"Федерацияда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўйин ўтказиш масаласи кўтарилган, Шомуродов бизнинг рўйхатимизда бўлган" - Европа майдонларида шов-шув кўтарган мураббий SPORTS.UZ сайтига катта интервью берди

Ён қўшнимиз – Қозоғистон терма жамоасининг Европа миллатлар лигасида кўрсатган ажабтовур натижалари кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Бунгача қозоғистонликларни Европа майдонларида асосан аутсайдер ролида кўришга ўрганиб қолгандик. Лекин энди вазият ўзгарди. Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийлиги ролига Магомед Адиев келганидан кейин жамоа бутунлай ўзгарди. Европа миллатлар лигасининг дастлабки босқичида гуруҳда муваффақиятли иштирок этиши сенсацияга қиёсланяпти.

Россиялик ушбу мутахассис қозоқ футболи учун бамисоли қутқарувчи ролида гавдаланяпти. 45 ёшли Мусаевич Россия премьер-лигасида “Анжи”, “Ахмат”, “Терек” сингари клубларда ишлаган. Шунингдек, Қозоғистонда Қарағанданинг “Шахтёр” жамоасини бошқарди. Шу йилнинг апрель ойида унга мамлакат терма жамоаси бош мураббийлиги ишониб топширилди. Рости, бундай қисқа фурсат ичида Адиевнинг бу каби “хунарлар” кўрсатиши худди ақлбовар қилмас даражада.

Беларусь, Озарбайжон, Словакия термалари билан бир гуруҳда қатнашиб пешқадам сифатида мухлисларни қойил қолдирди. Sports.uz журналистли Шуҳратбек Жўраев Магомед Мусаевич билан анчадан бери алоқада бўлиб келаётганди. Адиев бизинг сайтимиз учун интервью беришга аллақачон рози бўлган, фақат расмий ўйинлар тугагач, сентябрь ойи охирларида суҳбатлашишга келишиб олинганди. Ваъдага мувофиқ россиялик мураббий Sports.uz учун эксклюзив интервью берди.     

- Магомед Мусаевич, сизни Sports.uz сайтидан безовта қиляпман. Чунки Қозоғистон терма жамоасида амалга ошираётган ишларингизга кўз юмиб бўлмайди. Шу боис сиз билан суҳбатлашишни режалаштиргандик. Шундоқ ҳам бундай натижалардан кейин сизни матбуотдан тез-тез безовта қилишаётгандир-а?

- Албатта, миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида ўзимга катта эътибор берилаётганини ҳис қилиш тушунарли. Матбуот томонидан бўладиган эътиборга оддий қарайман. Бунга кўникиб ҳам кетганман. Имкон қадар ОАВ ходимларининг интервью ё ўйин ҳақидаги фикрларим билан қизиқиш тўғрисида берган саволларига жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан. Яъни, уларнинг раъйини қайтаришни истамайман. Ҳа, УЕФА миллатлар лигасидаги биринчи босқични муваффақиятли якунлаганимиздан хурсандман. Бироқ бу натижа билан фахрланиб осмонга учиб юриш ярамайди. Саволларингизга жавоб қайтаришга тайёрман, бемалол.

- Қозоғистон терма жамоаси билан миллатлар лигасида қайд этаётган натижангизни ҳеч ким кутмаганди. Буни сенсация сифатида қабул қиляпмиз...

- Табиийки, терма жамоа анча вақт давомида айтарли натижалар қайд этмас экан, пировардида бундай кўрсаткичларни кўрсатадиган бўлса, ҳаммаси шов-шув сифатида қабул қилинади. Айтишим керакки, мен ва штабимдаги ёрдамчилар бу натижани катта сенсация сифатида қабул қилаётганимиз йўқ. Ўзимизни супер катта натижа эгалари сифатида тасаввур қилиш хаёлимизга келмаяпти. Ҳа, ўз ишимизни яхши, айтиш мумкин бўлса, анча муваффақиятли бажардик. Лекин биз буни зиммамиздаги вазифа сифатида қабул қилмоқдамиз. Мақсадимиз рақобатбардош жамоани шакллантиришдан иборат. Шундай жамоа қураётганимизни ҳис қилмоқдамиз. Буни миллатлар лигасида ўз гуруҳимизда биринчи ўринни эгаллаганимиз ҳам қайсидир маънода тасдиқлайди. Бундан хурсандман. Иккинчи даврада ҳам бўшашмасдан ҳаракат қилишга интилмоқчимиз. Биз эришган натижамизни шунчаки яхши бажарилган иш сифатида қабул қилмоқдамиз.

