"10 сонияга майдонга тушсам ҳам гол уришга ҳаракат қилавераман, ҳужумчиларни яхши ёки ёмон дейишга ҳаққим йўқ" ёхуд ўзгарган Игорь Сергеев!

Наманганда “Navruz Cup-2022” халқаро кичик турнири давом этяпти. Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк учрашувда Қирғиғистонни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб финалга чиқди. Энди ҳал қилувчи беллашувда Угандага қарши қизиқарли ўйин бўлади.

Вакилларимиз қирғизистонликларга қарши учрашувни кўнгилдагидек бошлай олмадилар. Кейинчалик вазиятни ўнгладилар. Айниқса, захирадан майдонга тушган ҳужумчи Игорь Сергеев иккита гол урди ва мухлисларни ғалаба билан қувонтирди. Шу боис Sports.uz мухбири Сергеев билан суҳбатда бўлди.

- Игорь, Қирғизистонга қарши ўйин тўғрисида нима дея оласиз?

- Ўйиндан олган таассуротларим жуда ижобий ва биз ғалаба қозондик. Оғир ўйин бўлди. Лекин воқеалар ривожи шундай якун топдики, охиригача курашдик ҳамда голлар уришга муваффақ бўлдик. Шу сабабли ғалаба қозонганимиздан жуда хурсандмиз. Табиийки, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга мадад берди. Улар ўйинни ўз фойдамизга ҳал қилишимизда ёрдам беришди.

сергеев3

- Захирадан майдонга тушиб иккита гол урган ҳолда ғалабага катта ҳисса қўшдингиз. Шундай бўлишини сезганмидингиз?

- Нима десам бўлади, мен ҳужумчиман. Ўзимга берилган имкониятнинг ҳар бир дақиқасидан максимал фойдаланишга ҳаракат қиламан. Менга қанча вақт беришади, бундан унумли фойдалана оламанми-йўқми, буниси энди бошқа масала. Худога шукрки, Қирғизистонга қарши учрашувда иккита гол урдим. Қулай имкониятлар пайдо бўлди ва мен буни ижобий якунладим. Шу сабабли, умид қилмагандим, дея олмайман. Агар 10 сонияга бўлса ҳам майдонга тушсам, гол уришга ҳаракат қилавераман. Мураббий кимни асосий таркибда туширишни ва кимларни захирада қолдиришни ўзи билади. Қандай кўрсатмалар беришни ҳам ўзи билади. Масалан, Қирғизистон билан беллашувда мени қанча вақт захирада қолдиришни ва қанча дақиқага майдонга туширишни ўзи ҳал қилди.

- Адашмасам, терма жамоамиз сафида охирги икки йилдан бери гол ура олмай келаётгандингиз. Бу сафар эса захирадан майдонга тушиб иккита гол уришга эришдингиз...

- Очиғи, икки йил олдин гол урганманми-йўқми, буни эслай олмайман. Лекин иккита гол урганимдан жуда хурсанд бўлдим. Табиийки, бу ўзимга янада яхшироқ ишонч бағишлайди. Шу боис бу вазиятда ортиқча гапга ҳожат йўқ.

сергеев1

- Қирғизистонга қарши учрашув олдидан футболчилар ўзларини бироз бўшаштиришдими?

- Йўқ. Ўзимни бўшаштирдим, дея олмайман. Биз одатий равишда, доимгидек тайёргарлик кўрдик. Айтишим керакки, барчаси юқори даражада бўлди. Фақат бошида хатога йўл қўйганимиз учун гол ўтказиб юбордик. Аммо тезда ўзимизга келдик ҳамда устунликни ўз қўлимизга олдик, шу билан ғалабага эришдик.

- Намангандаги турнир ташкилотчилиги ва стадиондаги муҳит борасида нима дея оласиз?

- Кеча айтганимдек, яхши ҳамки шундай турнирни ташкил қилишди. Рақобат ҳам юзага келди. Бу оддий ўртоқлик учрашувлари эмас, балки ўзига хос турнирдир. Бу ерда ҳамма ўйнашни ва ғалаба қозонишни хоҳлайди. Шунга яраша жамоалар фақат биринчи ўринни эгаллашни исташади. Шу боис бундай турнир футболчилар учун ҳам қулай. Ҳаммаси яхши, зўр ташкиллаштирилган. Менда ҳеч қанақа эътироз йўқ. Мана шундай турнирларни ташкил қилинаётганидан мамнунман. Умид қиламанки, кейинчалик жамоалар сони кўпаяди.

сергеев2

- Ўзбекистон чемпионатида зўр ҳужумчилар қолмаяпти. Буни Сречко Катанецни ушбу турнирга фақат легионер ҳужумчиларни чақирганидан ҳам билиш мумкин. Бу борада нима дейсиз?

- Ҳа, легионерлар таклиф қилинган. Улар ҳам аввал фаолиятини Ўзбекистонда бошлаган. Бизда ҳам салоҳиятли, яхши савиядаги ҳужумчилар бор. Ҳужумчиларни яхши ёки ёмон дейишга менинг ҳаққим йўқ. Бу турнирга мураббий шу таркибни йиғди. Кейинги сафар бошқа ҳужумчиларни ҳам таклиф қилиши мумкин.

- Катанецни қанчалик тушуняпсизлар? Унинг услубини тўлиқ ўзлаштиряпсизларми? Яъни, сизлардан нимани талаб қиляпти?

- Табиийки, идеал нарса бўлмайди. Ҳамма доимо юқорини кўзлайди. Балки унинг кўрсатмаларини тўғри бажараётган ёки нотўғри қилаётгандирмиз. Биздан нима талаб қилаётган бўлса, шуни бажаришимиз керак. Тактикаларини тушуняпмиз, бажаряпмиз. Ҳар куни машғулотларда шунинг устида ишлаяпмиз ва ўйинимизни кучайтириш устида ҳаракат қиляпмиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!