“Пахтакор” жамоаси бу йил янги босқичга чиқди, буни тан олиш лозим. Аввало таркиб кучайтирилди, шароитлар аъло даражада яхшиланди, ишлаш услуби кучайтирилди, жамоадаги ҳар бир инсон ўз ишига профессионал даражада ёндашадиган бўлди. Бош мураббий Шота Арвеладзедан эса умид катта эди. Бироқ айни пайтда вазият шуни кўрсатиб турибдики, “Пахтакор” ва Арвеладзе йилни совринларсиз якунлайдиган кўринади. Аввалига Осиё Чемпионлар лигасидан қуруқ қолишди. Кейин эса Ўзбекистон Кубоги финалида ютқазиб қўйишди. Эндиликда чемпионлик ҳам “Пахтакор”нинг қўлидан чиқиб кетяпти. Бундан эса табиийки, ашаддий мухлисларининг хафсалалари пир бўлмоқда. Ҳозирги ҳолатда клубнинг спорт директори, ўзбек футболининг таниқли шахсларидан бири Жаъфар Ирисметов билан боғланиб, бир қатор муҳим масалалар бўйича суҳбатлашдик.

- Мана, ушбу мавсум ҳам поёнига етиб боряпти. Йил бошида “Пахтакор”нинг олдига катта мақсадлар қўйилганди. Аммо ҳаммаси аксинча тус оляпти. Аввалига Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан ўта олмади. Яқинда эса Ўзбекистон Кубоги қўлдан бой берилди. Энди бўлса чемпионлик ҳам тобора узоқлашиб боряпти. Шу боис спорт директори сифатида мазкур масалага нима дея оласиз? Бунинг сабабалари нимада?

- Ҳар доим “Пахтакор”нинг олдига олий мақсадлар қўйилади. Тўғри, Кубокни қўлдан бой бердик. Аммо ҳали чемпионатда яна учта тур бор ва кураш давом этади. Шу боис биз қўлимизни олдиндан туширганимиз йўқ, бу бизнинг одатимизга кирмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам чемпионлик учун курашишга охиригача ҳаракат қиламиз. Бу йилги мавсумдаги иштирокимиз ҳақида нима дейишим мумкин? Ўзингиз ҳам биласиз, яхши жамоани бир зумда шакллантириб бўлмайди. Шота Арвеладзе Ўзбекистонда ишлаётганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ишонаманки, кейинги мавсумда жамоамиз янада кучайиб, ўз олдимизга қўйилган мақсадларга эриша оламиз. Шота Юстинович ҳам ўтган бир йил давомида Ўзбекистон фуболини янада яқиндан ўрганиб, нималарга эътибор қаратиш кераклигини тушуниб етди. Шу боис келаси мавсумдан умидимиз катта. Ўйлашимча, бу йил “Пахтакор” ёмон ўйин кўрсатаётгани йўқ. Лекин айрим учрашувларда ўзимиз кутган ўйин ва натижалар қайд этилмади. Бунга бир қатор футболчиларимизнинг терма жамоаларимизга жалб этилгани ўз таъсирини ҳам кўрсатди. Айнан ушбу ўйинларда жамоамизни яхши тайёрлай олмадик. Энди эса келаси йили ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда жамоани шакллантирамиз.

- Умуман олганда, ҳозирги кунда раҳбариятнинг бош мураббийга бўлган ишончи ва эътибори қандай? Барибир натижага мураббий жавобгар-ку, тўғрими? Лекин сизнинг билдираётган фикрларингиздан шуни англаш мумкинки, “Пахтакор” келаси йилга ҳам Арвеладзега ишонади, шундайми?

- Ҳозирги кунда Шота Арвеладзе жиддий эътирозларимиз йўқ. Албатта, биз у билан ҳамкорликни яна давом эттирамиз. Ҳозирда Арвеладзе билан янги шартнома масалалари борасида гаплашяпмиз. Худо хоҳласа, келаси мавсумда ҳам Арвеладзе билан бирга ишимизни давом эттирамиз. Албатта, жорий мавсумда йўл қўйган хато ва камчиликларимизни келаси йили тўғрилаймиз ва кейинги йилда яхшироқ натижаларни кўрсатамиз.

- Кўпчилик билан гаплашганимизда Шота Арвеладзе ҳақида илиқ фикрларни билдираётганлар кам, танқидлар эса кўп. Негаки, “Пахтакор”даги шароит, катта имконият ва кучли таркиб билан ҳам вазифа бажарилмаётгани учун мураббийни айбдор қилиб кўрсатишяпти. Бу борада нима деган бўлардингиз?