адиев

- Шунча пайт қозоқ термасида кўплаб мураббийлар ишлади. Аммо Европа майдонларида улар ҳеч нима қила олмадилар. Сиз муваффақият калитини қандай топдингиз?

- Менинг ўрнимда бунга қадар терма жамоани бошқарган ҳамкасбларим ҳақида фикр билдиришим қийин. Ҳақиқатан ҳам Қозоғистон миллий терма жамоасида кучли мураббийлар ишлашган. Лекин футбол шундай ўйинки, мураббий ҳар қанча уринмасин исталган натижани кўрсата олмаслиги мумкин. Шундай бўлдики, бизнинг мураббийлар штабимиз илгари кузатилмаган натижани қайд этишди. Яна жшуни қўшимча қилишим лозимки, илгари мендан олдин термага устозлик қилган ҳамкасбларимнинг ишларини кўрмаганман. Бевосита ўзимизга тўхталсак, биз мураббийлар ишониб топширилган ишни иложи борича яхши бажаришга интилмоқдамиз. Эҳтимол, биз ортимизда бутун мамлакат турганлигини ҳис қилган ҳолда мана шундай ижобий натижаларни қайд этган бўлсак керак.

- Қозоғистон УЕФАга ўтгач, аутсайдерга айланиб қолганди. УЕФАнинг қозоқ футболи учун плюс ва минус жиҳатлари нимада бўлди?

- Аввало айтишни истардимки, Осиё футболининг минуслар ва плюслари борасида бирор нарса дейишим амримаҳол. Чунки мен Осиёда ишламаганман. Қозоғистон терма жамоаси анчадан бери Европа минтақасида ўйинларда иштирок этиб келмоқда. Уни эса ўз вақтида Европа ва Осиё футболида ишлаган мураббийлар бошқаришган. Қозоқ футболи нимани ютди? Бу саволингизга жавоб беришим мушкул. Фақат шуни айта оламанки, терма жамоа ролидаги қисқа муддатли ишимиз давомида анча ижобий натижаларни қайд этишга эришдик. Биз лига доирасидаги ўйинларда бошқа рақибларимизга калтакбоп болалар ролини ижро этмасликка ҳаракат қилдик.

адиев1

- Магомед Мусаевич, ўзбек футболи сизни қанчалик қизиқтиради?

- Ўзбек футболи ҳақида гапирадиган бўлсам, унда маҳоратли ўйинчилар ва мураббийлар борлигини айтишим мумкин. Ҳозир ҳам ўзбек ўйинчилари миллий чемпионатда порлашгач, бошқа чет лигаларига йўл олишмоқда. Ўз вақтида мен ҳам футболчи сифатида юртингиздан чиққан ўйинчиларга қарши бир неча марта тўп сурганман. Масалан, Миржалол Қосимовга қарши. У жуда иқтидорли футболчи бўлган. Умуман, юртингиздан бундай иқтидор эгалари кўплаб етишиб чиққан ва бу жараён давом этяпти. Футбол қайси минтақада ўйналмасин, бари мен учун қизиқ. Бахтга қарши шу кунгача юртингизга ташриф буюриш менга ҳали насиб этганича йўқ. Умид қиламанки, кунлардан бир кун келиб албатта Ўзбекистонга ташриф буюраман ва тарихий шаҳарларингизни обдон айланиб чиқмоқчиман.

- Бизнинг терма жамоамизда сиз ёқтирган футболчилар борми?

