ЦСКА Файзуллаевни Парижга қўйиб юборадими?

Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКА ўйинига таъсири жуда катта. “Армиячилар”нинг аксарияти ҳужумлари айнан ўзбек легионери иштирокида ташкил этилади.

Бироқ 20 ёшли легионеримизни тарихий мусобақа кутиб турибди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ёзда Париж мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этади.

Футболчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига илк маротаба йўлланма олди. Аббосбек Файзуллаев ушбу турнирда қатнашиши учун ЦСКА раҳбарияти уни қўйиб юборишга рози бўлиши керак.

Легионеримиз журналистлар саволларига жавоб бериш жараёнида бу масалага ҳам тўхталиб ўтди.

— Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Олимпий ўйинларига чиқди...

— Бу мамлакатимиз учун жуда муҳим тарихий натижа. Мен ана шу жамоанинг бир бўлаги бўлганимдан фахраланман. Биз одамларга катта хурсандчилик тақдим этдик.

— Сўнгги учрашувда ўйнамаганингга қандай муносабат билдирасан?

— Клуб ва федерация ўртасидаги келишувни ҳурмат қиламан. Ўзим финалда ўйнашни истагандим, лекин келишув бор эди ва унга кўра ҳаммаси шундай якунланди.

— Олимпиадага борасанми?

— Бу масалани ҳали муҳокама қилмадик. Ҳозир бор эътиборимни ЦСКАга қаратганман. Биз Россия кубогида ғолиб чиқишни истаймиз, “Зенит”ни мағлуб эта оламиз. Бу чемпионат бўладими ёки кубок ўйини фарқи йўқ. Финалга чиқиш жуда муҳим ва чемпионатнинг ҳам аҳамияти катта.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё кубогида иккинчи ўринни эгаллаб, Парижда бўладиган Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Олимпиаданинг футбол мусобақаси 24 июлдан 9 августгача бўлиб ўтади.

Россия Премьер-лигасининг янги мавсуми эса 19 июль куни бошланади.

Ўзбекистон олимпий терма жамоаси ёзги ўйинларнинг “С” гуруҳига тушган. Футболчиларимиз бу квартетдан чиқиш учун Испания, Миср, Доминикан Республикаси олимпиячилари билан куч синашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
07/05/2024 21:21
"Тупой"мисилар?! ФИФАни расшифровка" қилиб кўринглар.