Бугунги Суперлига имкон қадар ўз номига мос равишда бўлиши учун ислоҳотлар ва янгиланишларнинг натижаси ўлароқ чемпионатдаги шиддат ва муросасизлик олдинги йилларга нисбатан кўпайди, десак янглишмаймиз. Бунинг учун эса клублар сафида тўп сураётган футболчилар ҳам шунга монанд янада яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қилаётганлиги ҳам бор гап. Зеро, буни Суперлига беллашувлари давомида кўриб турибмиз. Муҳими, Ўзбекистон чемпионатида тезкор ўйинлар ҳам ортиб бормоқда. Агар иштирокчи жамоалардаги футболчиларга эътибор қаратадиган бўлсак, борган сари ёш иқтидорли ўйинчиларнинг ҳам кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Лекин шу билан бирга бугунги кунда Суперлигамизда “оқсоқол”га айланган ўйинчилар ҳам йўқ. Хўш, улар ҳозирги пайтдаги Суперлигага қанчалик мос тушишяпти? Унинг даражаси билан тенглаша олишяптими? Про-лигада 42 ёшли Акмал Холматов ҳали ҳам футбол ўйнаётгани эътиборга молик. Биз эса  ушбу масала юзасидан Суперлигадаги «оқсоқоллар» ҳақида фикр юритишга қарор қилдик.

Анвар Бердиев - 40 ёш

Клуби: “Нефтчи”

Туғилган йили: 11.05.1978

11 май куни 40 ёшини қарши олган Анвар Бердиев ҳали ҳам футболчи! Охирги йилларни “Андижон” сафида қуйи лигада ўтказган ҳужумчининг ушбу йилнинг бошида янгиланган Суперлигада пайдо бўлиши қайсидир маънода ажабланарли бўлганди. Ўзи учун қадрдон клубга айланиб қолган “Нефтчи”га қайтиши бугунги кунда ҳозирда қанчалик фойда беряпти? Барчага маълумки, фарғоналиклар чемпионатда яққол аутсайдер ҳисобланишади. Шундай экан, жамоадаги футболчилар ҳам шунга яраша ўйин намойиш этишяпти. Воқеага реал кўз билан қарайдиган бўлсак, ушбу футболчининг фақат номи қолгани кўриниб турибди. Албатта, у яхши инсон, юмшоқ характерга эга. Қолаверса, ўз вақтида Ўзбекистоннинг кучли ҳужумчиларидан бири ҳам бўлган. Лекин вақ олий ҳакам деганларидек, бугунги Анвар Бердиевга куч етмаяпти. Эътибор қаратган бўлсангиз, “Нефтчи” ўзи шундоқ ҳам кучсиз ўйин кўрсатмоқда. Аммо шунда ҳам 40 ёшли ўйинчи асосан захирада ўтирибди. Тўғри, у бу ерга ёрдам бериш мақсадида келганди. Қолаверса, фаолиятини “Нефтчи”да якунлаш учун ҳам шу ерга қайтган бўлса ажаб эмас. Лекин чемпионатдаги шиддатни кўриб турибсиз. Шундай экан, Анвар Бердиев ҳам ўз ўринини ўсиб келаётган ёшларга бўшатиб берса бўлаверади. Балки ёзги танаффус вақтида Бердиев яна бир бор фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаб кўрар.

Анвар Ғофуров - 36 ёш

Клуби: “Бунёдкор”

Туғилган йили: 14.05.1982

Суперлигада Бердиевдан кейинги ёши катта ўйинчилар орасида иккинчи ўринда турувчи футболчи – бу Анвар Ғофуров. Яқинда 36 ёшни қаршилаган ҳимоячи айни пайтда иккинчи ёшлигини ўтказмоқда. Боиси у “Бунёдкор” сафида доимий равишда асосий таркибда ўйнаб келаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жуда тартибли ва маданиятли футболчи сифатида ўзидан яхши таассурот қолдириб келаётган Ғофуров мураббийларнинг ишончини ҳали ҳамон оқлаб келаётгани таҳсинга сазовордир. Ўтган йили собиқ “Обод” клубида фаолиятини давом эттирган пайтида унинг жорий мавсумда “Бунёдкор” билан яна чемпионлик учун кураш олиб боришини кўпчилик ўйламаганди. Аммо “қалдирғочлар” устози Миржалол Қосимов Анварнинг имкониятларини яхши билган ҳолда унинг “Бунёдкор”га фойдаси тегишига ишонди ва амалда ҳам шундай бўляпти.

- Мен ҳали фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаётганим йўқ, дейди – Анвар Ғофуров. – “Бунёдкор”да мураббийлар менга тўлиқ ишонч билдириб, қўллаб-қувватлашяпти. Бу эса менга қўшимча куч бағишлаяпти. Жисмоний тайёргарлигим жойида ва бемалол футбол ўйнашга кучим етяпти. Шунинг учун ёшлар билан бемалол рақобатлашяпман. Муҳими, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва жамоамга фойдам тегаётганидан хурсандман.

