Ўзбекистон 20 та олтин медаль билан Осиё ўйинларида нечанчи ўринда боряпти?

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон терма жамоаси Аичи ва Нагоя шаҳарларида (Япония) ўтаётган 2026 йилги ёзги Осиё ўйинларининг 13-кунги баҳсларини тўққизта медаль билан якунлади.

2 октябрь куни ўзбекистонлик спортчилар жами тўртта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритди.

Олтин медалларнинг иккитаси боксчилар ҳиссасига тўғри келди. Абдумалик Халоков 60 килограммгача вазн тоифасида Жанубий Корея вакили устидан ғалаба қозониб, Осиё ўйинларининг икки карра чемпионига айланди. 90 килограммгача вазнда Тўрабек Ҳабибуллаев финалда Хитой спортчисини мағлуб этиб, Ўзбекистон термасининг яна бир олтин медалига эга чиқди.

Дзюдо бўйича мусобақада Музаффарбек Тўрабоев яна бир олтин медални қўлга киритди. У 100 килограммдан ортиқ вазн тоифасида Япония вакили билан финалда тўқнаш келиб, рақибидан устун келди ва ўз фаолиятида иккинчи бор Осиё ўйинлари чемпиони бўлди. Таэквондо бўйича Жасурбек Жайсунов эса 80 килограммгача вазнда Хитой Тайбэи спортчисини финалда мағлуб этиб, Ўзбекистон жамоаси ҳисобидаги 20-олтин медални таъминлади.

Кун якунида таэквондочи Озода Собиржонова ва боксчи Жаҳонгир Зокиров кумуш медаль соҳиблари бўлишди. Собиржонова 67 килограммгача вазн тоифасида финалда Эрон вакиласига имкониятни бой берди. Супероғир вазн — 90 килограммдан ортиқ тоифада рингга чиққан Жаҳонгир Зокиров эса ҳал қилувчи жангда Қозоғистон терма жамоаси сардори Айбек Оралбайга мағлуб бўлди.

Бронза медалларидан бири дзюдочилар ҳиссасига ёзилди. 100 килограммгача вазнда Эрназар Сарсенбаев учинчи ўрин учун беллашувда Хитой спортчисини мағлуб этиб, совриндорлар қаторидан жой олди. Велоспортда Сергей Ростовцев ва Никита Цветков мэдисон турида 45 очко тўплаб, учинчи ўринни эгаллашди. Теннисчи Ҳумоюн Султонов яккалик баҳсларда бронза медални қўлга киритди. У ярим финалда Гонконг вакилига мағлуб бўлгани учун мусобақани шу босқичда якунлади.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида жами 65 та медаль тўпланди: 20 та олтин, 23 та кумуш ва 22 та бронза. Терма жамоа умумжамоавий ҳисобда тўртинчи ўринни сақлаб турибди.

Медаллар жадвалида Хитой терма жамоаси етакчилик қилмоқда — жами 316 та медаль, шулардан 162 таси олтин, 81 таси кумуш ва 73 таси бронза. Иккинчи ўринда 240 та медаль билан Япония жамоаси бормоқда: 72 та олтин, 83 та кумуш ва 85 та бронза. Учинчи поғонада эса Жанубий Корея жамоаси жой олган — 134 та медаль, жумладан 33 та олтин, 39 та кумуш ва 62 та бронза.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!