Моуриньо Туркиядан секин “қочиб” қолмоқчи

“Рома”дан истеъфога чиқарилганидан кейин Туркиядан иш топган Жозе Моуриньо бу мамлакатда ҳам узоқ қолмоқчи эмас.

Айни пайтда “Фенербаҳче”ни бошқараётган португалиялик мутахассис яна Англия Премьер-лигасига қайтиб боришга умид боғлаган.

Маълумотларга қараганда, “Ньюкасл” раҳбарияти натижалар қониқарсизлиги туфайли бош мураббий Эдди Хауни ишдан олишни режалаштирмоқда.

Агар вазият шу даражага етиб борса, Жозе Моуриньо “қарғалар”га устозлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, 61 ёшли португалиялик мутахассис Англияга қайтиш учун “Ньюкасл”ни идеал вариант, деб ҳисобламоқда ва бу жамоага оид ҳар қандай янгиликдан бохабар бўлиб туришни йўлга қўйди.

Бундан ташқари, Моуриньо “Ньюкасл” бошқарув кенгаши вакили Ясир Ар-Румайян билан ҳам дўстона муносабатга эга ва у билан хабарлашиб турибди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!