Камолиддин Тожиев - 35 ёш

Клуби: “Пахтакор”

Туғилган йили: 05.03.1983

Бердиев ва Ғофуров сингари ушбу ўйинчи ҳам май ойида таваллуд топган. Яқинда 35 ёшга тўлган Камолиддин Тожиев ҳозирча “Пахтакор”нинг захирасини тўлдириш учун керак бўлаётгандек. Чунки клубдаги кучли рақобат туфайли ушбу ҳимоячи ҳозирча Шота Арвеладзенинг бошланғич таркибидан жой ололмаяпти. Балки Тожиев клубда рақобатни ушлаб туриш учун керак бўляптимикин, деган хаёлга ҳам боряпмиз. Аммо бош мураббий бир неча бор ушбу футболчи ҳақида илиқ фикрларни билдириб, исталган пайтда жамоага ёрдам бера олиши ҳақида айтганди. Лекин захирага “михланиб” қолаётгани Камолиддинга ёқмаётгани турган гап.

Носир Отақўзиев - 34 ёш

Клуби: “Қўқон-1912”

Туғилган йили: 30.01.1984

“Қўқон-1912”нинг фахрийсига айланган ҳужумчи ҳали ҳамон етакчи бўлиб келмоқда. Қолаверса, у жамоасининг сардори ҳам ҳисобланади. Бош мураббий Нўъмон Ҳасанов Отақўзиевни баъзида асосий таркибда, яна баъзида захирадан майдонга туширади. Муҳими, у ўйинда бўлган пайтида жамоасининг ҳужумини фаоллаштириб туришда ўзи ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга у гол уришни ҳам унутиб қўяётгани йўқ.

Неманья Йованович - 34 ёш

Клуби: “Қизилқум”

Туғилган йили: 03.03.1984

Чемпионатимиздаги легионерлар орасида “кекса” ўйинчи ҳисобланган сербиялик ушбу ўйинчи фаолиятида иккинчи бор “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг устунлиги асосан иккинчи қаватда кўзга ташланади. Шу боис Йованович жамоасининг асосий ҳужумчиси саналади. 34 ёшда эканлиги эса ҳозирча унинг ўйин савиясига жиддий таъсир кўрсатмаётгандек. Аммо вақт ўтиб боргани сари Неманьяга таъсир кўрсатиши табиий. Айниқса, жисмоний томондан толиқиш ушбу ўйинчида сезилиб қоляпти.

Зоҳид Абдуллаев - 34 ёш

Клуби: “Металлург”

Туғилган йили: 25.05.1984

Зоҳид Абдуллаев ҳам бир қарашда кекса ўйинчилар қаторига қўшилиб қолди. Фаолиятининг катта қисмини “Металлург” жамоаси учун ўтказиб келаётган ҳужумчи Хикмат Ҳошимовдан кейин бекободликларнинг сардорига айланди. Очиғини айтганда, Абдуллаев ўз клубининг етакчиларидан бири ва унинг майдонда борлиги “Металлург”га анча фойда бераётганини бир қатор учрашувларда кўрдик.

- “Металлург” клубида ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Раҳбарлар, мураббийлар, футболчилар ва мухлислар менга ишонишади. Шунинг учун зиммамдаги масъулиятли вазифани бажаришга ҳар бир ўйинда қўлимдан келганича ҳаракат қиляпман. Жисмоний томондан ҳам кучим етарли даражада ва жамоам учун ёрдам беришга ҳамиша тайёрман. Қолаверса, жамоадошларимнинг ҳам ёрдамимни ҳис қилиш ёқимли. Биз бир оиламиз, - дея фикр билдирди, Абдуллаев.

Эркин Бойдуллаев - 34 ёш

Клуби: “Қизилқум”

Туғилган йили: 04.10.1984

“Қизилқум” сардори ва етакчиси! Эркин Бойдуллаевни “Қизилқум”нинг “юраги” дейиш мумкин. “Насаф”даги бир неча йиллик фаолиятидан кейин Навоий жамоасида ўйнаб келаётган таянч ярим ҳимоячиси ҳозирча ёши ўтиб бораётганини ўйламаяпти. Ўзининг айтишича, ҳозирча жисмоний томондан толиқишни у қадар сезаётгани йўқ. Бойдуллаев профессионал футболчи сифатида қандай режим остида ишлашни яхши билади.

Артур Геворкян - 34 ёш

Клуби: “Қизилқум”

Туғилган йили: 22.11.1984

“Қирол Артур” номи билан танилган Геворкяннинг “Қизилқум”даги фаолиятини ўртача баҳолаш мумкин. “Насаф”даги ёрқин ўйинларидан кейин навоийликлар жамоасида ҳозирча олдинги Артурни кўраётганимиз йўқ. Балки унга ёши ўтиб бораётгани қайсидир маънода таъсир кўрсатаётгандир. Одатда бундай жараёнда ҳар кимда турлича бўлади. Масалан, юқорида таъкидлаганимиздек, Анвар Ғофуров 36 ёшида ҳам бинойидек ўйнаяпти. Геворкян эса 34 ёшида олдинги ўйинларини йўқотгандек таассурот уйғотмоқда. Лекин жамоа бош мураббийи Ҳамиджон Актамов клубнинг фахрийлари – Йованович ва Бойдуллаев сингари Геворкянга ҳам ишонч билдиришини бир неча бор айтганди.

Шуҳратбек Жўраев.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98