Суперлигада 8-турнинг ўзига хос 8 та жуфтлигига тайёрмисиз?
Бугун Суперлигада навбатдаги тур бошланади.
Бугун Суперлигада 8-турга старт берилади. 17-19 апрель кунлари давомида 8 та қарама-қаршиликка гувоҳ бўламиз. Албатта, марказий тўқнашувлар ҳам бор.
17 апрель
18:00. “Локомотив” – “Навбаҳор”
“Навбаҳор”ни бошқараётган Тимур Кападзе футболчи сифатида “Локомотив”да ҳам тўп сурганини билсангиз керак. У мураббий сифатида собиқ клубига қарши ҳаракат қилади. Кўринишидан жуда қизиқарли ўйин бўлади. Иккала жамоа ғалаба руҳида шаклланган дейишимиз мумкин. Ўйин голларга бой бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу билан бирга иккала жамоа устозлари тактикага алоҳида эътибор қаратишни яхши кўришади. Шундай экан, классик ўйин кўришимиз эҳтимоли юқори.
19:00. ОКМК – “Бухоро”
Ниҳоят, Миржалол Қосимов жамоаси ўтган турда омадсиз ўйинларига чек қўйиб ғалаба қозонишни уддалади. “Бухоро” жорий мавсумни анча тетик ва барқарор ўтказаётгани эътиборга молик бўлиб турибди. Бу ҳам ўзига яраша қизиқарли тўқнашувларга бой ўйин бўлиши кутилмоқда. Балки ўтган турдаги ғалабадан кейин энди Қосимов жамоаси ҳам шу руҳда давом этар, бунинг учун албатта Хомяков жамоаси мағлуб этилиши керак. Бироқ яхши биламизки, “Бухоро” олдинги “Бухоро” эмас!
20:15. “Сурхон” – “Қизилқум”
“Қизилқум”да вазият жиддий. Жамоа кетма-кет 4 турдан бери мағлубиятга учраб келмоқда. Шу боис навоийликлар устозининг курсиси қимирлаб қолган. Шунинг учун “Қизилқум” мағлубиятли серияга ушбу турда барҳам бериш учун бор куч ва имкониятини ишга солади. “Сурхон” Анвар Ғофуров қўл остига ўтгач, натижалар ижобий томонга ўзгара бошлади. Тўғри, ўтган турда мағлуб бўлишди ва Ғофуров “Сурхон” бошқарувида илк бор ютқазди. Шунга қарамай, умумий маънода унинг жамоаси яхши таассурот қолдиряпти. Ўйин иккала жамоа учун муҳим саналади. Имкониятлар эса тенг!
18 апрель.
18:00. “Нефтчи” – “Насаф”
Турнинг марказий ўйини! Бу сафарги жуфтликда “Нефтчи”нинг фаворитлик даражаси олдинги йилларга қараганда анча ўсган, буни тан олиш лозим. “Насаф” охирги иккита учрашувда 1:1 ўйнади. Бугунги кунда ўйин бўйича “Нефтчи” кучлироқ кўриняпти. Аммо “Насаф” ҳам ўз номи билан “Насаф”. У ердан етакчилар кетган бўлса-да, Рўзиқул Бердиев қолган ва у етакчиларга қарши жамоасини қандай тайёрлашни билади. Томошабоп ўйин бўлиши шубҳасиз.
19:00. “Машъал” – “Хоразм”
Чемпионатда биргина ғалаба нималигини билмай келаётган “Машъал” қолди. 7 та ўйин ва 7 та мағлубият. Шу ўйинлар давомида улар рақиблар дарвозасига бор-йўғи 2 та гол урган холос. Табиийки, “Машъал”га нисбатан “Хоразм” анча қизиқарли жамоа бўлиб кўринмоқда. Муборак клубининг руҳий ҳолати натижаларга яраша, албатта. “Хоразм” ўз ўйинини намойиш қила олса, уйга уч очко билан қайта олади.
20:15. “Пахтакор” – “Динамо”
Ўз олдига медаллар учун курашиш вазифаси қўйилган “Динамо” негадир ўзига ўхшамай қолди. Барқарорлик етишмаётгани натижаларидан шундоқ маълум. “Пахтакор” турнир пешқадами ва етакчилигини кўрсатяпти. “Шерлар” ўйини чиндан пешқадамга хос.
19 апрель.
16:00. “Сўғдиёна” – “Бунёдкор”
Ниҳоят, ўтган турга келиб Улуғбек Бақоев “Сўғдиёна” устози сифатида жорий йилдаги илк ғалабасига эришди. Ўз навбатида бу жиззахликларнинг ҳам ушбу мавсумдаги биринчи ғалабасига айланди. Яхши ўйин бўлади ва шу билан бирга ҳар иккала томонга ҳам қийин кечиши аниқ. “Бунёдкор” рақибга қараганда бироз тезкорроқ. “Сўғдиёна”да Дориев бор экан, албатта имкониятларга эга бўлади ва у жамоасининг энг хавфли ижрочиси.
18:15. “Қўқон-1912” – “Андижон”
Турни водий дербиси тўқнашуви якунлаб беради. “Андижон”да бош мураббий ўзгарганидан хабардорсиз. Самвел Бабаян истеъфога чиқди. Ўрнини вақтинча маҳаллий мутахассис Ислом Аҳмедов эгаллади ва у ёнига тажрибали Сергей Арслоновни жалб қилди. Уларнинг дебюти Қўқонда водий дербисига тўғри келмоқда. Бу ҳам ўзига яраша қизиқарли, ҳужумкор ўйинга айланади. Дерби ўз номига яраша шиддатли ва томошабоп ўтиши катта эҳтимол.

Изоҳлар (0)