"25 ёш бўлганимда у ерга текинга ҳам борардим, менга қизиғи қолмади" ёхуд Олег Зотеев Анталияда очиқ интервью берди (1-қисм)
Тажрибали футболчи Олег Зотеев Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига қайтди. Куни кеча ушбу клуб билан 2 йилга мўлжалланган шартнома имзолади.
Тажрибали ҳимоячига таклифлар бисёр эди. Уларнинг орасида “Локомотив” жамоасини танлади.
Маълумки, Зотеев “Локо” билан Туркиянинг Анталия шаҳридаги машғулотларда иштирок этяпти. Шу сабабли Олег билан “Asteria Kremlin Palace” меҳмонхонасида учрашдик ва Sports.uz учун катта интервью берди. Суҳбатни икки қисмга бўлиб эътиборингизга ҳавола қиламиз. Дастлаб унинг 1-қисмини мутолаа қилинг.
- Олег таклифимизга рози бўлганингиз учун раҳмат. Анталияда кўп бўлгансиз ва бу шаҳарни жуда яхши билсангиз керак-а?
- Ҳа, ўзига яраша.
- Анталиядаги йиғинлар мобайнида қизиқ воқеалар ҳам рўй берганми?
- Кўп бўлган. Бир марта футболчилар қолиб кетган, аэропортда. Лекин кимлигини айтмайман (кулади).
- Сизлар билмасдан учиб кетганмисизлар?
- Йўқ, ўшани деб самолётда кутиб қолганмиз. “Локомотив”да бўлган, адашмасм 2016 йили.
- Яна бир бор ушбу жамоа билан шу ерга келдингиз. Хўш, йиғинлар қандай давом этяпти?
- Яхши, шароитлари зўр. Машғулот майдонларининг ҳолати ҳам ажойиб. 14 кунлик йиғинда дам олмадик, 5 та ўйин ўйнадик. Тайёргарлигимиз режа бўйича кетяпти. “УФА”га қарши ўйиндан кейин “Локомотив” билан икки йиллик шартномага қўл қўйдим.
- Айнан шу ҳақида сўрамоқчи эдим. “Локомотив”га қайтишингизни жиддий сабаби нимада бўлди?
- Тўғрисини айтсам, биринчи сабаби Тошкентда қоламан дегандим. “Қизилқум”даги бир йиллик фаолиятимдан кейин водийга ёки бошқа шаҳарларга боргим келмади. Яширмайман, “Сурхон” Тошкентда яшаймиз деганида улар билан бир-икки марта гаплашганман. Аммо улар 100 фоиз аниқ гапиришмаган. “Бунёдкор”дан ҳам қизиқиш бўлди, бироқ у қадар аниқ эмасди. Водийдан ҳам, “Сўғдиёна”дан ҳам чиқишди. Ҳозир ҳам “Сурхон”дан қизиқиш бор. “Металлург” ҳам сўради. Хуллас, Суперлигадан 4-5 та вариантларим бор эди. Рости, Жанубий Кореяда, “Қизилқум”да юриб чарчадим.
- Масофа узоқ эди-а?
- Унчалик эмас. 200-300 километр узоқ эмас. Аммо ҳафталаб уйда бўлмасангиз бу узоққа ўхшаб кўринади. Аслида ҳаммаси Ўзбекистоннинг ичида. Фарзандларим катта бўляпти, уларни ёнида бўлишим, ёрдам беришим керак. Сафарларда юравериб чарчадим. Тўғрисини айтсам, менга қизиғи қолмади. Олдин қизиқ бўларди, чемпион бўламан, уни ёки буни ютишим керак, деган нарса бўларди. Бу йил ҳам “Пахтакор” билан “Насаф” чемпионликка курашади. Уларнинг чап қанотида ўйинчилари бор. Балки рақобат туғдириб берарман, аммо ёшим анча катта-да. Чемпионликка курашмайдиган бўлсам, энди менга ҳам қизиғи қолмади. Ўрта ёки пастки ўринларда юриш менга керак эмас. “Локомотив” янги лойиҳа қиляпти. Про лигага тушиб кетди. Клубда ёшлар кўп. Про лигадан Суперлигага чиқиб келаси йили жиддий вазифа қўймоқчи. Бу менга ёқди. Қозоғистондан ҳам таклифлар бор эди, кетмадим. Мирко Йеличич, Денис Коростиченко ва Тўлабек Акрамов билан суҳбатлашдик. Ёрдам бергин деб илтимос қилишди. Ўзингиз биласиз, “Локомотив” менга бегона эмас, уйимдек бўлиб қолган. Бу менинг жамоам. 6 йил тўп сурдим. Уйдагилар билан маслаҳатлашдим ва яна шу ерда ўйнашга рози бўлдим. Муҳит зўр, ўйинчилар хурсанд бўлишди. Марат Бикмаев ҳам қайтди.
- Демак, сизда Суперлигада тўп суришга қизиқиш қолмабди-да...
- Қизиқиш қолган. Демоқчиманки, фақат чемпионлик учун курашадиган клубларга бормоқчи эдим. Фақат шу нарса мени қизиқтирарди. Ўртамиёна клубларга боргим келмади.
- Фаолиятингизни про лигада давом эттиришингиз ортга ташланган қадам бўлиб туюлмаяптими?
