4 нафар каратэчимиз Осиё чемпионатига финалига чиқди
Қувонарлиси, бугун ўтказилган саралаш баҳсларида барча рақибларини мағлуб этган 4 нафар спортчимиз қитха биринчилигининг финалига йўл олишди. Бу ҳақда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги расмий сайти хабар бермоқда.
-50 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Баҳринисо Бабаева мусобақа давомида Қозоғистон, Филиппин ва Хитой Тайпейи вакилларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди. Энди у олтин медаль учун япониялик Михо Мияхара билан куч синашади.
Ҳал қилувчи босқичга навбатдаги йўлланмани бугунги баҳсда -55 кг вазн тоифасида иштирок этган Севинч Раҳимова қўлга киритди. Дастлабки баҳсларда Иордания, Макао, Қирғизистон ҳамда Малайзия вакилларини мағлуб эта олган Севинч эртага финалда эронлик каратечига қарши жанг қилади.
Навбатдаги финалчимиз эса 68 килограммгача бўлган аёллар ўртасидаги баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Нодира Жуманиязова бўлди. У мусобақада Қозоғистон, Гонконг ва Хитой Тайпейи вакилларини мағлуб этди. Энди у олтин медаль учун эртага индонезиялик рақибасига қарши татамига чиқади.
Йигитларимиздан дастлабки финал йўлланмасини Садриддин Сайматов (-60 кг) қўлга киритди. Дастлабки жангларда Туркманистон, Эрон ҳамда қувайтлик спортчиларни мағлубиятга учрата олган Сайматов эртага финалда Қирғизистон терма жамоаси аъзоси Рафаэль Акбаровга қарши олтин медаль учун курашади.
Эртага куннинг иккинчи ярмида 16-бор ўтказилаётган Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари аниқланади.
Фикрлар