- Юқорида айтганимдек, ўзбек футболида доим иқтидор эгалари етарлича бўлган. Ўзбекистон терма жамоаси мунтазам равишда Осиёдаги турнирларда иштирок этиб келгани учун унинг ижросидаги ўйинларни кузатиш доим насиб этавермайди. Футболингизни яқиндан биламан, дея олмайман. Аммо юртингиздан иқтидор эгалари етишиб чиқиши кишини қувонтирмасдан қўймайди. Ҳозирги кунда Элдор Шомуродовни танимаган мухлис бўлмаса керак. У “Ростов”да ўзини ёрқин намойиш этганидан кейин Италияга йўл олди. Топ-5 чемпионатлари сирасига кирадиган А серияда Шомуродов йўқолиб қолгани йўқ. Айтишим даркорки, “Анжи”да ишлаётган чоғимда менга у ҳақида гапириб беришган. Ўшанда бу ўйинчингизни клубга таклиф этиш масаласи ҳам кўтарилганди. Ўша пайтда Шомуродов ўзимиз истаган футболчилар рўйхатида бўлган. Шу йўлда “Ростов” раҳбарияти билан дастлабки келишувга эришиб, уни ярим йилга ижарага олмоқчи эдик. Лекин якунда раҳбарлар қандайдир масала юзасидан келиша олмагандилар. Ҳозир эса у Италиядек мамлакатнинг кучли лигасида ўйнаяпти. Ўзбек футболчилари орасида гап кетса менинг ҳаёлимга яна Одил Аҳмедов ҳам келади. У ўз вақтида “Анжи”да муваффақиятли тўп сурган. Тўғри у билан яқиндан таниш бўлмаганман. Лекин ўшанда “Анжи” таркибида юлдуз мақомидаги ўйинчилар жамланган маҳалда ҳам Аҳмедов уларнинг орасида йўқолиб қолмаган. Бу эса ўйинчингизни нақадар маҳоратли ижрочи бўлганидан далолат беради. Ёдингизда бўлса, ўшанда “Анжи”да ҳақиқий юлдузлар жамланганди. Буссуфа, Роберто Карлос, Виллиан, мана шундай шериклар билан ўйнаган даврда ҳам Аҳмедов доим асосий таркибда майдонга тушган. У жуда кучли футболчи бўлган.

адиев2

- Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилишини хоҳлайсизми? Менимча, Марказий Осиёда ким кучли эканини билишга кўпчилик қизиқади.

- Ҳа, федерацияда Ўзбекистон – Қозоғистон терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик мақомидаги ўйинни ўтказиш масаласи бир неча бор кўтарилган. Агар шундай учрашув ташкил қилинса, ўйлайманки, бу жуда қизиқарли бўларди. Мана шундай беллашув ташкил этилган тақдирда Марказий Осиёда ҳақиқий дерби юзага келиб, ким аслида кимлиги ойдинлашган бўларди. Албатта, Ўзбекистон терма жамоасини анча кучли эканлигидан хабарим бор. Нега бўлмасин, мана шундай рақибга қарши ўйнаш Қозоғистон терма жамоаси учун ҳам жуда қизиқарли бўларди. Бир сўз билан айтганда, мен Ўзбекистонни муносиб рақиблар сирасига қўшаман.

- Агар Ўзбекистон УЕФА таркибида бўлса, буни қандай тасаввур қиласиз? Терма жамоамиз у ерда “йўқолиб” қолмайдими?

- Йўқолиб қолади ёки қолмайдими, дейсизми, бир нарса дейиш мушкул. Агар Ўзбекистон УЕФАга кирадиган бўлса, европача футболга мослашиш учун бироз вақт керак бўлади. Яна такрорлайман: сизларда истеъдодли, сифатли ўйинчилар талайгина. Эҳтимол, шундай бўлган тақдирда Ўзбекистон дарҳол кучли термаларга рақобат туғдира олмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистонга қарши ўйнаш барча учун бирдек қизиқ бўлиши аниқ. Бу масалани мен эмас, балки федерациянгиздагилар муҳокама қилишса яхшироқ бўларди. Айнан уларда шундай истак бўлса, УЕФА билан келишишлари керак.

адиев3

- Қозоғистон терма жамоаси билан кейинги режангиз ва мақсадингиз қандай?

