Ишонасизми, 28 нафар легионеримиз битта чемпионатда! Улар кимлар?

Футбол бўйича Тожикистон олий лигаси ҳам старт олди. Чемпионатда 10 та клуб иштирок этади. Барча жамоаларнинг “заявка”сига эга бўлдик.

Айтиш керакки, Тожикистон олий лигасидаги клубларда жами 59 нафар легионер рўйхатдан ўтказилган. Қизиғи, энг кўп легионер Ўзбекистондан бўлиб, 28 та ўйинчимиз ўз омадини Тожикистон чемпионатидан излаб кўрмоқда.

Деярли барча клублар ўз сафига ҳамюртларимизни қўшиб олди. Биргина Кулоб шаҳрининг “Равшан” жамоаси ўзбекистонлик футболчилардан фойдаланмаяпти.   

“Истиқлол”

Тожикистоннинг кўп карра чемпиони, совриндор жамоаси – “Истиқлол” бу йил Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади. Хабарингиз бор, бу клубни бир қатор етакчи ўйинчилари тарк этди. Улардан иккитаси – Андрей Мишенко билан Алишер Жалилов АГМКга кўчиб ўтган. “Истиқлол” устози Виталий Левченко ҳар доим ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш билан қараган. Жамоанинг йиғинларида ҳамюртларимиз ҳам қатнашган пайтлар бўлган. Куни кеча сайтимиз орқали хабар берганимиздек, ўзбекистонлик футболчи Муҳаммад Исаев “Истиқлол” клуби билан шартнома имзолади. Ўтган йилги мавсумни “Металлург”да якунлаган ярим ҳимоячи тожикларнинг энг кучли клуби сафига қўшилди ва энди унда Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш имконияти бор. Шунингдек, ишқибозларимизга яна бир яхши таниш бўлган ўйинчи – Владислав Касминин ҳам “Истиқлол” аъзосига айланди. Беларуслик легионер бир қатор жамоаларимизда тўп сурган. Ўтган йили “Турон” шарафини ҳимоя қилди. Бу йилдан эса “Истиқлол”га кўчиб ўтди.

истиклол

“Хўжанд”

“Истиқлол”дан кейинги ўринда турадиган “Хўжанд” ҳам чемпионат етакчиларидан бири. Ўтган йили Кубок финалида бу клуб “Истиқлол”ни мағлуб этганди. “Хўжанд” сафида 2021 йилги мавсумда тўп сурган Фирдавс Абдусалимов билан Самандар Очилов бу йил ҳам клубда қолди. Шунингдек, ҳужумчимиз Шохруҳ Маҳмудҳожиев “Хўжанд” билан шартнома имзолагани ҳақида илгари хабар берганмиз. “Навбаҳор”ни тарк этган футболчи илк бор легионерга айланди. Шунингдек, ўтган йили юртимиз клубларида тўп сурган тожикистонлик Фирдавс Чакалов (“Турон”), Жаҳонгир Эргашев (“Қизилқум”) ҳамда Тоҳил Малодустов (“Бухоро”) ҳам “Хўжанд” шарафини ҳимоя қиладилар.

хўжанд_1

ЦСКА

Армиячилар жамоасига эронлик Амин Субхони бош мураббийлик қиляпти. Таркибда 7 нафар легионер бор. Булар – 4 нафар ганалик, 1 нафар россиялик ва яна 1 нафар ўзбекистонлик футболчи. ЦСКАдаги ягона ҳамюртимиз – дарвозабон Азамат Аҳмедов. Ўтган йили “Сурхон”да фаолият олиб борган посбон бу йил ЦСКА шарафини ҳимоя қилади.

цска

“Истаравшан”

Мазкур клубга хорижлик Ризо Паркаш бош мураббий этиб тайинланган. Эрон ва Германия фуқаролигига эга. Ўтган йили эса у Sports.uz сайти учун интервью ҳам берганди. Эндиликда Тожикистон чемпионатида ўзини синаб кўрмоқда. Паркаш жамоасида ҳам 7 нафар легионер бор. Камерун ва Ўзбекистондан 3 тадан, Бразилиядан 1 та легионер. Албатта, ўзимиздан қайси ўйинчилар ушбу клубга қўшилгани мухлислар учун қизиқ. Ҳимоячи Жавоҳир Расулов ва ярим ҳимоячилар – Нодирхон Камолов билан Отабек Зокиров “Истаравшан” таркибдан жой олган. Эътиборлиси, учаласи ҳам фарғоналик ўйинчилар ҳисобланади.

