"Ҳамма ўз вақтини кутиши керак" - Турдимуродов июнь ойининг энг яхши футболчиси ва энг чиройли голи муаллифи бўлгач, нималарни айтди?

Бу йил “Андижон” таркибида дебют мавсумини ўтказаётган 20 ёшли иқтидорли ҳужумчи Рустам Турдимуродов биринчи давранинг охирларини юқори даражада ўтказа олди.

Айниқса, июнь ойида унинг учун анча сермаҳсул бўлди. Боиси, ушбу ойнинг энг чиройли голи муаллифи бўлди. Қаршида “Қизилқум” дарвозасига урган голи ЎзПФЛ томонидан ойнинг энг чиройли голи дея эътироф этилди.

Бундан ташқари, Турдимуродов июнь ойининг энг яхши футболчиси номига ҳам сазовор бўлди. Чунки у сўнгги 5 та баҳсда 4 та гол уришга эришди.

- Рустам сизни ЎзПФЛ томонидан июнь ойининг энг яхши футболчиси бўлганингиз билан табриклайман. Номзодлар рўйхати эълон қилинганида бу ҳақида ўйлаганмидингиз?

- Катта раҳмат. Тўғрисини айтсам, бу ҳақида ўйламагандим. Чунки бошқа ўйинчиларни статистикаси ҳам яхши эди.

- Шунингдек, сиз июнь ойининг энг чиройли голи муаллифига ҳам айландингиз. Буни ҳам кутганмидингиз?

- Июнь ойида бир қанча жамоа ўйинчилари чиройли голлар уршди. Энг чиройли гол учун эътироф этилишимни кутмаган эдим.

- Энг чиройли голлар учун номзодлар эълон қилинганида сизга кўпроқ қайси гол ёққан? Ўзингизникими ёки...

- Рости, Арвеладзенинг голи кўпроқ ёқди.

- Дарҳақиқат, июнь ойида анча сермаҳсул ўйнадингиз ва 5 та баҳсда 4 та гол урдингиз. Бирдан ўйинингизга бундай кучни қўшиш қандай бўлди?

- Ҳамма ўз вақтини кутиши керак, деб ўйлайман. Мени ҳам ўз вақтим келди ва бундан фойдаландим.

- Иккинчи даврага тайёргарлик қандай кечяпти? Кўпроқ нималарга эътибор қаратилмоқда?

- Тайёргарлик яхши кечяпти. Ёзги йиғин чоғида спорт формамизни ўз жойига келтириш бўйича иш олиб боряпмиз.

- "Андижон"да дебют мавсумингизни ўтказяпсиз. Бошида ўринбосарлар жамоасида ўйнаб юрдингиз, кейин асосий таркибга жалб этила бошладингиз. Турдимуродов ўз сўзини айта бошлагани мухлисларни хурсанд қилмоқда. Бу масалада нима дея оласиз?

- Ҳа, тўғри ўринбосарлар жамоасида ўйнадим. Асосий таркибда ҳеч кимнинг жойи кафолатланмаган. Бунинг учун кучли ўйинчи эканлигингизни исботлашингиз керак.

- Биринчи даврадан қандай таассуротлар қолди?

- Биринчи давра мен учун дарс бўлди. Ўзига яраша сабоқлар чиқардим.

- Биринчи даврадан кейин "Андижон" сафида энг яхши тўпурар бўлиб турибсиз. Чемпионат ва Кубокда жами 5 та гол урдингиз. Иккинчи даврада яна нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?

- Албатта, ўз олдимга мақсад қўйганман. 10 та гол уриш ниятим бор. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davlatbek Alibekov
15/07/2024 19:04
Рустам сиздан иккинчи даврада х,ам галабали голлар кутиб к,олурмиз