- Бу борада нима деган бўлардим? Бундай бўлишида ҳаммамизнинг айбимиз бор. Чунки биз барчамиз бирга ишлаяпмиз. Шунинг учун ҳозирги вазиятда фақатгина бош мураббийнинг ўзини айбдор қилиб кўрсатмаймиз. Бироқ яна қайтаришим мумкинки, ҳали чемпионат баҳслари тугагани йўқ ва биз яна курашишда давом этамиз. Балки Худо насиб қилса, 1-ўринни ҳам қўлга киритиб қолармиз. Агар кейинги йилга ҳам натижа бўлмаса, бу бошқа гап. Бир нарсани тўғри тушунишимиз керакки, бир йилнинг ичида Арвеладзе ўзи истаган жамоани шакллантириб олиши ҳам қийин-да. Аммо шуни алоҳида айтишим мумкинки, ўтган вақт давомида биз мураббийдан анча-мунча нарсаларни ўргандик. У чинакам профессионал ва ўзимизнинг мураббийларда кузатилмаган хусусиятлар унда мужассам. Олдимизда яна учта бор, шундан кейин яна хулоса чиқарамиз.

- Шунингдек, эшитишимча, “Пахтакор” янги мавсум учун бошқа легионерлар билан музокара олиб бораётган экан. Ўзингиз мазкур масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз яхши бўларди.

- Ҳозирча легионрелар борасида бундай хабарлар йўқ. Ўзингиз ҳам биласиз-ку, бизда легионерлар лимити тўлган. Бизни барча хорижий футболчиларимиз билан шартномаларимиз бор. Шунинг эвазига ҳозирча янги легионерлар билан музокаралар олиб бормаяпмиз. Лекин ишлашда давом этяпмиз. Аммо ўзбекистонлик яхши савиядаги ўйинчилар билан гаплашяпмиз. Келаси йилга таркибимизни ўзимизнинг йигитлар билан янада кучайтирамиз деб ўйлайман.

- “Пахтако”нинг Кубок финалини диққат билан кузатдик. Очиғи, клубнинг мағлубиятга учрагани биз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Айтинг-чи, сизнингча ўша ўйинда “Пахтакор” ниманинг ҳисобига ютқазди?

- Тўғрисини айтсам, Кубок финалида ўзимиз ҳам нималар бўлганига тушунмай қолдик. Биз футболчиларимиздан яхши ўйин кутгандик. Майли, бу ҳаёт, бундай ҳолатлар бўлиб туради. Менимча, йигитларимиз ўйинга яхши тайёргарлик кўра олишмади деб ўйлаяпман. Балки бизникилар рақибни бўш деб, кучига етарлича баҳо бермагандир. Бундан ташқари, майдоннинг аҳволи ҳам бизни қониқтирмади. Чунки ўйинчиларимиз сифатли майдонда ўйнашга ўрганиб қолишган. ОКМК жамоасига эса Фарғонадаги майдон жуда қўл келди. Уларнинг ўйинига мос келадиган майдон эди. Бу билан майдонни баҳона қиляпти деб ўйламанг. Лекин футболда шундай ҳолатлар бўладики, майдон бир жамоага қўл келса, иккинчисига умуман акси бўлади. Умуман олганда, мағлубиятимизнинг сабаблари кўп. Аммо аввало айбни ўзимиздан қидирамиз. Қисқаси, ўша учрашувга етарли даражада ҳозирлана олмадик деб ҳисоблайман.

- Чемпионлик учун кураш “Пахтакор” учун охирги имконият. Аммо “Локомотив” билан ўртадаги очколари фарқи 6 тани ташкил қиляпти. Қолаверса, “Локо” майдонида жамоани яна бир оғир учрашув кутяпти. Агар чемпионлик ҳам расман қўлдан бой берилса нима бўлади?

- Нима бўларди? Айтяпман-ку, хатоларимиздан тўғри хулоса чиқариб, кейинги йилда янада каттароқ мақсадлар учун курашамиз. Қолаверса, ҳеч бўлмаса 2-ўринни эгаллаб Осиё Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритишимиз керак. Лекин ҳали биз учун 2-ўрин ҳам нақд қилиб қўйилмаган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қолган учрашувларда биз 1-ўрин учун курашамиз. Ёки ҳеч бўлмаганда ўша 2-ўрин билан Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида қатнашиб, гуруҳ босқичига чиқишимиз керак.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ахмад49
08/11/2018 16:55
Шухратбек Жураев нима учун Ирисметовга Пахтакорни нима учун УФА куллаб куватлаётгани,нима учун бутун бошлик хакамлар кумитаси Пахтакор томонида булаётганлиги хакида савол бермадингиз.
&
Абдул
08/11/2018 17:10
Сани Томин кэткамми Ахмад хакамларни теппасида шагам ушлаб туруди нгми

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98