Шомуродов “Атлетико”га ёрдам кўрсатди! (фото)
Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ноябрь ойидаги ўртоқлик учрашувларига келишдан олдин “Рома”нинг Италиядаги катта лойиҳасида иштирок этди ва тадбирнинг асосий қаҳрамони бўлди.
“Рома” клуби 2018 йилдан бери “Calcio con il Cuore” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Ушбу дастур доирасида мутахассислар футбол мактаблари мураббийлари, ўқитувчилари ва тарбияланувчиларга майдонда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда юрак билан боғлиқ муаммолар юзага келганда дефибриллятордан самарали фойдаланишнинг энг тезкор ва содда усулларини ўргатади.
Мазкур лойиҳа доирасида Элдор Шомуродов “ASD Atletico Nativity” футбол мактабига ташриф буюриб, тадбирда иштирок этди ва мактабга дефибиллятор совға қилди.
Дефибиллятор тақдим қилиш маросими футбол мактабида ташкил қилинган биринчи тиббий ёрдам ва дефибиллятордан фойдаланиш бўйича ўтказилган ўқув курсларидан сўнг бўлиб ўтди.
Кейинги пайтда футбол машғулотлари ва учрашувлари давомида ўйинчиларда юрак билан боғлиқ муаммолар юз бериши бир неча маротаба кузатилган ҳолат ҳисобланади. Шунинг учун футбол мураббийлари ва ўйинчиларда ана шундай вазиятларда шошилинч ёрдам кўрсатиш ва дефибиллятор ускунасидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Рома” футбол клуби ушбу лойиҳада иштирок этаётган барча футбол мактабларига дефибиллятор жиҳозини етказиб беришни йўлга қўйди. Бу тадбирлардан мақсад спорт машғулотлари вва ўйинлари пайтида юрак муаммолари тобора кўпайиб боришини олдини олиш, тегишли вазиятларда зарурий жиҳоз ва ускуналардан фойдаланиш малакасини ошириш, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланишни кафолатлашдан иборат.
Ушбу савобли ишга ўз ҳиссасини қўшган Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец таклифига кўра, бош жамоамизнинг ноябрь ойидаги ўртоқлик учрашувларига жалб этилди.
Миллий терма жамоамиз бугун Қозоғистон футболчилари билан дастлабки ўртоқлик учрашувини ўтказади. 20 ноябрь куни Сречко катанец шогирдлари анча жиддий рақиб – Россия миллий терма жамоасига қарши иккинчи ўртоқлик баҳсида майдонга тушади.
Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори ҳисобланади. Тажрибали ҳужумчимиз мамлакат бош жамоаси сафида 57 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 31 маротаба ишғол қилган.
Элдор тез орада терма жамоамиз тарихидаги энг зўр тўпурарга айланиши кутилмоқда. Шомуродов яна учта тўп киритса, ҳозирги рекордчи Максим Шацкихга етиб олади. Тўртинчи голи эса уни янги рекордчига айлантиради.
Бўлажак учрашувларда Ўзбекистон миллий терма жамоасига омад ва ғалаба тилаймиз.
Ўзбекистон ютадими ёки Қозоғистон? Футболчилар баҳс бойлади!
Фикрлар