
Жароҳат олган ҳакам трибунада ўтирган мухлисга алмаштирилди!
Футболда камдан-кам бўладиган ҳодиса содир бўлди. Ўтган дам олиш кунларида 3-Бундеслига ўйинлари ўтказилди. “Веен” ва “Меппен” қарама-қаршилиги чоғида қанот ҳаками оғир жароҳат олди. Натижада, у ўйинни давом эттира олмаслиги маълум бўлди. Баҳсни давом эттириш учун Германия футбол қоидаларига кўра, лицензияга эга ҳакам бўлиши шарт. Энг қизиғи, ўша куни трибунада ўйинни мана шундай рефери томоша қилаётган эди.
Биринчи бўлим ўрталарида қанот ҳаками Мариус Шлюве қўрқинчли жароҳат олди. У оёқлари қай даражада қайрилиб кетганини ушбу суратда ўзингиз ҳам кўришингиз мумкин. Шу боис, воқеани изоҳсиз қолдираман.
Ўз-ўзидан қаҳрамонимиз ўйинни давом эттира олмаслиги маълум бўлди. Шифокорлар уни замбилда майдондан олиб чиқиб кетишди.
Ҳакам ёрдамчисини алмаштиришнинг имкони йўқ эди. Сабаби, Бундеслиганинг бу қисмида ўйинлар захира ҳакамларисиз ўтказилади. Қоидага кўра, баҳс мана шу ерда тўхтатилиши лозим эди. Бу эса ўйинни томоша қилгани келган мухлисларга ёқмаслиги аниқ. Натижада, майдон сухандони стадионга ўрнатилган “карнайлар” ёрдамида ишқибозлар орасида лицензияга эга ҳакам борлиги билан қизиқди.
Аслида, бундай вазиятда керакли инсон керакли жойда бўлмаслигини эҳтимоли юқори, аммо ўша оқшом Яннис Яшке баҳс томоша қилиш учун ўйинга келган эди. Бунга қадар болалар ва ҳаваскорлар футболида рефери сифатида ишлаган ёш йигит ўз хизматларини таклиф этди.
Учрашув бош ҳаками унга керакли кўрсатмаларни бергач, трибунадаги йигитга ҳакамлик либоси кийдирилди. Қарабсизки, баҳс давом эттирилди. Қаҳрамонимиз ҳаяжонини беркита олмаганига қарамай, ўйиннинг қолган қисмида аъло даражада ишлади.
Якунда, турнир жадвалида энг охирги ўрнида кетаётган “Меппен” мусобақада етакчилик қилаётган “Веен” устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди.
Комментарии