бу ёқда чемпионат бошланишига оз фурсат қолаётганди. Натижада кутилганидек, жамоанинг янги устози ҳам ўзини узоқ куттириб турмади. Қизиғи, испанияликнинг ўрнини испаниялик эгаллади.

лопес1

Янги бош мураббий билан танишинг: Анхель Лопес Перес. 1983 йилнинг 5 апрель санасида Мадридда таваллуд топган. Футболчилик пайтида ярим ҳимоячи бўлган.

Мураббий сифатида шу пайтгача босиб ўтган йили:

2007-2013 “Гетафе” клубида ёрдамчи мураббий, 2013-2014 Руминиянинг “Петропул” жамоасида бош мураббий ёрдамчиси, 2014-2015 йиллари яна Ла Лигага қайтиб, ўша “Гетафе”да ёрдамчи мураббий бўлди. 2015-2016 йилларда эса у Хитойнинг “Гуанчжоу Фули” клубида ишлади. Бир йилдан сўнг, БААнинг “Ал-Шабаб” клубида фаолият олиб борди. 2017-2018 йилларда Испаниянинг “Рекреативо” жамоасига бош мураббийлик қилган. 2018-2019 йиллар давомида Лопес Экваториал Гвинея терма жамоасини бошқарди. 2020 йилда эса Эквадор чемпионатида “Дельфин” клубига устозлик қилди. Ўша йили Греция Суперлигасида “Волос” жамоаси бош мураббийига айланди. “Сурхон”га келгунга қадар эса Грециянинг бошқа бир жамоаси – “Атромитос” клубини бошқариб келаётганди.

лопес4

Кўриб турганингиздек, бу сафарги мутахассис олдингисига қараганда анча кўзга кўринган. Испания Ла Лигасида ишлаб катта тажриба тўплаган, турли клубларни бошқарган. "Гетафе" билан Европа Лигасида ҳам иштирок этган. Куни кеча Тошкентга етиб келган Анхель Лопес “Сурхон” раҳбарияти билан барча масалани келишиб олди ва бош мураббий сифатида ишга киришди. Тез орада унинг 3 нафар ёрдамчилари ҳам етиб келишади. Янги мураббийда УЕФАнинг “ПРО” лицензияси мавжуд.

лопес

Лопеснинг олдида жуда кам вақт қолган. Боиси, март ойида Суперлига старт олади. Ҳар бир мураббийнинг дунёқараши турлича бўлгани каби, Лопеснинг ҳам футболга қарашлари Валманьяникидан фарқ қилади. Шу сабабдан “Сурхон” энди янги мураббийнинг услубига ўтади. У жамоани чемпионатга тайёрлашга улгура оладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Лекин Анхель Лопес ҳақида илиқ фикрларни эшитяпмиз. Бунга унинг ишлаган клублари мисол бўла олади. Қолганини эса, “Сурхон”даги иши орқали амалда кўрамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!