6 карра жаҳон чемпиони нега Ўзбекистондан кетганди ёхуд у афсусдами?
2000 йилларнинг бошларида ўзбекистонлик Фарид Усмонов жаҳон армрестлингида ном қозонганди. У Ўзбекистон шарафини бир неча йиллар ҳимоя қилиб ажойиб натижалар қайд этган. Кейинчалик у Туркияга кўчиб кетди ва у ерда Ферит Усмонли номи билан шуҳрат қозонди. Умумий олиб қараганда у Ўзбекистон ва Туркия шарафини ҳимоя қилган ҳолда жуда кўп совринларни қўлга киритган. Биз у билан боғланиб, бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- Ассалому алайкум. Сизга Ўзбекистондан саломлар!
- Во алайкум ассалом. Ассалому алайкум. Саломат бўлинг!
- Биз сизни Фарид Усмонов сифатида таниганмиз ва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилардингиз?
- Ҳа, албатта. Ўзбекситонда таваллуд топганман. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, Сирдарё вилояти, Мизробод тумани “Оқ-олтин” жамоа хўжалигида туғилиб вояга етганман. Ҳа, узоқ вақтлар Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилдим деб ўйлайман.
- Туркияга кўчиб кетишингиз нима билан боғлиқ бўлган?
- 2007 йил жаҳон чемпионатида охирги марта Ўзбекистон номидан чиқиб, жаҳон чемпиони бўлдим. 2008 йилдан Туркияга оилавий доимий истиқомат қилиш учун кўчиб кетдик. Сабаби, қариндош-уруғларнинг кўпчилиги турклар, ўзимиз ҳам туркмиз ва аксарияти Туркияда яшарди. Шунинг учун биз ҳам шу заминга йўл олганмиз.
- Ўзбекистон терма жамоаси сафида Халқаро турнирлардаги натижаларингиз қандай бўлган?
- Мен Ўзбекистон миқиёсидаги турнирда илк бор 1998 йил қатнашганман. Институтда бўлганди ушбу мусобақа. 2001-2002 йилларда Осиё чемпионатларида иштирок этишни бошладим. 2003 йил жаҳон чемпионатида 2-ўринни олганман. Умуман олганда Ўзбекистон номидан чиқиб, 3 карра жаҳон чемпиони бўлдим. Осиёни аниқ эслолмайман 7 ёки 8 маротаба ютдим. Кўп маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Қолаверса, АҚШда халқаро турнирларда ғалаба қозондим. 2006 йил Польшада профессионаллар ўртасидаги Жаҳон Кубогида иштирок этдим ва ғалаба қозондим. 2007 йилги жаҳон чемпионати Болгарияда бўлганди. +110 кгда мутлақ чемпионлик учун асосий рақибим Андрей Пушкарь билан куч синашганман ва ғалаба қозонганман. Умуман олганда Ўзбекистон учун ҳам қўлдан келганча ҳаракат қилганман.
- Туркияда қандай натижалар қайд этдингиз?
- Яқингача Туркия мусобақаларида биринчи бўлиб юргандим. 3 маротаба Европа чемпиони бўлдим. 2013 йил ўнг ва чап қўлларда ҳам жаҳон чемпиони бўлдим.
- Ҳозир ҳам спортчилик фаолиятингизга давом эттиряпсизми?
- Йўқ. Ҳозир тижорий турнирларда хобби сифатида иштирок этмоқдаман. Терма жамоадаги фаолиятимни якунладим. Туризм соҳасида ҳам фаолият юритяпман.
- Ўзбекистон чемпионатида иштирок этган вақтингиз, асосий рақобатчингиз ким бўлганди?
- Ўзбекистонда асосан ўзимнинг яқин дўстим, AlFA Sport компаниясининг асосчиси Константин Гржандо билан оғир вазнда финалга чиқардик. У жуда ҳам кучли спортчи бўлган.
- Туркия шарафини ҳимоя қилаётган вақтингиз ўзбекистонлик спортчига қарши рўбарў келдингизми? Келган бўлсангиз натижа қандай бўлган?
- Йўқ. Ўзбекистонлик рақиблар билан дуч келмадим. Очиқ гапирадиган бўлсак, ёшлар ўртасида кўплаб чемпионлар чиққан. Лекин 2007 йил мен чемпион бўлганимдан кейин навоилик Игорь Шишковнинг 60 кгдаги шогирди чемпион бўлганди, янглишмасам. Бошқа катталар ўртасида жаҳон чемпиони чиққанини эслай олмадим. Балки яхши мутахассислар етишмаётгандир. Тўғриси, шунинг учун мени қалбим яна Ўзбекистонга тортяпти. Келиб, клуб очиб, армреслингни ривожлантираман деган фикр ҳам йўқ эмас.
- Ўзбекистонни қандай хотиралар билан эслайсиз?
- Мен бутунлай Ўзбекистон билан алоқани узиб қўймаганман. Яқиндагина бориб келдим. 2 ой Ўзбекистонда бўлдим. Менга Ўзбекистон мотивация беради. Куч бағишлайди. Ҳавоси зўр, таомлари жуда ширин. Жуда кўп мамлакатларни кездим, лекин ўзбек таомлари каби мазалигини топмадим. Буни тан оламан. Чунки мен шу таомларни тановул қилиб катта бўлганман. Ўзбекистон доим қалбимда, ширин болалигим ўтган. Шогирдларим, дўстларим билан ҳар доим мулоқот қилиб тураман. Болалигимни эслайман. Сигир боққанларимиз, отим бор эди. Ҳайвонларга жуда қизиқаман. Умуман олганда зўр вақтларим ўтган. Ҳамма нарсамизни сотиб кетганмиз. Тўғриси афсусланаман. Яна қишлоққа қайтгим келади. Чунки шу ҳаётга ўрганганман. Тўғри, Туркияда ҳамма нарсам етарли, Анталияда яшайман. У-жой, машина, туристик шаҳар, денгиз барчаси бор, лекин ўша қишлоғимдаги завқ барибир бошқача…
- Ўзбекистонни Олимпиададаги натижаларидан хабарингиз борми?
- Албатта, нега кузатмас эканман. Ўзбекистон мени киндик қоним тўкилган юрт. Мени ватаним, доим қалбимда. Шундай экан қаттиқ мухлислик қилдим. Маза қилдим. Боксдан 5 та олтин олиш, умуман натижалар ажойиб. Жуда хурсанд бўлдим. Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг олимпиадачиларимизни қўллаб-қуватлашларини кўриб, қани армрестлинг ҳам Олимпиада спорт тури бўлсаю, ватанга қайтиб, Олимпиада чемпионлари чиқарсам, деган яхши ниятлар ҳам қилдим.
- Умуман Ўзбекистонлик мухлисларга қандай айтар сўзларингиз бор?
- Ўзбекистонда ҳалигача жуда кўп мухлисларим бор. Ёш армрестлингчилар сиз каби чемпион бўламан. Бунинг учун нима қилишим керак деб сўрашади. Қўлдан келганча маслаҳатлар бераман. Яна бир карра айтаман, эҳтимол Ўзбекистонга бутунлай қайтарман. Мақсадим, Ўзбекистонда армрестлингни кучайтириш. Очиғи, ўзим яшаган, катта бўлган ҳаётни соғиндим. Ўзбекистон халқига эса доимо соғлик ва саломатлик тилайман!
Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди.
Фикрлар