“The-afc.com”: Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи рестарти олдидан бизни қизиқтираётган 5 та савол 

Ушбу мақолани тўлиқ шаклда эътиборингизга ҳавола этамиз.

4 март санасида “Сидней” ва “Чонбук Моторс” жамоалари ўртасидаги Осиё Чемпионлар Лигасининг сўнгги учрашуви бўлиб ўтганидан буён 6 ой ўтди. Мана бугун Ғарб минтақасида гуруҳ босқичи учрашувлари бўлиб ўтади. Қатар қитъанинг клублар миқёсидаги энг кучли турнирини ўзида қабул қилмоқда.

Марказлашган турнирда формат ва бошқа жиҳатдан турфалик кўзга ташланади. Эътиборингизни ушбу мини турнир бошланиши аввалидан муҳим 5 саволга қаратамиз.

1. Қатар клублари ўз уйида ўйнаётгани учун устунликка эга бўладими?

Қатарнинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги икки вакили “Ал-Духайл” ва “Ал-Садд” ўз уйларида ўйин ўтказишлари билан кичик устунликка эга бўлади. Таниш муҳитда, ўзи ўйнашга ўрганиб қолган стадионда футболчилар ҳам яхшироқ ҳаракат қилиши аниқ.

Ҳар иккала жамоа ўтган йиллар мобайнида бош соврин учун жиддий кураш олиб борди. “Ал-Садд” 2018 ва 2019 йилларда ярим финалгача етиб борган бўлса, “Ал-Духайл” 2 йил аввал 9 та ўйинлик ғалабали серия қайд этиб, барчани ҳайрон қолдирди. 

“Ал-Садд” ярим ҳимояси Санти Касорла билан янада қўрқинчли тус олди. 

“Ал-Духайл” Манжукични бой берган бўлиши мумкин. Аммо Алмуоз Али, Эдмилсон Жуниор ва Дуду каби футболчилар унинг ўрнини билдирмаслиги аниқ. 

Мухлисларни майдонга киритиш бўйича ҳеч қандай янгилик йўқ. Аммо стадион атрофида улар яратиб берадиган муҳитнинг ўзиёқ катта руҳий мадад бўлиши тайин.

1_1

2. Заифлашган “Персеполис”дан нима кутишимиз мумкин?

Эрон гигантлари миллий чемпионатдаги кетма-кет тўртинчи ғалабасини қўлга киритган бўлса-да, аслида бу катта гатижа эмас. Уларнинг салоҳияти шу ҳолида ҳам форслар биринчилигининг исталган жамоасидан кучли. 2017 йил ярим финал ва 2018 йилда финалда ўйнаган жамоа ўтган мавсум гуруҳ босқичидан ҳам чиқа олмади. 

Бу йилги мавсум ҳам “Ал-Духайл”га учралган мағлубият ва “Шаржа”га қарши баҳсдаги дуранг билан бошланди. Биринчи рақамли посбон Алиреза Байранванднинг Бельгияга йўл олиши ва Али Алипурнинг Португалияга трансфери деярли ҳал бўлганини инобатга олсак, ушбу клубдан улкан натижалар кутмасак ҳам бўлаверади. 

Алипур “Персеполис”нинг кетма-кет 3 мавсумдаги тўпурарига айланиб келаётганди. Ушбу мавсум ОЧЛда эронликлар киритган ягона гол ҳам айнан 24 ёшли футболчига тегишли эди. 

Жамоа сардори Жалол Ҳусайнийнинг 38 ёшга киргани ҳақида эса гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

2_1

3. “Пахтакор” ўз устунлигидан фойдаланишга улгурдими?

Тошкентликлар гуруҳ босқичининг дастлабки 2 та ўйинини ўз майдонида, 20 мингдан зиёд мухлислар қаршисида ўтказиб олди. Бугун улар 100 фоизлик натижа билан Б гуруҳида “Ал-Ҳилол”га шерик бўлиб турибди. 

Ўзбекистон чемпионлари учун уй ўйинлари омадлироқ ҳисобланади. Ўтган мавсум тўпланган 8 очконинг 7 таси Тошкентда қўлга киритилган. 

Энди Шота Арвеладзе шогирдлари марказлашган ҳолда ўтадиган учрашувларда меҳмондаги ўйинларини ўтказади. Бу уларга ўзига хос устунлик бериши мумкин. 

Сўнгги йилларда маҳаллий футболчилар ва бир нечта легионерлар ёрдами билан грузиялик мутахассис яхши жамоа шакллантириб олди. Бугун ушбу клуб ОЧЛнинг амалдаги чемпионлари синовидан ўтади. 

3

4. БАА ва Ироқ клубларида ўйин амалиётининг камлиги қанчалик салбий натижага олиб келади?

Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Эрон ва Қатарда мавсум давом эттирилди ва айримларида янги мавсум ҳам бошланди. Аммо юқоридаги икки мамлакат 2019/2020 йилги мавсумни пандемия билан боғлиқ вазият сабаб бекор қилди ва ҳалигача янги мавсум ҳам бошлангани йўқ. 

Амирликларнинг “Ал-Айн”, “Шабаб Ал-Аҳли” ва “Шаржа” клублари ва Ироқнинг “Ал-Шорта”си мартдан буён расмий учрашувларда майдонга тушмади. 

Ушбу 4 жамоа биргаликда 2 очкогина тўплаган, холос. Аксига олиб, тўрттала клуб ҳам ўз чемпионатида куч тўплаган кучли жамоаларга қарши баҳс олиб боради. 

Демак, ушбу жамоаларга икки баробар қийин бўлиши аниқ.

4

5. “Ал-Ҳилол”нинг кучсиз тарафи борми?

“Ал-Ҳилол”ни тўхтатиб бўлмаяпти. Саудия Про-лигасида 8 та ўйиннинг 7 тасида ғалаба қозонган риёдликлар “Ал-Наср”дан чемпионликни тортиб олди. 

Амалдаги Саудия ва ОЧЛ чемпионлари Б гуруҳида 2 та турдан сўнг 6 очко тўплашга эришди ва бунда Гомиснинг 3 та голи асосий ролни ўйнади. 

3 ҳафтагина дам олган “Ал-Ҳилол” рестартдаги илк учрашувни гуруҳдаги асосий рақобатчи “Пахтакор”га қарши ўтказади. Яна 4 очко уларни кейинги босқичга чиқиши учун етарли бўлади ва 17 сентьябрдаёқ биз ушбу воқеанинг гувоҳига айланишимиз мумкин. 

Роппа-роса 1 йил аввал шу кунда “Ал-Иттиҳод” чорак финалда таслим этилганди. 

Баъзи футболчиларида коронавирус тестлари мусбат натижа берганига қарамай, Разван Луческу шогирдлари ҳамон мусобақа фаворити сифатида кўрилмоқда ва бош мураббий таркибда ҳеч қайси позицияда муаммо йўқлигини айтиб ўтди. 

5

The-afc.com сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
SHAXBOZ BEKMURODOV
14/09/2020 20:55
Al Xilol 3:0 Paxtakor