Абдумавлон Абдужалилов: "Нефтчи" Суперлигада қолиши учун имкон бор

Дастлабки гуруҳ чемпионат медаллари учун кураш олиб борса, иккинчи олтиталик PEPSI Суперлигада жон сақлаб қолиш учун баҳс юритади. Жамоалар энди ўз гуруҳи доирасида уй-сафар тизимида жами 10 та учрашув ўтказишади.

“Нефтчи” жамоаси дарвозабони Абдумавлон Абдужалилов ПФЛ расмий сайтига биринчи босқич таассуротлари ҳамда янги бошланадиган босқичдан нималар кутаётгани ҳақида сўзлаб берди.

"PEPSI Суперлига баҳслари анча шиддатли тарзда кечяпти. Бунга биринчи босқичнинг деярли барча учрашувларида гувоҳ бўлдик. Жамоалар ҳар бир ўйинда имкон қадар очко йўқотмасликка уринишяпти. Бу йил рақобат ошгани чиндан билиняпти.

Ҳар бир учрашувнинг байрамона тарзда ташкил этилаётгани эса мухлисларни ҳам, футболчиларни ҳам қувонтиряпти. Зеро ўйиннинг кўпчилик диққат-марказида эканини кўриш ёқимли. Қолаверса, учрашувларнинг ТВ орқали намойиш этилаётганини ҳам мақташ керак. Агар ўйин ТВда намойиш этилса, майдонда юз бераётган воқеаларни барча кўради. Бу орқали шаффофлик ҳам таъминланади, ортиқча гап-сўзларга чек қўйилади.

Миллий чемпионатимизнинг Суперлигага айлантирилгани, ўйин атрофида амалга оширилаётган ташкилотчиликлар стадионларда мухлислар ташрифи ошишини таъминламоқда. Бу жуда ижобий ҳолат. Яқин йиллар ичида ушбу ўзгаришларнинг самараси яққол кўринади. Умуман олганда, Суперлига-2018нинг биринчи босқичидан ижобий таассуротлар қолди, дея оламан.

Фақатгина жамоамизнинг мусобақа жадвали қуйи поғонасини эгаллаб тургани кишини ҳафа қилмоқда. Тўғриси, жамоамиз сўнгги ўринни эгаллаб, кам очко жамғарган бўлса ҳам, аслида ўйинларни у қадар ёмон ўтказмадик. Кўпинча ўйинни дуранг билан якунладик. Биринчи босқич охирига келиб эса анча ўйинимиз қовуша бошлади.

Ана энди жамоалар икки гуруҳга ажратилади. Суперлигада қолиш учун курашадиган жамоалар очколарига эътибор қаратсак, биздан юқорироқда турган клублар билан ўртамиздаги фарқ у қадар катта эмас. Бу эса ҳали бизда ҳам хавфли зонадан узоқлашишга имконият етарли эканини англатади.

“Нефтчи” жамоаси иккинчи босқични юқори кайфиятда ўтказиб, ҳар бир учрашувда чиройли ўйин намойиш этишга, муҳим очколарни қўлга киритиб, мухлисларини хурсанд қилишга уринади. Мен ишонаман, “Нефтчи” ҳали бемалол хавфли зонани тарк этади ва мусобақа жадвалида юқорилайди, - деди маҳоратли дарвозабон.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!