3-турни "ёндирган" футболчилар!
Суперлиганинг 3-тур ўйинлари якунланди. Кутилганидек, 7 та учрашув сизу, бизга ўзгача хиссиётлар ва натижаларни тақдим қилди. Футболчилар орасида эса яна ўз сўзини айта олганлар, мухлисларнинг меҳрини қозонганлари бўлди. Таъбир жоиз бўлса, 3-тур ўйинларини "ёндирган" футболчилар ҳақида сўз боради.
“Локомотив” – “Пахтакор” – 3:0. Энг яхши футболчи: Иван Булатович
3-турни бошлаб берган “Локомотив” – “Пахтакор” (3:0) ўйинида черногориялик легионер Иван Булатович жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. У биринчи голга ассистентлик қилди. 47-дақиқада эса унинг ўзи “Пахтакор” дарвозасига учинчи тўпни киритиб ҳисобни йириклаштириб қўйди. Булатович нималарга қодирлигини кўрсатди ва шунга яраша Иван энг яхши футболчи деб топилди.
“Нефтчи” – “Металлург” – 1:0. Энг яхши футболчи: Каталин Карп
Фарғоналиклар ўз майдонидаги очилиш учрашувида “Металлург”ни катта қийинчилик билан мағлуб этди. Ягона гол 89-дақиқада молдовалик футболчи Каталин Карп томонидан киритилди ва у ҳақли тарзда фарғоналикларнинг қаҳрамонига айланди. Карп “Нефтчи” сафида учрашувни яхши ўтказди ва гол урилаётган пайтда керакли позицияда бўла олди. Жойни тўғри танлагани ва аниқ зарба билан гол ургани унинг тажрибасидан дарак.
“Сўғдиёна” – “Олимпик” – 2:2. Энг яхши футболчи: Алишер Одилов
Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” Жиззахда мағлубиятдан қутулиб қолди. “Сўғдиёна” 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганига қарамасдан “Олимпик” тезкорлик билан икки марта жавоб голини кирита олди. Иккинчи голни пенальтидан киритган “Олимпик” ҳужумчиси Алишер Одилов ажралиб турди. Натижада ушбу иқтидор эгаси энг яхши ўйинчи номига сазовор бўлди.
“Сурхон” – “Андижон” – 2:3. Энг яхши футболчи: Бектемир Абдуманнонов
Бектемир Абдуманнонов ўтган турдаги “Андижон” – “Бунёдкор” (5:1) ўртасидаги ўйинда ҳам энг яхши футболчи номига сазовор бўлганди. Бу сафар у яна эътироф этилди. “Андижон”нинг “Сурхон”га қарши ғалабали учрашувида Абдуманнонов доимгидек фаол бўлди ва голларга ассист вазифасини бажаришда давом этяпти.
“Насаф” – “Қизилқум” – 2:1. Энг яхши футболчи: Акаки Шулая
Навоийликлар илк мағлубиятини Қаршида қабул қилиб олди. Ҳисоб 2:0 сифатида “Насаф” фойдасига ҳал бўлиб турганида “Қизилқум”нинг грузиялик легионери Акаки Шулая йўқ жойдан ўзи учун имконият яратиб гол уриб кетди. У ўйин давомида “Насаф” футболчиларини таҳликада ушлади ва фаоллиги билан ажралиб турди. Шундай экан, гарчи “Қизилқум” ютқазган бўлса-да, Акаки яхши таассурот қолдирди.
“Бунёдкор” – “Навбаҳор” – 2:2. Энг яхши футболчи: Миржаҳон Мираҳмадов
Тошкентдаги ушбу ўйинда кўпчилик “Навбаҳор”нинг ғалабасини тахмин қилганди. Бироқ иккита мағлубиятдан кейин хорватиялик мураббийлар истеъфога чиқарилгач, Анвар Ғофуров вақтинча бош мураббий вазифасини бажаришга киришди. У эса “Навбаҳор”га қарши жамоани бошқача руҳда тайёрлай олибди. Ўйинни кучайтириш учун иккинчи бўлимнинг 59-дақиқасида захирадан майдонга туширилган Миржаҳон Мираҳмадов якунда учрашув қаҳрамони бўлди. У 65 ва 90+6-дақиқаларда “Навбаҳор” дарвозасига гол урди. Айниқса, қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида гол уриб “Бунёдкор”га ғалабага тенг дурангни тақдим этди.
ОКМК – “Динамо” - 3:1. Энг яхши футболчи: Жавоҳир Илёсов
Миржалол Қосимов жамоаси ниҳоят 3-турга келиб илк ғалабасини қўлга киритди. Бу учрашувнинг энг яхши футболчи сифатида ОКМК дарвозабони Жавоҳир Илёсов эътироф этилди. Эътиборлиси, у ўтган турда “Навбаҳор” – ОКМК (1:1) ўртасидаги учрашувда ҳам энг яхши ўйинчига айланганди. Илёсов бу сафар ҳам гарчи ўз дарвозасидан битта тўп олиб чиққанига қарамай, олмалиқликларни яна голлардан қутқариб қолди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар