Неймар нега 1023 дақиқа давомида гол уролмади?

 

Футбол статистикаси билан шуғулланадиган мутахассислар Бразилия терма жамоаси ва "Барселона"нинг суперҳужумчиси Неймарнинг чўзилиб кетган голсиз сериясига эътибор қаратишди.

Неймар 2013-2014 йилги мавсумда 41 та расмий учрашувда 15 та гол уриб, 15 марта голли пас узатган эди. Кейинги мавсумда бразилиялик ҳужумчи 51 ўйинда 39 та гол урди ва 11 та самарали тўп оширди. Ўтган йилги мавсумнинг 49 та учрашувида қатнашган Неймар 31 та голга ва 27 та голли пасга муаллифлик қилди. Мутахассислар буни ажойиб кўрсаткич деб баҳоламоқда.

Янги мавсумни Неймарнинг фойдасига ёзиб бўлмайди. Суперфутболчининг ўйини қовушмаяпти. Статистик кўрсаткичлар ҳам шундан далолат бермоқда. Бу мавсум барча турнирларда 20 та расмий ўйин ўтказган Неймар атиги тўртта гол урди. Голли паслар борасида вазият анча яхши - 14 самарали пас.

Лекин Неймарнинг голсиз серияси 1000 дақиқадан ошиб кетди. Неймар "Брселона" учун сўнгги голини ўтган йилнинг 10 октябрь куни Европа чемпионлар лигасида "Манчестер Сити"га урган эди. Испания чемпионатида эса охирги марта 2 октябрь куни "Сельта" дарвозасини ишғол қилган.

Мутахассислар Неймарнинг гол уролмаётгани сабабини футболдан ташқаридаги ҳаётига боғлашаётган эди. Бироқ, Неймар ўзи учун ёқимсиз бўлган голсиз серияга барҳам беришга муваффақ бўлди. Тунда ўтказилган Испания Кубоги нимчорак финал жавоб ўйинида "Барселона" жамоаси ўз майдонида "Атлетик" футболчиларини 3:1 ҳисобида енгди. Голлардан иккинчисини 48-дақиқада Неймар пенальтидан киритди. Шу тариқа бразилиялик футболчининг голсиз серияси 1023 дақиқада ўз поёгина етди. Бу ёғига тўпурарнинг йўли очилиб кетса керак.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!