Профессионал бокс оламидаги муҳим жанглар ( Анонс)
Жорий йил охирига қадар профессионал бокс ихлосмандлари бир қатор ажойиб жангларнинг гувоҳига айланишади. Чемпионлик жанглари, камарларни бирлаштирувчи қарама-қаршиликлар бизни кутиб турибди. Таъбир жоиз бўлса, сўнги йиллар мобайнида профессионал бокснинг нуфузи бир мунча тушди десак муболаға бўлмайди. Чунки, супер жанглар камдан-кам ташкил этилди. Мухлислар анчагина зерикиб қолишди. Аслида, улар катта-катта жангларни исташади.
Бу жиҳатни мазкур спорт олами раҳбарияти тушуниб етган чоғи. Тўғрироғи, бунга яна бир муҳим омил сабаб бўлди. Яъни, яккакураш оламида ММА аста-секин ўз ўрнига эга бўлиб борди. UFC, Bellator промоушенлари жиддий рақобат кўрсата бошлади. Ушбу спорт туридаги супер тўқнашувларнинг тез-тез уюштирилиши, профессионал бокс равнақига таъсир қилди десак янглишмаган бўламиз.
Хуллас, профессионал бокс оламида ҳам жонланиш пайдо бўлди. Бунга ушбу йил ўтказилаётган бир қатор ажойиб, тўқнашувлар мисол бўла олади. Бугунга қадар бир қатор эътиборга молик жанглар бўлиб ўтди. Йил охирига қадар ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бизни бир-биридан қизиқ баҳслар бизни кутиб турибди. Қуйида, ушбу қарама-қаршиликларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
14 сентябрь
Лас- Вегас T-Mobile Arenaда АҚШ
Тайсон Фьюри ( Буюк Британия) ва Отто Валлин (Швеция)
Ушбу жанг 90.7 кгдан юқори яъни супер оғир вазн тоифасида ўтказилади.
Бу жанг ҳақида нима дейиш мумкин. Тўғри, Отто мағлубият билмай келмоқда. Унинг ҳисобида 20 та ғалаба мавжуд. Уларнинг 13 тасида рақибларини нокаутга учрата олган. Шундай бўлсада, Фьюри “класс” борасида рақибидан анчагина юқори. Қолаверса, британиялик ҳам мағлубиятсиз одимламоқда. У 28 та жанг ўтказган уларнинг биттасида дуранг қайд этган эди. У ҳам бўлса, WBC чемпиони Деонтей Уайлдер билан. Демак, 27 та ғалаба уларнинг 20 тасида нокаут қайд этган. Швед боксчиси ҳали Фьюри савиясидаги рақиб билан тўқнаш келмаган. Британиялик эса қандай дахшатли боксчиларга дуч келганлиги барчага аён.
Владимир Кличко, Деонтей Уайлдернинг ўзи кўп нарсани англатади. Валлиннинг биргина ютуғи, унинг чапақайлигида десак бўлади. Одатда, бу тоифадаги чармқўлқоп усталари баъзи ноқулайликларни келтириб чиқаради. Лекин, Тайсон кўп бора бундай рақиблар билан ҳам тўқнаш келган. Хуллас, бу жангда Фьюрини имконияти анчагина юқори назаримизда.
Фоизлар борасида эса, 70/30 деб баҳолаган бўлардик.
28 сентябрь
Лос-Анджелес, Стэплз Центр, АҚШ.
Эррол Спенс (АҚШ) – Шон Портер(АҚШ)
Ушбу жанг 66.7 кг вазн тоифасида WBC ҳамда IBF камарлари учун кечади.