- Яқин режаларга келсак, энди миллатлар лигасининг кейинги босқичига ташланадиган қуръа натижаларини кутяпмиз. Рақибларни билиб олганимиздан кейин уларнинг ўйинларини йиғиб, томоша қилган ҳолда таҳлил қилишни бошлаймиз. Шундан сўнг 19 октябрда амирликда БАА билан ўйин бор. Шунингдек, 16-санада ҳам ўртоқлик ўйини ўтказиш белгиланган. Мана шу беллашувлар билан жорий тақвим йилини охирига етказамиз. Мана шу биз учун ҳозирча иккита асосий режа бўлиб турибди: қуръа билан ўртоқлик баҳслари. Кейин эса Қозоғистон футбол федерацияси раҳбарияти билан шартномамни узайтириш масаласини муҳокама қилиб олмоқчиман. Агар шу ишни янги йилгача амалга оширсак, келгуси йилнинг биринчи санасиданоқ хотиржам ишга киришишимиз мумкин бўлади.

- Мураббий сифатида айнан терма жамоадаги ишингиз орқали кўпроқ таниляпсиз. Қозоғистон термасидаги фаолиятингиз мураббий сифатидаги ташриф қоғозингизга айландими?

- Ўйлайманки, Россияда ҳам мени яхши танишса керак. Чунки премьер-лигада ишлаганман. Лигада бош мураббий, бош мураббий ёрдамчиси сифатида ҳам меҳнат қилдим. Албатта, Қозоғистон терма жамоасида олиб бораётган ишим орқали анча танилганим рост. Энди мени бошқа мамлакатларда ва минтақаларда билишади. Бундай эътиборни иложи борича хотиржам қабул қиляпман. Агар ўз ишимизни яхши бажариб, ижобий натижалар қайд эта олсак, бизни янада кўпроқ билишлари тайин. Мураббийнинг иши шунақа: яхши натижа бўлса танилади, аксинча ҳолатда эса танқидлар остида қолиб кетади. Танқидлар ва мақтовларга тўғри кўз билан қарашга одатланганман. Танқидлардан эзилиб, тушкунликка тушмайман, мақтовлардан осмонда учмайман. Ахир мақтовлар ва танқидлар мураббийлик касбининг ўзгармас қисмига айланиб улгурган.

адиев4

- Сизга Ўзбекистондан таклифлар бўлганми?

- Йўқ, шу кунгача Ўзбекистондаги клублардан ҳеч қандай таклифлар олмаганман.

- Бунгача сизни клубларда ишлаганингизни биламиз. Бироқ клублардагидан кўра терма жамоада омадим чопяпти, дея оласизми?

- Мураббий сифатида унга омад кулиб боқиши катта аҳамият касб этади. Ўз навбатида мен бундай нарсага кўп аҳамият бермай ўз ишимни яхши бажаришга ҳаракат қиламан. Тўғри, ўз вақтида клубдаги ишларимда ҳам муайян бир муваффақиятли натижалар қайд этганман. Терма жамоада эса 4 ғалаба ва 1 дуранг эвазига анча танилганимни инкор эта олмайман. Ахир Европа минтақасида бундай натижалар эътибордан четда қолмайди ва яхши баҳоланади. Россия чемпионатида “Анжи”да ишлаган кезларимда клуб молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолганди. Шунда ҳам жамоа шаънини анча муваффақиятли ҳимоя қилиб айтишга арзигулик натижалар кўрсата олганмиз. Тўғри, барибир “Анжи” қуйи дивизионга тушиб кетганди.

адиев5

- Ўзбекистон ва Қозоғистон футболи ўртасида қандай фарқларни кўряпсиз?

- Ўзбекистон ва Қозоғистон футболи ўртасидаги даражани таққослаш?! Менимча, бу саволингизга жавоб топа олмасам керак. Чунки ўзбек футболчилари ҳақидаги маълумотларни ўқиб турсам-да, ички чемпионат даражаси қанчалик эканлигидан мутлақо бехабарман. Бахтга қарши Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўйинларни ҳам томоша қилмаганман.

- Юқорида Элдор Шомуродов ҳақида гапирдингиз. Шунингдек, Россияда ўйнаётган яна бир легионеримиз Остон Ўруновни ҳам билсангиз керак...

