"Ҳайрон қолдим, Кореядан қайтганимдан сўнг Ўзбекистон чемпионатида қийналаман деб ўйлагандим" ёхуд Олег Зотеев Анталияда очиқ интервью берди (2-қисм)

Анталия шаҳрида “Локомотив” билан шартнома имзолаб, машғулотларда фаол иштирок этаётган тажрибали ҳимоячи Олег Зотеев Sports.uz мухбирига катта интервью берди.

Кеча унинг 1-қисмини эътиборингизга ҳавола қилгандик. Бугун ушбу суҳбатнинг 2-қисмини ўқишингиз мумкин. Унда ҳам бир қанча муҳим гапларни айтган.

- Чемпионатимиз даражасини қандай баҳолайсиз?

- Тўғриси, Ўзбекистон футболида жуда пасайиш бўлди. Яхши, ўтган йили чемпионат бироз қизиди. 3-4 та жамоа чемпионликка охиригача курашди. Лекин менимча 3 та кўпи билан 4 та клуб. Бошқаларни савияси бир хил. Қаранг, олдин терма жамоага 50-60 та ўйинчи танланарди. Ҳозир 50-60 та йўқ. Нимага? Савияси тушиб кетган. Охирги 3-4 йил ичида нима қилдик? Буни Осиё Кубогида кўрамиз. Яхшики, терма жамоада ўйнайдиган яхши савиядаги 4 та легионеримиз бор. Уларга ишонч катта. “Насаф”да ҳам зўр футболчилар бор. Уларни ҳам Осиё Чемпионлар лигасида кўрамиз. Тўғри, кейинги босқичга чиқди, бу зўр. Кейинги юришлар ўзбек футболи мавқеини кўрсатиб берса ажаб эмас.

- Кореядан қайтиб, бу ҳолатни кўргач ҳайрон қолдингизми?

- Рости, ҳайрон қолдим. Кореядан қайтиб, озгина қийналаман деб ўйлагандим. Лекин аксинча Ўзбекистон чемпионатида умуман қийналмадим. Ўйлашга кўп вақт бериляпти. 65-70-дақиқалардан кейин зоналар кўп очилиб кетяпти. Ҳа, жисмоний ҳолати яхшироқ бўлган клублар ҳам бор. Масалан, “Сўғдиёна” керак бўлса 100 дақиқа югуриб беради. Лекин ҳамма ҳам эмас. Кимдир тўп билан муомала қилиб ўйнайди, кимдир қарши ҳужумда.

зотеев5

- “Пахтакор”нинг чемпионлигини кутганмидингиз?

- Ҳа, 100 фоиз. Бу йил ҳам “Пахтакор” чемпион бўлса керак.

- Сабаб?

- Биринчи навбатда таркиб сақланиб қолинган. “Насаф” ҳам курашади. 3-4 йилдан бери битта таркиб қолган бўлса бу ютуқ. “Навбаҳор”да тахминан 70 фоизга таркиб ўзгарган. Улар биринчи даврада қийналади, менимча. Бир-бирини тушуниб кетиши учун ҳам вақт керак-ку. “Навбаҳор”да деярли барча ҳимоячилари алмашди. АГМКда ҳам барқарор таркиб бор. Ўйлайманки, бу клуб ҳам яхши натижа кўрсатиши мумкин. Балки адашаётгандирман, аммо менимча “Пахтакор” чемпион бўлади.

- Демак, бошқа кутилмаган бурилиш қиладиган жамоалар йўқ экан-да?

- Нимага, бор. Мана, АГМК, “Навбаҳор”, “Насаф”. “Нефтчи” ҳам чақилмас ёнғоқ бўлади. Яхши жамоа тузилди. Ўйин сифати ҳам яхши. Бошқаларни кўрмаганим учун билмайман. “Пахтакор”, “Насаф” ва “Нефтчи”ни кўрдим. АГМКни биламан. “Сўғдиёна” янги легионерларни олди. Йўлдошев билан Шоаҳмедов ўша ерга кетишди. Станислав Андреев ҳам борди. Барибир жиззахликларда маҳоратли ўйинчилар кўп. “Бунёдкор” ҳам назаримда анча-мунчасини қийнаса керак. Лекин бу йил биринчи давранинг 10-туригача менимча учта клуб “қочиб” кетса керак. Ўтган йили деярли барча жамоа ёнма-ён эди. Бу йил бундай бўлмаса керак.

- Ўтган йили чемпионат тугашига иккита тур қолганида “Пахтакор” “Қизилқум”ни 6:0 ҳисобида ютгач, ҳаммаси ўзгариб кетганди. Ўшанда нима бўлган?

- Ҳеч нарса. Ўйинни кўрган бўлсангиз, ҳимояда ҳаводаги тўп учун курашларда 4 та хато қилишган. “Пахтакор” бизга гол урмади, ўзимиз уларга гол уриш учун имконият яратиб бердик. Хатодан кейин гол уриляпти. Ўзи позицион ҳужумдан кам гол киритиляпти. Дунё футболида ҳам шунақа. Ўтган сафарги интервьюимда ҳам айтгандим, олиб келсак зўр, сифатли легионерларни олиб келайлик. Ана шунда ўзбек футболчиларида ҳам ўсиш бўлади. 4-5 тасидан кўра 2-3 та яхшисидан олиш керак. Шундан кейин ўсиш бўлади. Фикрим ҳар доим шунақа, ўзгармайди.

зотеев7

- Чемпионатимизда Драган Черан ҳамон энг яхши легионер бўлиб турибди. Унга ҳеч ким тенг кела олмаяпти. Ҳозир ҳам уни энг кучлиси деб ҳисоблайсизми?

