10 йилдан бери ғалаба қозона олмаётган "Навбаҳор", дурангни четлаб ўтаётган жамоалар, "Андижон" "Насаф"ни енгишга қодирми? Ёхуд 15-тур олдидан

15 сентябрда Coca-Cola Суперлиганинг 15-турига старт берилади. Уч кун давомида иккитадан ўйинга гувоҳ бўламиз. Бу сафар “Бухоро” дам олади. Кўпчилик “Локомотив” – “Навбаҳор” қарама-қаршилигини турнинг марказий учрашуви дея баҳоламоқдалар.

15 сентябрь (сешанба)

40-тўқнашув

“Андижон” – “Насаф”

Мағлубиятга учрашга умуман ҳаққи қолмаган “Андижон” ушбу мавсумдаги илк ғалабасини қачон қўлга киритаркин? Ўтган турда ўз даражасида ўйнай олмаётган “Локомотив”га майдонда бир футболчи кўп бўлиб ҳам ютқазган “Андижон”ни навбатдаги турда бундан-да жиддий рақиб – “Насаф” кутмоқда. Тўғри, бу сафарги учрашув ҳам яна “Андижон”нинг майдонида ўтади. Аммо аксарият мутахассислар ушбу жуфтликда Рўзиқул Бердиев жамоасининг имкониятини юқори баҳолашяпти. Тан олиш керакки, ўйин сифати бўйича ҳам қаршиликлар нафақат “Андижон”, балки анча-мунча жамоалардан кучлироқ. Аммо “Андижон” афсонаси – Бахтиёр Ҳамидуллаев устозлик қилаётган “Бургутлар”нинг олдида ғалаба қозонишдан бошқа чоралари ҳам йўқ. Бироқ “Насаф”дек рақибини енгишга уларнинг кучи етадими? Мезбонлар ҳар қандай шароитда ҳам охиригача курашишга мажбурлар. Биринчи даврада Қаршидаги баҳс майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Сешанба куни ўтказиладиган учрашув эса иккала жамоанинг ўзаро 40-тўқнашувига айланади. Катта устунлик қаршиликлар тарафида. Уларнинг ҳисобида ўзаро учрашувларда 25 та ғалаба бор. “Андижон” эса фақатгина 6 маротаба “Насаф”ни ютган. Қолган 8 та қарама-қаршиликда кучлар тенг келган.

“Локомотив” 10 йилдан буён ўз уйида “Навбаҳор”ни мағлуб этмоқда

“Локомотив” – “Навбаҳор”

Яхши ўйин бўлиши кутиляпти. Бир-бирига муносиб рақиблар сифатида ҳам баҳоланмоқда. “Локо” иккинчи даврани ғалаба билан бошлади ва ўтган турда “Андижон” майдонида уч очкони қўлга киритди. Бироқ темирйўлчилар ҳали ўйин сифатини меъёрига келтирганларича йўқ. “Навбаҳор” эса жиддий рақиб. Шу боис ўйин асабий ва муросасиз кечишини тахмин қилиш қийин эмас. Лекин наманганликлар 10 йилдан бери “Локомотив” майдонида фақат ютқазиб келмоқда. Охирги бор 2010 йили Тошкентда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонишган. Шундан бери “Локо” ўзида фақат ғалаба қозонмоқда. Ушбу мавсумнинг биринчи даврасида эса наманганликлар 2:0 ҳисобида рақибини енган. Шу кунгача жамоаларнинг ўтказилган 33 та ўйинининг 19 тасида “Локомотив”нинг қўли баланд келган. “Навбаҳор”нинг ҳисобида эса 9 та ғалаба бор ва яна 5 та беллашув дуранг билан тугаган. Бир сўз билан айтганда, бу ўйинга қизиқиш катта. Фақат натижа борасида бир нарса дейиш қийин, лекин ташқаридан қараганда, гўёки ушбу тўқнашув дуранг билан якунланадигандек...