- Ҳа, Ўруновни биламан. У Россияга келган дастлабки пайтда “Уфа”да жуда яхши тўп сурган. Шу боисдан ҳам мутлақо ҳақли равишда уни Россиядаги топ клублар билан унаштира бошлагандилар. Лекин мана шундай топ клублардан бири саналадиган “Спартак”ка кўчиб ўтганидан сўнг Ўруновнинг ўйинида пасайиш кўзга ташланди. “Спартак”ка ўтгач, бутунлай бошқача ўйинчи сифатида гавдаланиб, олдинги шиддаткор Ўруновни худди бошқасига алмаштириб қўйишганидек таассурот уйғота бошлади. “Уфа”га қайтганидан кейин ҳам Ўрунов ҳамон ўша-ўша ўзи ўралашиб қолган руҳий ўрадан чиқа олмаяпти. Ваҳоланки, Остонда янада зўр ўйнаш учун барча сифатлар мужассам. Йигит ”Спартак”да ўз асабларини назорат қила олмаган кўринади. Чунки таниқли клубнинг ҳар бир ўйинчисига нисбатан атрофдагиларнинг босими ва таъсири жуда кучли бўлади. Агар у ўзидаги олдинги шиддатни қайтара олса яна аввалги даражасига чиқиши мумкин. Шомуродовга тўхталадиган бўлсам, у бутунлай бошқа – Ўруновнинг тамоман тескариси. Айтишим керакки, “Ростов”га келган дастлабки кезларида Шомуродовда ҳам ҳаммаси ўхшамаган. Лекин ўз устида ишлади. Ўз навбатида у Россиядаги биринчи мавсуми охирига келиб ҳаммада яхши таассурот қолдира олган. Шу боисдан ҳам ҳақли равишда Элдор Шомуродов бошини тик тутган ҳолда Италияга равона бўлди. “Женоа”га келганда ҳам Шомуродов эришганларидан тўхтаб, бир жойда қотиб қолгани йўқ. Ўз устида ишлашда давом этгани учун анча жиддий клублардан саналадиган “Рома”нинг эътиборини тортди. Бир сўз билан айтганда, бу икки юртдошингиз - Ўрунов билан Шомуродовнинг тақдирлари бир-биридан буткул фарқ қилади. Бири ўз устида ишлаб юқори даражага кўтарилган бўлса, иккинчиси ўзига нисбатан бўлган талабни анча пасайтириб юборгани етмаганидек, руҳий ўрадан чиқиб кета олмаяпти.

адиев6

- Айтинг-чи, Қозоғистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши учун қанча вақт керак?

- Қанча вақт керак бўлади? Тўғриси, билмайман. Минимум даражада бу 2026 йилга бориб юз берса керак. Бу менинг тахминим (кулади).

- Буни бежизга сўрамадим. Боиси, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ушбу азалий орзуси йўлида ҳаракат қиляпти, аммо ўхшамаяпти. Мутахассис сифатида қандай маслаҳат берасиз?

- Биласизми, маслаҳатни баъзида ўзимга-ўзим ҳам бериб тураман. Киши бир нарсага эришмоқчи бўлса, ҳеч қачон асабийлашмаслиги ва тушкунликка тушмаслиги даркор. Ўз ишига ва кучига бўлган ишонч билан кўп нарсага эришиш мумкин. Бундай жиҳатларга эришиш йўлида инсон қатъиятли бўлмоғи керак. Мана шундай истак бир кун келиб албатта муваффақият келтириши тайин. Фурсатдан фойдаланган ҳолда терма жамоангизга ўз кучига бўлган ишончни йўқотмасликни тилаб қолмоқчиман. Ахир сизларда сифатли ва иқтидорли футболчилар кўплаб топилади. Айнан улар миллий термани жаҳон чемпионатига олиб чиқишлари турган гап.

- Магомед Мусаевич, таклифимга йўқ демасдан вақт ажратганингиз учун ташаккур. Фаолиятингизга омад тилайман.

- Раҳмат, сиз билан суҳбатлашиб анча енгил тортдим. Мени қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Abdulla Hikmatov
05/10/2022 13:47
Qozog'iston bilan o'yin qiziq bo'ladi omma