Дарҳақиқат, мазкур тўқнашув барчанинг диққат марказида десак муболаға бўлмайди. Балки, йил жангига ҳам даъвогар бўлиши мумкиндир. Айниқса, юртимиз бокс ихлосмандлари ушбу қарама-қаршиликни орзиқиб кутаётганлиги аниқ. Чунки, мазкур баҳснинг ғолиби билан юртдошимиз Қудратулло Абдуқаҳҳоровнинг рингга кўтарилиш эҳтимоли юқори. Албатта, ҳамюртимиз ҳам октябрь ойида Луис Коллазони мағлубиятга учрата олса, чемпионлик титули учун рингга кўтарилади. Тўғри, ушбу жанг ғолиби Қудратуллога рад жавобини бериши мумкин. Лекин, қайсидир камардан воз кечиш эвазига. Шундай ҳолат юзага келса, вакант қолган камар учун, Абдуқаҳҳоров ўзидан бир поғона пастдаги боксчи билан жанг олиб боради. Қисқаси, жуда-жуда эътиборга молик бўлган тўқнашув. Бироз мавзудан чалғиб кетдик чамамда.
Асосий мавзуга қайтадиган бўлсак, бир-бирига муносиб рақиблар. Кичик Спенс фаолияти давомида мағлубиятга учраган эмас. У 25 та жанг ўтказиб, уларнинг 21 тасини нокаут билан якунлаган. Ўзига ҳос “панчер” ҳисобланади. Шонда эса аксинча мағлубият ҳам дуранг ҳам бор. У профи рингда 30 маротаба жанг ўтказиб уларнинг 27 тасида ғалаба қозонган. Икки бор мағлубиятга учраган бўлса, бир марта дуранг қайд этган. 17 бор рақибларини нокаутга учратган. Умуман олганда, ушбу тўқнашувда Эррол Спенснинг имконияти юқори баҳоланмоқда. Бунга етарли сабаблар ҳам бор. Жумладан, бўй борасида 7 см баланд. Шон 170 см, Спенс 177 см. Эрролнинг яна бир эътиборли жиҳати чапақай ҳисобланади. Портер эса асосий зарбани ўнг қўлда беради.
Шундай экан, Шон учун жигарни ҳимоя қилиш қийин бўлади. Улар орасидаги тафовутни яққол билиб олиш учун ҳар иккисининг Келл Брукка қарши ўтказган жангини кузатиш кифоя. Мазкур жангда Шон Портер фаолиятидаги мағлубиятлардан бирини қабул қилиб олади. Эррол эса аксинча унга хеч қандай имконият қолдирмаган. Яна бир омил Шон фаолияти давомидаги бошқаларга нисбатан кучлироқ бўлган икки боксчи юқорида таъкидлаб ўтганимиз Келл Брук ҳамда Кит Турманларга қарши жанг олиб борган ва ҳар иккисига мағлуб бўлган. Улар савиясидаги Денни Гарсия ҳамда ўз вақтидаги Пол Молиньяжини мағлуб этганлигини эътироф этмасак, қолганлари у қадар юқори савиядаги боксчилар деб айтмаган бўлардим.
Тўғри, сўнги жангида кубалик Угас Йорденисни мағлубиятга учратди. Шундай бўлсада, барибир рақиблари орасида энг кучлиси дея ўша мағлуб эта олмаган боксчиларни эътироф этган бўлардим. Портернинг кучли тарафи, у очиқ жанг олиб боришдан қўрқмайди. Ва яна жангнинг боришига қараб, тактик ҳолатини тез ўзгартира олади. Эхтимол, ушбу жиҳатлари фойда келтирар... Албатта, бу шахсий фикримиз. Булар ҳақида яна кўп фактларни келтирсак бўларди. Лекин шу ерда тўхтай қолайлик.
Демак, Эррол Спенсда имконияти юқори, 60/40 .
5 октябрь
Нью-Йорк, Мэдисон-сквер-гарден, АҚШ
Геннадий Головкин( Қозоғистон) – Сергей Деревянченко (Украина)
Профессионал бокс оламида украиналиклар яна порламоқда. Ака-ука Кличколардан кейин Василий Ломаченко, Александр Усик, Александр Гвоздик ва Сергей Древянченколар мухлислар диққат эътиборини ўзига қарата олди. Ушбу авлод вакиллари орасида Сергей ҳам ўз ўрнига эга. Профессионал рингда 13 та жанг ўтказиб, уларнинг 12 тасида ғалаба қозона олган. Бир бора мағлубиятга учраган. GGG эса, 39 та жанг 37 та ғалаба, бир мағлубият ва ягона дуранг. 35 маротаба нокаут қайд этган. Ҳақиқий “панчер”. Натижалар ушбу жангда ким “фаворит” эканлигини кўрсатиб турибди. Барча жабҳада Генанинг устунлиги бор.