16 сентябрь (чоршанба)

1998 йилдан бери дурангни четлаб келаётган жуфтлик

“Қўқон-1912”  - “Металлург”

Бу клубларни турнир жадвалида бир очко ажратиб турибди холос. “Металлург” ўтган турда АГМКнинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйгани сабабли уларда кайфият янада юқори бўлиши мумкин. “Қўқон-1912” эса ўз майдонида янада кучли ўйин кўрсатишини ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак. Чунки улар ҳали Қўқонда ютқазишгани йўқ. Демак, у ерда ҳам яхши ўйин бўлишига ишонса бўлади. Балки бекободликлар учун сафарда дуранг қайд этиш ёмон натижа ҳисобланмаслиги мумкин. Лекин олдиндан бир нима деб ҳам бўлмайди. Негаки, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ўтган йили иккала ўйинда “Металлург” қўқонликлар дарвозасига учтадан гол урган. Бу йил эса биринчи даврада қўқонликларни ягона гол эвазига мағлуб этишди. 22 та ўтказилган ўзаро учрашувларда кичик устунлик меҳмонлар томонида эканини кўрсатмоқда. Мезбонларда 9, меҳмонларда эса 10 та ғалаба бор. Фақат 2 та учрашувдагина дуранг кузатилган. Қизиғи шундаки, ушбу дуранглар 1998 йилдаги илк тўқнашувларда юз берган. Шундан бери албатта кимдир ғалаба қозониб келмоқда.

Катта устунлик “Бунёдкор” томонида

“Машъал” – “Бунёдкор”

Муборакнинг “Машъал” клуби қайд этаётган натижалар чакки эмас. Айниқса, “Навбаҳор”, “Сўғдиёна” каби рақибларини сафарда мағлуб этгани эътиборга молик. Бу клуб ёшлар билан шундай ўйин кўрсатяптики, Суперлигада шунчаки иштирок этмасдан, юқори ўринлар учун жиддий курашаётганини кўрсатмоқда. “Бунёдкор”га қарши ўйин эса “Машъал”ни яна бир жиддий имтиҳон кутиб турганини билдиради. Ўз ўрнида Вадим Абрамов учун ҳам “Машъал”ни таслим қилиш осон бўлмаслиги аниқ. Ҳозирча ўзаро учрашувлардаги катта устунлик айнан “Бунёдкор” томонида. 21 та баҳснинг 17 тасида қалдирғочлар ғолиб чиқишган. “Машъал” бўлса фақат 2 бор ютган холос. Яна 2 та учрашув дуранг билан якун топган.

17 сентябрь (пайшанба)

“Қизилқум” охирги бор “Сурхон”ни 2004 йилда мағлуб этган

“Сурхон” – “Қизилқум”

Айни пайтда “Сурхон”нинг натижалари яхши эмас. Клуб 8 очко билан 12-ўринда. “Қизилқум” эса 10 очко тўплаб бўлажак рақибидан бир поғона юқорида турибди. Иккала жамоада ҳам ҳозиргача иккитадан ғалаба бор. Фақат “Сурхон”нинг мағлубияти кўпроқ. Чемпионатимизда энг кўп ютқазган клуб бўлиб турибди – 10 та ўйинда имконият бой берилган. Бош мураббий Равшан Ҳайдаровга ҳам вазиятни ўнглаш қийин кечмоқда. Охирги бешта учрашувнинг тўрттасида ютқазишди ва бир бор дуранг ўйнашди. Лекин “Қизилқум”га қарши учрашувларда термизликлар омадлироқ. Масалан, биринчи даврада Навоийда ҳам “Сурхон” ғалаба қозонганди. Қизиғи, “Қизилқум” 2004 йили ушбу рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этган.

Охирги 4 та ўйиндан бери “Сўғдиёна” АГМКга ютқазмаяпти

АГМК – “Сўғдиёна”

Ўтган турда жорий мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилган АГМК бу сафар “Сўғдиёна”ни қабул қилади. Ҳозирча жиззахликларга барқарорлик етишмаяпти. Бир қарасак ютаётган, яна бир қарасак ютқазаётган бўлади. Хўш, АГМК учун дастлабки мағлубият қанчалик таъсир кўрсатган бўлиши мумкин? Ёки Миржалол Қосимов аллақачон футболчиларнинг кайфиятини кўтариб юборганми? Катта эҳтимол билан Олмалиқда қизиқарли ўйин бўлиши кутилмоқда. 23 та тўқнашув ўтказилган бўлиб, шулардан 8 тасида АГМК муваффақият қозонган. “Сўғдиёна”да эса 9 та ғалаба бор. 5 та беллашувда дуранг қайд этилган. Лекин ушбу жамоаларнинг охирги тўртта тўқнашувидан бери “Сўғдиёна” рақибига ютқазмаяпти, уч ғалаба ва бир дуранг.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Fk navbahor
14/09/2020 22:18
Иншалох шу сафар йутамиз олга лочинлар