2 сонияда қизил карточка олган футболчи ва 3 та жамоа тўп сурган учрашув. Футбол оламидаги энг ғаройиб воқеаларни ёдга оламиз!

Ушбу спорт турида рекордлар деярли ҳар ҳафтада янгиланади. Шундай бўлса-да, айрим рекордлар борки, уни қайтаришнинг ўзи имконсиз. Бугун SPORTS.uz футбол оламидаги энг ноёб воқеа ва такрорланмаслиги аниқ бўлган рекордлар билан таништириб ўтади.

Бразилиясиз мундиал бўлмайди!

BRazil2

Бугунги кунга келиб, Бразилия терма жамоаси барча Жаҳон чемпионатларида иштирок этган ягона терма жамоа саналади. 1930 йилдан бери ушбу юрт футболчилари ЖЧга чиқиш борасида муаммога дуч келгани йўқ. Йигирма бир бор турнирда иштирок этган жамоа 5 маротаба ЖЧ олтин медалларига эга чиққан.

Норвегияни Бразилия ҳеч қачон ютмаган

Brazil3

Норвегия терма жамоаси ФИФА рейтингида ҳеч қачон баланд ўринда турмаган бўлса-да, ушбу юрт термаси бирор маротаба “пентакампеонлар”га мағлуб бўлмаган сайёрамиздаги ягона жамоа саналади (ўйин ўтказганлар орасида). Ушбу термалар ўзаро 4 бор тўқнаш келган бўлиб, 2 та ўйинда Норвегиянинг қўли баланд келган. Қолган 2 та учрашувда эса, дуранг қайд этилган. Бразилия ўз тарихи давомида тўқнаш келган барча жамоаси устидан ҳеч йўқ бир бор ғалаба қозонган, аммо Норвегия бундан мустасно.

Энг тез қизил карточка

brazil4

Британиянинг «Cросс Фарм Селтик» жамоаси аъзоси Ли Тодд футбол оламидаги энг тез қизил карточка олган футболчи саналади. Тўғри, бу ярим-профессионал лига бўлишига қарамай, ушбу рекорд мутлақ ягона саналади. Ли Тодд ўйинга старт берилувчи ҳуштакни чалган ҳакамни ҳунук сўз билан ҳақорат қилади. Рефери эса, дарҳол ўйинни тўхтатади ва ҳужумчини майдондан четлатади. Учрашувдан сўнг, ҳакамлар томонидан тузиладиган протоколга Ли Тодднинг қизил карточкаси ўйиннинг 2 сониясида кўрсатилгани ёзиб қўйилган.

20 ойлик футболчи

brazil5

Футбол олами тарихидаги энг ёш футболчи Брайс Бритес саналади. У дунёга келгач, 20 ойлик чоғида Бельгиянинг «Раcинг Бохберг» жамоаси билан шартнома имзолайди. 1 ёшу 8 ойлик болакайда ушбу клуб скаутлари порлоқ келажакни кўрганини айтишади. Шундай қилиб, 2013 йилда Брайс энг ёш футболга кириб келган футболчига айланди. Бугунги кунда у ушбу клуб академиясида тўп сурмоқда.

Космосга чиқиш мумкин эмас!

brazil6

1999 йилда Англиянинг «Сандерленд» жамоаси Стефан Шварцга янги шартнома таклиф этди. Бу бошқа шартномалардан деярли фарқ қилмас эди, аммо ундаги бир банд бутун дунё эътиборини тортди. Унга кўра, «Сандерленд» Стефанга космосга парвоз қилишни маън этган эди. 20-аср сўнггида, кўплаб компаниялар тез орада инсоният самога сайр қилиш мақсадида кўтарилишига жуда ҳам ишонган кўринади. Энг қизиғи шундаки, «Сандерленд» ушбу банд сабабли Шварцдан воз кечмоқчи бўлган. Футболчи инглиз клуби билан келишувга эга бўлиш мақсадида космосга чиқишдан воз кечади.

Футболдаги элчи!

brazil7

Дидье Дрогба нафақат буюк футболчи, балки сиёсат оламида ҳам катта ғалабаларга эришган шахс саналади. Айнан унинг сайъ-ҳаракатлари сабабли 2005 йилда Кот-д’Ивуардаги фуқаролар урушига барҳам берилган эди. У мамлакат терма жамоаси ЖЧ йўлланмасини қўлга киритгач, халқига қарата қайноқ сўзлар айтади. Унинг телеэкран орқали айтган сўзларидан сўнг, икки томон ўзаро келишувга эришишга қарор қилади. Айнан ўша воқеадан сўнг, таниқли «Forbes” журнали Дрогбани сайёрамиздаги энг қудратли 100 та инсон рўйхатига жойлаштирган эди.

Бир майдонда 3 та жамоа

brazil8

1950 йилда, швециялик рассом Асгер Йорн футболда инқилоб қилмоқчи бўлади. У майдонда бир йўла 3 та жамоа тўп суриши учун янгича форматдаги ўйинни таклиф қилади. Унинг режасига кўра, майдоннинг кўриниши ўзгартирилиши лозим эди. Шунда, футбол ўйинларидаги агрессивлик йўқолиши кўзда тутилган бўлиб, учрашувда яхши ҳимояланган жамоа ғалаба қозониши режалаштирилган. Асгернинг таклифига кўра, энг кам гол ўтказиб юборган жамоа ўйинда ғолиб деб топилиши лозим эди. Бу ғоя ФИФАга таклиф этиб юборилади, бироқ тезда рад жавобини олади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)