- Аввало, барибир жамоага боғлиқ. Ўйинчида маҳорат катта бўлса ҳам жамоадагилар кўп ва қулай тўп оширишларини уддаласа гол уриб кетаверади. Лекин албатта тажрибаси бўлса! Агар маҳорати бўлмаса “Пахтакор”да ўйнамайди. Бу биринчидан, иккинчидан Черан неча йилдан бери “Пахтакор”да ўйнаётган бўлса, кимни нима қилишини билади. Унда голни олдиндан ҳис қилиш қобилияти бор. Бундоқ олиб қарасангиз, Черан кўп югурмайди. Аммо керак пайтда керакли жойда туради ва гол уриб кетади. Бунақа ҳужумчи кам. Бироқ бу жамоага ҳам боғлиқ. Бизда яна ким бор? Шохруз Норхонов билан Темурхўжа Абдухолиқов иккиси яхши жамоага боришди. “Навбаҳор”да бугунги кунда ярим ҳимоя чизиғи Ўзбекистонда биринчи рақамли. Жуда кучли. Креативлик, сифат ва тажриба борасида ҳам биринчи рақамли. Жамшид Искандеров, Жамшид Болтабоев, Йован Жокич...Ўрта зўр. Ҳужумчиларни тўп билан таъминлаш уларга боғлиқ. Менимча, бу йил Норхонов ҳам, Абдухолиқов ҳам камида 7 тадан гол уришади.

- “Локомотив” ҳам янги легионерларни олди. Трансферлар яхши бўлди, деб ўйлайсизми?

- Бу савол менга эмас.

- Ҳа, аммо шахсий фикрингиз.

- Улар билан тўп суриш қулай. Қолгани мавсум охирида кўринади. Аммо ҳаммаси зўр.

- Терма жамоамизни ҳам кузатиб келяпсиз. Сречко Катанец ўзи истаган жамоани туза олдими?

- Ўйин услубини қурди. Тўғрисини айтсам, Грузияга қарши битта ўйинини кўрдим, унда ҳам 20 дақиқача. Тушунганманки, 5 та ҳимоячи билан ўйнайди. Шомуродов билан Эркинов каби тезкор ҳужумчилар билан қарши ҳужумга ўтиб кетиш тактикаси танланяпти. Менимча, барча ўйинларда шунақа ўйнаяпти. Энди ўзгартирмайди, вақт кам қолди. Ўзгариш қилишга энди улгурмайди ҳам. Шу боис таваккал қилмаса керак.

- Катанец сиз хоҳлаган мураббий бўлиб чиқяптими?

- Билмайман. Ҳаммасини Осиё Кубоги кўрсатади. Бизни келажагимиз Ўзбекистон олимпия терма жамоасидаги футболчилар.

зотеев1

- Олег Зотеев ўзбек футболида ўз сўзини айта олдими?

- Ўйлайманки, ҳамма нарсани ўзим учун исботлаб бўлганман. Нима хоҳлаган бўлсам эришдим. Барча совринларни ютдим, четга ҳам бориб келдим ва Кубок ютдим. Шунақаки, бошқалар 10-15 йил футбол ўйнайди, бироқ чемпион бўла олмайди. Менимча, фаолиятим яхши, мен қониқдим. Лекин ҳали яна кучим бор. Балки 3 йил ўйнарман. Ёшлар билан бир жамоадаман ва кўпроқ ҳаракат қиламан. Чунки улар билан рақобатлашаман. Улар менга, мен уларга ёрдам бераман.

- Ва битта армонингиз қолган – жаҳон чемпионати!

- Реал қарасак, мен жаҳон чемпионатига бормайман. Ўзбекистон албатта мундилага чиқиши керак, чиқмаса бўлмайди. Ёшларимиз жуда кучли. Бошқа мамлакатлар билан солиштирсак иқтидорларимиз кўп. Ҳар доим нимадир етишмайди. Масалан, яхши ёшларимиз чиқади, бироқ бир-икки йилдан кейин “йўқолиб” қолишади. Мураббий доим ҳам уларни орқасидан югурмайди-ку. Ёшларни ўзларига ҳам боғлиқ. Европада 17-18 ёшдан бошлайди, ўсади-ўсади, тўхтамайди. Менимча, бизда ўз устида кам ишлашяпти. Ўзбекистонда олдин зўр академиялар бор эди. “Машъал” нечта ўйинчи берган? Ҳозир биргина “Насаф” академияси бор. “Локомотив” секин-аста. “Пахтакор” олдингидек эмас. “Бунёдкор”да ҳам озгина пасайиш бўлди. Фақат “Насаф” қолди, бошқа академия йўқ. “Одил Жуниор” ҳам очилди. Лекин ўйинларини ва болаларни кўрмаганман. Менимча, яхши рақобат қила олади.

- Бутсаларингизни михга илганингиздан кейин ўзингизни мураббий ролида тасаввур қила оласизми?

- Мураббийликка жуда қизиқаман. Бўш вақтим бўлганида ўйинларга бораман. Мисол учун “Навбаҳор” – “Рубин” ўйинига бордим. 90 дақиқа учрашувни кўрдим. Тўғриси, ўтган йили мураббийлик ўқишига бормоқчи эдим. Аммо ўхшамади. Бунинг учун ҳозирча 100 фоиз иштиёқ йўқ. Лекин қизиқишим бор. Балки мураббий бўлиб қоларман.

Шуҳратбек Жўраев.       

"25 ёш бўлганимда у ерга текинга ҳам борардим, менга қизиғи қолмади" ёхуд Олег Зотеев Анталияда очиқ интервью берди (1-қисм)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!