Муҳсин Ҳисомиддинов Парижда тенгсиз бўлди
Ҳар йили 24 июль санасида Франциянинг Париж шаҳрида катта Кураш байрамини ташкил этиш анъанага тусига кириб бормоқда.
Айнан шу куни орзу ва муҳаббат рамзига айланган Эйфил пойида нафақат кўҳна қитъанинг балки дунёнинг энг забардаст полвонлари куч синашади.
Нуфузли Кураш байрамига йиғилган шиддатли ва жозибадор баҳсларга гувоҳ бўлиш билан бирга Ўзбек маъданияти, санъати ва албатта миллий ҳунармандчилик кўргазмаларидан ҳам баҳраманд бўлишади.
Бу йил ҳам шундай бўлди. Халқаро Кураш ассоциацияси тақвим режасидан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирда дунёнинг 20 га яқин давлатларидан вакиллар иштирок этишди.
Кураш баҳслари эса кутилганиданда шиддатли ва муросасиз бўлиб ўтди. Нафақат Жаҳон чемпионлари балки бошқа спорт турларидан ҳам номдор полвонлар, олимпия ўйинлари иштирокчилари, қитъа ва дунёда тенгсиз топилган энг сара полвонлар ғолиблик учун гиламга чиқди.
Кураш бўйича 4 карра жаҳон чемпиони, 2 карра Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов ўз титулига Париж турнири ғолиблигини ҳам ёзишга муваффақт бўлди.
У ярим финал баҳсида Сербиялик ALEKSANDAR KALABIC ни мағлубиятга учратди. ALEKSANDAR KALABICни Кураш мухлислари яхши билишади. У ўтган йили Германиянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирнинг мутлоқ вазн тоифасида тенгсиз деб топилган эди. Жорий йилнинг 30 июн куни бўлиб ўтган Полшада Европа ўйинлари доирасидаги Европа очиқ чемпионатида кумуш медални қўлга киритган.
Финал баҳсида эса Европа очиқ чемпионати ғолиби VIKTORS RESKOнинг қаршилигини енгиб ўтган Муҳсин Ҳисомидддинов олтин медал ва 3000 евро пул мукофоти билан Тошкентга қайтадиган бўлди.
Аёллар ўртасида баҳслар эса янада қизиқарли ўтди. Унда Германиялик JASMIN GRABOWSKI финалда Грузиялик ELENA KEBADZEни мағлубиятга учратди ва Париж турнири ғолиблигини қўлга киритди.
Руминиялик BIANCA-ELENA PRODAN ва Кураш ватани вакиласи Ситора Ҳусановалар бронза медаллари билан тақдирланди.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан, турнир доирасида маданий тадбирлар ташкил этилди. Унда Ўзбек санъатининг таниқли юлдузлари ўз қўшиқлари билан иштирокчиларга ҳақиқий байрам кайфиятини туҳфа этишди.
Мазкур тадбирларда IKA Администрацияси рахбари Мансур Мирзаев иштирок этди ва Францияда Курашни янада ривржлантириш, кенг ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида куплаб учрашувлар ўтказди.
Фикрлар