Ҳусанов “Барса”даги рақобатчилардан кучли
Экспертлар Абдуқодирнинг “Барса”га трансферини муҳокама қиляпти
Кейинги пайтда “Манчестер Сити” атрофида юзага келган вазият туфайли жамоа етакчиларининг бошқа клубларга ўтиб кетиши мумкинлиги кўп муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, Европа нашрлари Абдуқодир Ҳусановга Англиянинг “Челси”, “Астон Вилла”, “Эвертон” ва “Борнмут” каби клублари қизиқаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Энди эса, ўзбек футболчисига даъвогарлар қаторига Испания чемпиони “Барселона” ҳам қўшилгани ҳақида хабарлар чиқа бошлади.
Жаҳон футболи экспертлари бу трансферни ҳар томонлама муҳокама қила бошлади. Улар 22 ёшли Ҳусановнинг ўйинини “Барселона” марказий ҳимоячилари билан таққослашда Sofascore статистик портали кўрсаткичларини келтирмоқда.
Мутахассислар фикрича, “Барселона”га майдонда мувозанат жуда зарур. Шунинг учун, масалан, ёзда таянч ярим ҳимояси учун Родри олиб келинган. Ҳусановнинг трансфери ҳам барқарорликни оширишга хизмат қилади. У ҳимоявий ўйин сифатлари бўйича эҳтимолий рақибларидан устун.
Абдуқодирни Пау Кубарси билан таққосламаймиз, чунки Кубарсининг асосий таркибдаги ўрни тўлиқ кафолатланган. Бироқ Жерар Мартин, Жюль Кунде ва Эрик Гарсия билан таққослашга арзийди.
Биринчидан, Ҳусанов уларнинг барчасидан ёш.
Иккинчидан, тўпни олиб қўйиш, рақиб узатмаларини тўхтатиш, зарбаларни тўсиш, ердаги ва ҳаводаги яккама-якка курашларда ғалаба қозониш бўйича кўрсаткичлари яхшироқ.
Учинчидан, Абдуқодирнинг бўй-басти ва жисмоний куч-қуввати “Барса” марказий ҳимоячиларидан устун.
Sofascore статистик портали таҳлилига кўра, Абдуқодир Ҳусанов бир ўйиндаги аниқ узун узатмалар сони, тўпни олиб қўйишлар, тўпни олиб қўйишга қаратилган ҳаракатлар, тўсиб қолинган зарбалар, ердаги яккама-якка курашлардаги ғалабалар сони, ердаги яккама-якка курашларда ғалаба қозониш фоизи, ҳаводаги яккама-якка курашларда ғалаба қозониш фоизи бўйича Жерар Мартин, Жюль Кунде ва Эрик Гарсиядан анча олдинда экани қайд этилган.
Статистик кўрсаткичлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ҳусанов рақибларига деярли ҳеч қандай имконият қолдирмасдан, ҳимоянинг турли ҳудудларини ишончли назорат қила олади. Бу жиҳатдан у “эл-класико”да Ямални самарасиз ҳаракат қилишга мажбур этган Кукурельянинг ўйинини эслатади.
Ҳусановнинг “Барса”га ўтишига нима тўсқинлик қилиши мумкин?
Ҳусанов трансфери бўйича асосий жиддий хавотир “Барселона” мутасаддиларининг “Манчестер Сити” раҳбарияти билан келиша оладими ёки йўқ, деган масалага боғлиқ.
FullTime Report нашри Манчестер Суперклубининг молиявий қоидаларни бузгани билан боғлиқ муаммоларни ва бу ҳолатда уларга қандай жазо қўлланишига қараб, клубдан футболчиларнинг кетиши мумкинлигини тилга олмоқда. Бироқ суд жараёни ҳали якунланмаган бир пайтда бу муаммолар трансферга қандай таъсир кўрсатишини олдиндан айтишга қийин.
Ҳусановнинг трансфери “Барселона” учун жуда фойдали харидга айланиши мумкин. Аммо ҳимоячини қўлга киритиш осон бўлмайди. Мана шу тўсиқлар фонида “Барселона” раҳбарияти ўзбек футболчиси бўйича қандай қарорга бориши кўпчиликни қизиқтириб турибди...

Изоҳлар (0)