2 нафар оғир атлетикачимиз Перудаги мусобақада шоҳсупага кўтарилди

Перу пойтахти Лима шаҳрида оғир атлетика бўйича Гран-при мусобақаси старт олди. Ҳар бир вазн тоифасида сайёрамизнинг энг кучли атлетлари иштирок этаётган мазкур мусобақанинг биринчи куни терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланди.

Дастлаб йигитлар ўртасида Адҳамжон Эргашев -67 килограмм вазн тоифасида иштирок этди. Ҳамюртимиз силтаб кўтариш машқи бўйича 177 килограмм натижа қайд этиб, ушбу йўналишнинг олтин медалига сазовор бўлди. Эргашев даст кўтаришда 136 килограмм оғирликни кўтарган эди. Шу тариқа ҳамюртимиз икки кураш бўйича 313 килограмм билан якунда кумуш медаль соҳибига айланди.

Перу Гран-приси.
Эркаклар, -67 кг
1. Луис Хавьер Москера (Колумбия) – 318 кг (145 кг + 173 кг)
2. Адҳамжон Эргашев (Ўзбекистон) – 313 кг (136 кг + 177 кг)
3. Минхао Хуанг (Хитой) – 312 кг (146 кг + 166 кг)

Шунингдек, -55 килограмм вазн тоифасида супага чиққан Муаттар Набиева мусобақани 3 та медаль билан якунланди. Андижонлик оғир атлетикачимиз даст кўтаришда 93 килограмм билан кумуш, силтаб кўтаришда 111 килограмм билан бронза ва умумий ҳисобда 204 килограмм натижа билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.

Перу Гран-приси.
Аёллар, -55 кг
1. Енни Синитерра (Колумбия) – 208 кг (94 кг + 114 кг)
2. Муаттар Набиева (Ўзбекистон) – 204 кг ( 93 кг + 111 кг)
3. Ана Лопес Феррер (Мексика) – 202 кг (90 кг + 112 кг)

Мазкур Гран-при келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши билан яна бир катта аҳамият касб этар эди. Шубҳасиз, бу натижалар билан ҳамюртларимиз Олимпиада рейтингидаги поғоналарини янада яхшилаб олиш имкониятига эга бўлишади. Эртага бўлиб ўтадиган баҳсларда терма жамоамизнинг яна бир вакили Достон Ёқубов -73 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Манба: olympic.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!