Виктор Кумиковнинг Қозоғистондаги ҳаёти бошланди ёхуд "Қайсар"ни ҳам "Андижон"даги каби стандартлар устасига айлантирмоқчи...ми?

Сайтимиз орқали хабар берганимиздек, Виктор Кумиков кеча Қозоғистоннинг Қизил-Ўрда шаҳрига етиб келди. “Қайсар” клубидан тушган таклиф юзасидан музокараларнинг охирги босқичи бўлиб ўтди ва якунда икки томон келишувга эришди.

Бугун Виктор Кумиков “Қайсар” клуби бош мураббийи сифатида расман таништирилди. Қозоғистон ОАВ эса бу борада бонг урмоқда, десак ҳам бўлади. Унинг яна Қозоғистонга қайтишини ижобий баҳоламоқдалар. Чунки Виктор Балютович улар учун асло бегона эмас. Таъбир жоиз бўлса, мураббийлик фаолиятининг катта қисмини қўшни чемпионатда ўтказган. “Есиль”, “Елимай”, “Қайсар”, “Шахтёр”, “Ордабаси” ва “Атирау” каби жамоаларни бошқарган. Айниқса, Кумиковнинг ёрқин фаолияти “Шахтёр” билан боғлиқ. Қарағанда жамоаси билан Қозоғистон чемпионатида қатор совринларни ютган ва еврокубокларда ҳам анча қизиқарли ва дадил қатнашган. Шу боис Кумиков Қозоғистоннинг энг яхши мураббийи номинациясида ҳам ғолиб чиққан. Қозоқ ОАВ унинг яна қайтиши ҳақида ёзишаётганда, ўз-ўзидан “Шахтёр” клубида амалга оширган натижаларини бот-бот тилга олиб ўтмоқдалар. Табиийки, "Андижон"даги натижаси қозоқларни ҳам беэътибор қолдирмагани шубҳасиз.

кумиков кайсар1

Қолаверса, Кумиковнинг бу “Қайсар”га илк ташрифи эмас. 2003 ва 2004 йилги мавсумларда ҳам россиялик мутахассис мазкур жамоага бош мураббийлик қилган. Орадан деярли 20 йил ўтиб Виктор Балютович яна собиқ клубига қайтди. Уни олдига жиддий вазифалар қўйилди. “Қайсар” қуйи дивизионда 2-ўринни эгаллаб элитага қайтишга эришди. Кучлилар орасида жамоа мавқеини мустаҳкамлаш, юқори ўринлар учун курашиш ва Кубок баҳсларида ҳам муваффақиятли иштирок этиш каби муҳим мақсадлар турибди. Бу борада “Қайсар” раҳбарияти россиялик мураббийга тўла-тўкис ишонч билдиришди. Бунинг учун унга барча шароитлар яратиб берилаётгани маълум бўлмоқда. Жумладан, 14 декабрь куни Кумиков ва “Қайсар” дастлабки йиғин сифатида Туркияга жўнаб кетмоқда ва у ерда янги йил байрамигача ўқув-машғулот йиғини ўтказилади. Ҳа, айтганча, Виктор Балютовичга "Қайсар"да "Андижон"да ҳам яқиндан кўмаклашган ҳамюрти Олег Корниенко ёрдамлашади.

Виктор Кумиковнинг охирги клуби – “Андижон” бўлганини яхши биласиз. 2021 йил ўрталарида жамоа бошқарувини ўз қўлига олган мураббий жамоаси билан омадсизлик сабабли Суперлигани тарк этганди. Аммо раҳбарият унга про лигада яна ишонч билдиришди. Натижада россиялик мутахассис “Андижон”ни Суперлигага қайтариб олдидаги қарзни узди. Клуб мутасаддилари мазкур мураббий билан янги мавсумда ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини маълум қилишганди. Бироқ шартнома муддати тугагани ва “Қайсар”дан тушган таклиф сабабли Виктор Кумиков Қозоғистонда ишлашни маъқул топди. Шунга қарамай, андижонлик ишқибозлар ундан миннатдорлар.

аааа кумиков_6

Дарвоқе, Кумиков про лиганинг энг яхши мураббийи номига ҳам сазовор бўлганини билсангиз керак. Мутахассиснинг “Андижон”даги фаолияти қизиқарли кечди. Айниқса, про лигада унинг амалга татбиқ эта олган услуби қанчалик самара келтирганини натижаларда кўришингиз мумкин ва футбол жамоатчилиги вакиллари “Андижон” ва Кумиков борасида жуда илиқ фикрларни айтишдан чарчашмади. Бунга унинг қўллаган услуби сабаб. Стандартлар қиролига айланиб олганди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Кумиковнинг ушбу тактикасига ҳеч бир жамоа чора топа олмади. Балки россиялик мутахассис “Қайсар”да ҳам “Андижон”да қўллаган услубини яна амалга татбиқ этиб, муваффақият қозонишни ўйлаётгандир-а?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!