- Орқага қадам дейсиз-у, яхшиси мен про лигада аниқ мақсади бор жамоада ўйнаб, кейинги йили Суперлигага қайтиб яна ўйнайман. Қанақадир иштиёқ бор. Балки совринли ўринлар учун курашармиз ёки Кубок асосий мақсад бўлар. Шу нарсаси қизиқ. Менга бу орқага қадам эмас. Аксинча, мен учун про лигада кўпроқ шуғулланишга вақт бўлади. Устимизда кўпроқ ишлаймиз. Суперлигада “нагрузка” билан майдонга чиқсангиз қийинроқ бўлади. Про лигада тренажёр залида кўпроқ ишлаб майдонга тушганингизда оёғингиз оғир бўлса ҳам тикланиш учун вақт кўпроқ бўлади. Про лигада сифатли футболчилар кам бўлиши мумкин, лекин ҳамма кучли иштиёқ эвазига ўйнайди. Кўп югуришади. Бир томондан бу менга керак. Бир йил “Қизилқум”да бўлдим. Бир йил ичида машғулот жараёнларида ютқаздим. Ўйин сифати бўйича ҳам орқага қайтдим. 5-ўринни олдик, майли бу “Қизилқум”га зўр, менга зўр эмас. Ундан кўра бир йил про лигада ўйнаб, келаси йилга жиддий мақсад қўйгани маъқул. Ёш чоғимда катта ёшдагилар билан ўйнаганимда ўзларидан бир нималар қолдиришган. Мен ҳам шуни хоҳлаяпман. “Локомотив”да ёшларга бир нималарни ўргатсам, 10 йилдан кейин Зотеев менга шуни ўргатганди, деб гапиришади.
- “Қизилқум”да ўйин бўйича орқага кетганингизни айтдингиз. Бу масалада кенгроқ тушунтириб берсангиз.
- Машғулотлар жараёнларидаги ҳамма нарсада ютқаздим. Ҳозир “Локомотив”даги машғулотлар ўтган йилгига нисбатан жуда сифатли. “Қизилқум”да тренажёр умуман йўқ эди. Фақат ўзим борардим. Қайси тренажёрга боришимни кўп одамлар биларди, аммо сир бўлсин. “Қизилқум”да шу нарса бўлмаган. Тактик усуллар ҳам яхши эмасди. Назарий машқларни ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. “Қизилқум”да ҳеч нарса бўлмаган. Шу каби сифатлар бўйича жуда орқага чекиниш бўлди. Бу борада бир қадам эмас, уч қадам. Шу бир йил ичида керак бўлса бир қадам орқага қайтиб, кейин икки қадам олдинга силжимоқчиман.
- У ҳолда “Қизилқум”да нимани устида ишладинглар?
- Европача муносабат десак ҳам бўлади, аммо бу унчалик европача эмасди. Рақиб ўйинини кўрсатарди. Шунга қараб 5 ёки 4 та ҳимоячи билан ўйнаймиз, дерди бўлди. Бироқ ётиғи билан ким нима қилишини айтмаган. Футболчилар ўзи майдонга тушганида маҳорати эвазига ақлни ишлатиб ўйнаган. Шунинг учун у ерда бир йилни йўқотдик.
- Мендаги маълумотларга қараганда, сизга Россиядан ҳам таклифлар бор эди...
- Қишда Россия биринчи дивизионидаги айрим клубларга агентларим таклиф қилишди. Билсангиз, 33 ёшда у ерда кам ўйинчилар қолган. 5-6 та бор. Олдин кўп бўларди. Россия биринчи дивизионида 33 ёшли футболчилар жисмоний томондан охиригача югура олмаяптилар, қийин бўляпти. 2-3 та қизиққан клублар бўлди. Ёшимга қараб ойлик маошни озроқ қилиб берамиз дейишди. Мен бормадим. Ҳеч бўлмаганда 25 ёш бўлганимда у ерга текинга ҳам борардим. Шунақа чемпионатларга ўсиш учун албатта бориш керак. Ҳозир менга қаерга ўсишим керак? Энди бўлди. Жароҳатлар бўлмаса тинчгина 2-3 йил ўйнашим мумкин, шундан сўнг тугатсам бўлади. Кореядан ҳам қизиқиш бор эди. Бироқ охирида улар ёшларни олишди. Менинг ўрнимга маҳаллий 24 ёшли футболчини таклиф қилишди. Улар ёшига унчалик қарашмайди. Аммо ёшроғини олиб, кейинчалик сотишни ўйлашди. Мени сотиш қийинроқ.
- Россиядан қайси клублар таклиф билдирганди?
- “Шинник” билан агентларим гаплашишган. Охирги марта “Балтика”га ҳам таклиф қилишди. Улар зўр, сифатли ўйинчи деб таъриф беришди-ю, бироқ ёши ўтиб кетган дейишди.
- Кореядаги омадли фаолиятингиздан кейин сизда яна у ерда қолиш имконияти бор эди.
- Ҳа, икки йиллик фаолиятимдан сўнг менга яна шартнома беришган. Ўзим қолмадим. Нимагаки, оилам Кореяга кела олмасди, бир ўзим яна қийналардим. Кореяга 31 ёшимда кетгандим. Ўшанда ҳамма шу ёшингда Кореяга кетяпсан, нима қиляпсан ўзи, деб гапиришган, менга ҳеч ким ишонмаган. Кореяда барча учрашувларда 90 дақиқадан ўйнаб Кубокни ютиб келдим. Ўзим учун у ерда ҳам ўйнай олишимни исботладим. Яна кучим бор эди. Бу йил ўша жамоам Осиё Чемпионлар лигасида ўйнади. Мен фақат оиламни устун қўйиб қайтиб келдим. Акс ҳолда яна икки йил тўп суришга кучим етарди. Тўғриси, уларда жисмоний тарафлама бошқача тайёргарлик бўлади. Биз бу ерда бундай машғулотларни ярмини ҳам қилмаймиз.
Шуҳратбек Жўраев.
(P.S. Суҳбатнинг 2-қисми яқин кунларда).
Фикрлар