истаравшан

“Хатлон”

Тожикистоннинг яна бир клуби – “Хатлон”да ҳам бир қатор легионерлар қаторида ҳамюртларимиз бор. Жумладан, икки нафар ярим ҳимоячилар – Рустам Қўчқоров билан Жамшид Ҳомидов “Хатлон” билан шартнома имзолаган. Эътиборлиси, иккала ўйинчи андижонлик ҳисобланади.

хатлон

“Эсхата”

Ҳамиджон Каримов бош мураббийлик қилаётган “Эсхата” клубида 6 нафар легионер бўлиб, эътиборлиси, барчаси ўзбекистонлик футболчилардир. Ҳимоячи Шаҳзод Абдураҳмонов, ярим ҳимоячилар – Санжар Рихсибоев, Шаҳзод Маъмуржонов, Жаҳонгир Сафаров, Ўктам Хазратов ва ҳужумчи – Дилшод Хушбаков “Эсхата” аъзосига айланган. Рихсибоев ўз вақтида Тожикистоннинг “Хўжанд” клуби сафида ҳам тўп сурган. Орада биринчи лигада “Бунёдкор” таркибида ўйнаб юрди ва бу йил яна Тожикистон чемпионатига қайтди. Шунингдек, “Насаф” клуби тарбияланувчиси ва охирги пайтларда про лигада ўйнаган Хушбаков ҳам легионерга айланди.

эсхата

“Файзканд”

Ушбу жамоа сафида ҳам ўзбекистонлик легионерлар бор. Ўтган йили “Андижон”га ўтган, аммо қишки йиғин чоғида жароҳат олиб бутун мавсумни ўтказиб юборган ҳимоячи Миркомил Локаев оёққа турди ва Тожикистоннинг “Файзканд” клубидан тушган таклифни қабул қилиб, шартномага имзо чекди. Қолаверса, жамоанинг ҳужум чизиғида икки нафар ҳамюртимиз бор. Амиржон Сафаров билан Анвар Муродов ҳам “Файзканд”га ўтишди. Айниқса, Сафаров мухлисларимиз учун яхши таниш. “Динамо”, “Бухоро” ва “Насаф” каби жамоаларда тўп сурган. Дарвоқе, бу жамоани эронлик Масъуд Назарзода бошқаряпти.

файзканд

“Регар-ТадАЗ”

Тожикистоннинг яқин ўтмишдаги машҳур клуби саналадиган “Регар-ТадАЗ” сафидан ҳам ўзбек легионерлари жой олган. Ҳимоя чизиғидан Жаъфар Исмоилов билан Сергей Прохоров ўрин эгаллади. Ярим ҳимояда эса Савелий Абрамов ҳам борлигини айтиб ўтмоқчимиз. Жамоа устози эса Ҳикмат Фузайлов.

регар

“Равшан” (Зафаробод)

Раҳматулло Фузайлов устозлик қилаётган “Равшан” сафида жами 6 нафар легионер бор. Қизиғи, “Эсхата”даги каби бу ерда ҳам барчаси ўзбекистонлик футболчилар. Дарвозабон Муҳриддин Аҳмедовни билсангиз керак. У анчадан бери айнан тожик чемпионатида фаолият олиб боряпти. Бу йил қишда “Турон” ва “Андижон”нинг йиғинларида ҳам иштирок этганди. Якунда “Равшан”га қайтди. Ундан ташқари, бу клубда Достон Бердиқулов, Жавоҳир Ғайбуллаев, Зуфар Акбаралиев, Зафар Қорақулов ва Бехруз Дўстмуродов ҳам “Равшан” шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаганлар.

равшан_1

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Azam Xadjaev
04/04/2022 01:27
Xammasi bir tigin