Нисбий тушунча саналувчи бўй ҳамда қўллар узунлиги борасида ҳам қозоқ боксчиси яхши имконият ҳосил қилган. Головкиннинг бўйи 177 см украиналик боксчи эса 171 см. Улкан тажриба ҳам Головкинни ушбу жангда имконияти юқори эканлигини англатиб турибди. Қолаверса, украиналик чармқўлқоп устаси ҳам Геннадий савиясидаги боксчига дуч келмаган.
Биргина Даниэль Жейкобс билан тўқнаш келган ва мағлубиятга учраган. Головкин эса, Саул Алваресга қадар ҳар бир рақибини ер тишлатиб келаётган эди. Деревянченконинг ушбу жангдаги кучли тарафи дея, иштиёқни айтиб ўтишимиз мумкин. Лекин бу бир тахмин ҳолос. Боксда ҳар доим ҳайратланарли натижалар бўлиб туради.
Хуллас, имкониятларни 60/40 деган бўлар эдик.
12 октябрь
Чикаго, Винтраст Арена, АҚШ
Александр Усик (Украина) – Тайрон Спинг (Нидерландия)
Украиналик боксчининг супер оғир вазн тоифасидаги дебюти бўлади. Аслида, Усик Карлос Такам билан учрашиш керак эди. Лекин Такам кейинчалик бу жангдан воз кечди. Усикни аввалги вазн тоифасидаги ажойиб, бетакрор ҳаракатларини кўриб, янги вазн тоифасида ҳам зафарли одимини давом эттира олади деган таассуротлар уйғониши мумкин. Лекин бу алдамчи тасаввур. Бу вазнга мослашиб олгунга қадар Сашага жуда қийин бўлади.
Ўз вақтида афсонавий Рой Жонс ҳам худди шундай йўл тутган ва қийинчиликларга дуч келганди. Қолаверса, UFC да Макс Холлоуэй мисолида ҳам бундай ҳолатни кўриш мумкин. Хабарингиз бор, ўз дивизионини етакчиси Макс бир вазн юқорида жанг ўтказиб, двизионнинг ўша вақтдаги ўртамиёна жангчиси Дастин Порьега хеч қандай қаршилик қила олмаган эди. Албатта, бу бокс! Лекин бу спорт турида ҳам шундай ҳолат юз бериши мумкин деб айта оламиз.
Уларнинг натижасига эътибор қаратсак, ҳар иккиси ҳам мағлубият билмай келмоқда. Усик 16 та жанг ўтказган ва уларнинг 12 тасида нокаут қайд этган. Тайрон эса, 13 марта рингга кўтарилиб, у ҳам 12 бора рақибларини нокаутга учрата олганди. Қисқаси, икки нокаутчи бир-бирига қарши жанг олиб боради. Украиналик боксчи чапақай, Спинг эса асосий зарбани ўнг қўлида беради.
Александрнинг яна бир ютуғи, оёқда ажойиб ҳаракатлана олишидир. Голландияликнинг бу вазн тоифасига бегона эмаслиги, Усикнинг дебют жанги бўлганлиги учун имкониятлар деярли тенг кўриниш олгандай. Шундай бўлсада, Тайроннинг ҳозирги кунга қадар бўлган рақиблари орасидаги энг жиддийси Александр Усик эканлигига шубҳа йўқ. Демак, ушбу жанг ғолиблиги учун украиналик боксчига қисман устунлик берган бўлардик.
Имкониятлар 55/45. (Давоми бор)
Албатта, бу шахсий қарашларимиз асосидаги тахминлар ҳолос. Спорт оламида кўплаб сенсациялар, мўжизалар юз берганлигига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Ушбу жангларда ким ғалаба қозонишини эса, вақт кўрсатади.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.
Фикрлар